Мураббийларни ўзгартириш кимга зарар ва кимга фойда? ёхуд Суперлигадаги истеъфолардан кейин натижалар сиз кутгандекми?

Хабарингиз бор, миллий терма жамоамизнинг Саудия Арабистонидаги ЖЧ иккинчи саралаш босқичининг якуний баҳслари ўтказилиши муносабати билан ички чемпионатимизда бироз танаффус юзага келган. Шу сабабли, эндиликда клублар ҳордиқдан кейин яна машғулотларга қайтдилар. Навбатдаги тур эса, июнь ойининг ўрталарида ўтказилади.

Суперлигадаги танаффус мураббийлар учун балки айни муддаодир. Масалан, АГМК, “Пахтакор”, “Насаф” каби халқаро майдонларда иштирок этган жамоалар тиғиз график асосида ўйинлар ўтказишгани сабабли ҳозирги танаффус уларнинг футболчиларига ҳордиқ чиқариш учун жуда асқотмоқда. Қолаверса, мураббийларга ҳам йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулосалар чиқаришга замин яратади.

Лекин ўтган 9 та тур давомида клубларда бош мураббийлар ўзгарганини ҳам биласиз. Бизни қизиқтиргани жамоаларда юз берган ушбу ўзгаришлар қандай самара беряпти? Бош мураббий янгиланиши ўша клубларга асқотяптими? Қуйида шу ҳақида бироз мушоҳада қиламиз.

“Навбаҳор”: “Нўъмон Ҳасанов/Виктор Жалилов

Аслини олсак, “Навбаҳор”да ишлаш мураббийлар учун оғир. Бу ерда аввало босим катта. Нима учун? Наманганлик мухлисларнинг юқори даражадаги қизиқишлари, доим ғалаба улар учун устиворлиги ва ҳар бир ўйинда жамоадан муваффақият кутишлари ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Ўтган йилнинг ярмидан Нўъмон Ҳасанов “Навбаҳор”да иш бошлаганини биласиз. Андрей Канчельскис кетгач, ўрнига вақтинча бош мураббийлик қила бошлади ва шу тариқа, ёмон натижа кўрсатмади. Оқибатда, бу йилги мавсумда ҳам унга ишонч билдирилганди. Бироқ мавсумдаги илк истеъфо Ҳасановники бўлди. У биринчи турда Наманганда “Сўғдиёна”га ютқазилгач, мухлисларнинг кескин норозилигидан кейин раҳбарият уни ва ёрдамчисини ишдан бўшатди. Ўрнига тажрибали Виктор Жалилов тайинланди. Иккинчи турдаёқ “Навбаҳор” Тошкентда “Локомотив”ни ютиб қайтди. Лекин унга ҳам жамоани бир текисда бошқариш осон кечмаяпти. Ўша ғалабадан кейин “Навбаҳор” кетма-кет бешта ўйинда ё дуранг, ё мағлубиятга учради. 8-турга келиб мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритдилар. Айни пайтда Жалилов жамоаси 10 очко билан ўзига ярашмаган 10-ўринни эгаллаб турибди. Эшитишимизга қараганда, биринчи даврадан кейин клубда яна қандайдир ўзгаришлар бўлиши мумкин. Қолганини вақт кўрсатади.

хасанов 222_1_1

“Металлург: Андрей Шипилов/Жасур Абдураимов

Шипилов билан юз берган вазият Ҳасановникига ўхшаш. “Металлург” илк турда Термизда “Сурхон”га ютқазганидан сўнг, Андрей Сергеевич жамоада кўринмай қолди. Иккинчи турда “Металлург” “Бунёдкор”ни ютди, аммо ўша учрашувга бекободликларни ёрдамчи мураббий Февзи Давлетов тайёрлади. Шундан кейин расман Шипиловнинг истеъфога чиқарилгани тасдиқланди. Уч йил давомида “Металлург”ни бошқарган Андрей Сергеевич шу тариқа, жорий мавсумнинг илк турларидан кейиноқ истеъфога чиқарилди. “Пахтакор”да узоқ йиллар ишлаган Жасур Абдураимов бош мураббийликка тайинлангач, ҳартугул натижалар ёмон эмас. Дарвоқе, ўз вақтида Шипилов ҳам “Металлург” клубига “Пахтакор”дан ўтган. Унгача “шерлар” сафида у жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаган.

