"Muradov Professional League" турнирида Ҳумоюн Тўхтамуродов қандай рақибга қарши жанг қилади?

  • 3 декабрь, 2021, 20:16
  • 0
  • MMA

5 декабрь куни Андижон шаҳрида "Muradov Professional League"нинг иккинчи турнири ташкил этилади.

Мазкур жанг кечасининг асосий жангида Шоҳасан Мирзаматов бразилиялик Тиаго Оливейрага қарши октагонга кўтарилади.

Шунингдек, карддан яна бир қатор қизиқарли жанглар ўрин олган. Жумладан, 65.8 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Ҳумоюн Тўхтамуродов қозоғистонлик Нургали Мамбеталиевга қарши баҳс юритади.

Биз ушбу қарама-қаршилик борасида бироз тўхталиб ўтмоқчимиз.

Нургали Мамбеталиев...

Биламизки, Қозоғистонда аралаш жанг санъатлари анча яхши ривожланган ва бир канча йиллардан буён бу юртда қатор турнирлар ташкил қилиниб келади. Кўплаб промоушенлар фаолият юритади. Мисол учун, “Alash Pride”, “Oktagon” NFC каби промоушенлар анчагина нуфузли турнирлар ўтказиб келмоқда.

Ҳозирда, Шавкат Раҳмонов, Жалгас Жумагулов, Сергей Морозов кабилар UFCда фаолият олиб боради. Ўз вақтида Куат Хамитов, Арман Аспанов, Қайрат Аҳмедов ҳам турли промоушенларда яхши натижалар қайд этган. Демоқчиманки, Қозоғистонда Марказий Осиё миқиёсини оладиган бўлсак, ушбу йўналиш анчагина ривожланган. Шу нуқтаи назардан, ушбу юртдан ташриф буюрган жангчилар яхшигина савияга эга бўлади, десак янглишмаган бўламиз.

Нургали Мамбеталиев ҳам ўзига хос маҳоратга эга спортчи ҳисобланади. Расмий кўрсаткичларига эътибор қаратсак (агар, янгиланмаган бўлса), профессионал фаолияти мобайнида 2 та жанг ўтказган ва ҳар иккисида ғалаба қозонган. Ҳар иккисини ҳам муддатидан аввал якунлаган. Биттасида рақибини сабмишен эвазига мағлуб этган бўлса, яна бирида нокаут билан муваффақиятга эришган.

Мамбеталиевнинг кучли жиҳати дея, кураш ва греплингини айтиш мумкин. Бўйи 175 см.

хумош

Ҳумоюн Тўхтамуродов...

Ҳамюртимиз профессионал фаолиятида 5-жангини ўтказмоқда. Гарчи, баъзи кўрсаткичларни эълон қилиб борувчи сайтларда рекорди бошқача тарзда эътироф этилган бўлса-да, юртдошимизнинг фикрига кўра, ушбу натижада адашмовчилик юз берган. Аслида, рекорди 3-1 кўриниш олган.

Тўхтамуродовнинг кучли жиҳати “стойка”, деб бемалол айта оламиз. Жангларини кузата туриб, унинг узун қўллари ва оёқдаги кучли зарбалари рақибларини қийин ҳолатга тушириб қўйганлигига гувоҳ бўлганмиз.

Том маънода, услублар қарама-қаршилигини кўришимиз мумкин. Албатта, жанг мобайнида рақиб кўпроқ “тэйк-даун”ларни амалга ошишга ҳаракат қилиши турган гап. Бироқ, Тўхтамуродовда бу борада ҳам ҳимоя ёмон эмас. Бўй борасида ҳам 8 см устунлик ҳамюртимиз томонида.  

Шунингдек, рақиб асосан ҳаваскор турнирларда енгил вазн (70.3 кг) ва  ярим ўрта вазн (77.1 кг) тоифасида жанг олиб борган. Мазкур жанг ярим енгил вазн (65.8 кг) тоифасида ўтказилади.

Гарчи, бу нисбий тушунча бўлса-да, юртдошимизнинг бўй жиҳатдан устунлиги, қолаверса ўзининг вазн тоифасида октагонга кўтарилиши, рақиб эса анчагина вазн ташлаши каби кичик устунликлари бор. Қолаверса, ўз юртимизда октагонга кўтарилиши ҳам қўшимча куч-қувват бағишлайди.

Энг асосийси эса Ҳумоюн Тўхтамуродов истеъдодли вакилларимизда бири ва ўйлаймизки, у мазкур жангда ўзининг энг чиройли жангини ўтказиб, ғалаба қозонган ҳолда барча юртимиз ММА ихлосмандларини хурсанд қилади.

Бу борада унга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

240866762_384225126387161_2230127122330965661_n

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!