"Muradov_professional_Liga"сида бонуслар мавжудми ёхуд қандай номинациялар ўрин олган?
Маълумки, 22 октябрь куни пойтахтимизда UFC жангчиси Маҳмуд Мурадов томонидан асос солинган "Muradov_professional_Liga" промоушенининг илк турнири ташкил этилади. Мазкур промоушенда бир қатор юртимизнинг кўзга кўринган жангчилари билан бир қаторда хориждан таклиф этилган ММА усталари ҳам октагонга кўтарилади.
Албатта, ушбу промоушен жангчиларни қайси жиҳатлари билан ўзига тортган ва бу турнирда қандай қулайликлар мавжуд, деган савол туғилиши табиий. Биз бунга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур промоушеннинг масъул вакилларидан бири, истеъдодли мураббий Жасур Алижоновга бир қатор қизиқтирган саволларни йўлладик.
- Ушбу турнир файт-кардини танлашда қандай омиллар инобатга олинди?
- Биласизми, биринчи навбатда, юртимизда ўз ўрнига эга бўлган ва салоҳияти юқори жангчиларни таклиф қилдик. Шунингдек, хориждан ҳам ўзига хос рекорд эгалари билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилдик ва қайсидир маънода буни амалга ҳам оширдик. Жанглар юқори савияда бўлиши учун дебютантларга ҳам яхши кўрсаткичга эга бўлган рақибларни танлаганлигимизни ҳам айтиб ўтишимиз мумкин. Умуман олганда, бу бошланиши ва биз янада бу промоушенни ривожлантириш мақсадидамиз.
- Жангчиларга қандай шартнома таклиф қилдинглар? Демоқчиманки, дастлабки турнирдаёқ чемпионлик камарларини қўлга киритиш мумкинми?
- Баъзиларига битта, ўзимиз ишонган ва келажагидан умид қилганларимизга эса 4 та жанг учун шартнома таклиф қилдик. Ушбу турнирда ўзини кўрсата олган, битта жанг учун таклиф қилинганларга яна кўпроқ имконият берамиз. Тўғриси, чемпионлик камарлари учун жангларни 4 ёки 5 турнирларимизда кўришингиз мумкин.
- Одатда, ҳар битта промоушеннинг ўзига хос қонун қоидаси мавжуд бўлади. Мисол учун, Россиянинг ACA промоушенида апелляция бериши мумкин эмас. "Muradov_professional_Liga"да қандай?
- Очиғи, бу борада хозир менда аниқ маълумот йўқ.
- Айтингчи, ҳакамлик қандай бўлади? Эшитишимизга қараганда ҳакамлар хориждан ташриф буюришар экан?
- Албатта, "Bellator", ACA каби промоушенларда фаолият юритаётган тажрибали мутахассисларни таклиф этганмиз?
- Улар орасида машҳурларидан кимларни айта оласиз?
- Бу борада ҳам тўлиқ маълумотга эга эмасман. Лекин бунга тез орада ойдинлик киритилади.
- Яна бир қизиқарли жиҳат, ушбу турнирда бонуслар мавжудми?
- Албатта, "Энг чиройли нокаут" ва "Энг яхши жангчи" номинацияларига бонус ажратилади.
- Бонус миқдори аниқми?
- Бонус борлиги маълум. Бироқ миқдор борасида шошилмаган бўлардим. Албатта, бунга жавобгар шахслар буни яхши билади.
- Маълумотлар учун ташаккур ва ўз ўрнида турнирни ажойиб тарзда ташкил қиласизлар, деган умиддамиз!
- Эътибор учун катта раҳмат ва барча мухлсиларни 22 октябрь куни кутиб қоламиз!
Фикрлар