Абдураимов жасур_1

Жасур Абдураимовнинг “Металлург”даги дебюти яхши чиқмади. Унинг бошчилигида клуб бирин-кетин “Машъал” ва “Пахтакор”га бир хил – 2:1 ҳисобида ютқазди. Шундан кейин ғалабалар кузатилди. Лекин натижалар турфа хил. Бир қарасак уйда ҳам, сафарда ҳам ютаётган бўлади. Яна бир қарасак, ўз уйида ютқазиб турган бўлади. Аммо мураббийи ўзгарган бошқа клублардаги натижалар билан солиштирганда Абдураимов “Металлург”да кўпроқ ғалабалар қозонди. Дарвоқе, биринчи даврадан кейин у бир қатор тажрибали футболчилар билан гаплашаётганини эшитдик.

“Андижон”: Отабек Ғуломхўжаев/Ёрқин Назаров

Ўтган йили катта қийинчилик билан Суперлигада жон сақлаб қолган “Андижон” бу йил ҳам яна аутсайдерлар орасида юрибди. Бу жамоада юз берган ўзгаришларни яхши биласиз. Ўтган йили чемпионат тугашига тўрт тур қолганида Отабек Ғуломхўжаев бош мураббийликка таклиф қилинди ва у плей-офф ўйини орқали жамоани элитада сақлаб қолди. Бу йил эса таркибни ўзи хоҳлагандек тузишга ҳаракат қилди. Аммо натижа барибир мухлис ва раҳбарларни хурсанд қилмаётганди. Унинг бошчилигида “Андижон” бир ғалаба, бир дуранг ва учта мағлубият қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубогида гуруҳ босқичида қолиб кетди. Хуллас, раҳбариятнинг қарори билан Ғуломхўжаевга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Унинг штабида ишлаган Ёрқин Назаров вақтинча “Андижон” устозига айланди. Бироқ жамоа ўйинида ва натижасида ижобийлик ўрнига аксинча ҳолат кузатиляпти. Назаров бош мураббийликда ишга киришганида “Андижон”нинг ўйини ўзгариши, ҳужумкорликка асосий эътибор қаратилиши айтилганди. Аммо унинг бошчилигидаги “бургутлар” кетма-кет учта ўйиндан бери мағлуб бўляпти. Балки жамоа ўйини ўзгаргандир, аммо футболда доим натижа қолади. Биздаги маълумотларга қараганда, клуб раҳбарлари янги мураббийлар билан музокараларга киришган ва катта эҳтимол билан биринчи даврадан кейин янги бош мураббий тайинланиши мумкин, агар воқеалар ривожи унгача тезлашиб кетмаса?!

назаров2_2

“Турон”: Ислом Исмоилов/Богуслав Баниак

Суперлигада биринчи марта қатнашаётган “Турон”ни сира омади юришмаяпти-да! Ҳолбуки, клубда ҳамма шароит бор, хусусий жамоа бўлганига қарамай, имконият кенг яратилган, таркиб ҳам бошқаларникига қараганда чакки эмас. Ёш мутахассис Ислом Исмоилов худди “Турон” сингари бу йилдан илк бор Суперлигада дебютини ўтказди. Бироқ ҳалигача бу жамоа ғалаба қозона олмади ва мусобақа жадвалида охирги ўринда. Биласиз, ўтган турда “Турон” ўз уйида “Қизилқум”га ютқазгач, Исмоилов истеъфога чиқди. Ўрнига польшалик Богуслав Баниак вақтинча ишлаб турибди. Бунга қадар у клуб тизимида фаолият юритаётганди. Ҳозирча Баниак бошчилигида “Турон” битта ўйин ўтказган бўлиб, сафарда “Сурхон” меҳмони бўлди яна мағлубиятга учради. Суперлига дебютанти қачон илк ғалабасини нишонлайди? 

ислом_5

Шунингдек, “Сурхон” клубида амалдаги бош мураббий Руфат Акрамхўжаев бир нечта ўйиндан бери кўриниш бермаяпти. Бунга унинг оилавий сабаблари борлиги айтилмоқда. Шунинг учун Баҳром Ҳайдаров жамоани вақтинча бошқариб турибди. 9-турда улар мавсумдаги иккинчи ғалабани “Турон” устидан тантана қилдилар. Ҳозирча Акрамхўжаев расман клубдан кетмаган. Биз асосан чемпионат бошлангач, юз берган истеъфолар ва ундан кейинги натижалар ҳақида тўхталдик. Балки бундай ўзгаришлар яна давом этар...   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!