"Муваффақиятсизлигимизнинг сабабини билганимда Суперлигадан тушиб кетмасдик". "Қўқон-1912"га нима бўлди? Жамоа аъзосидан муносабат

“Қўқон-1912” жамоаси учун “Мавсум-2022” кўнгилдагидек кечмади. Гарчи клуб харчанд уринмасин барибир Суперлигадаги ўрнини сақлаб қола олмади.

Охирги турда Самарқандда “Динамо”га ютқазиб қўйгани эвазига қўқонликлар 13-ўринга тушиб қолди. Бир қарашда жамоа ўйинини кўриб сира Суперлигани тарк этадиганга ўхшамасди. Лекин тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Жамоа аъзоларидан бири Сардор Азимовдан муваффақиятсизлик ҳақида сўраганимизда шундай деди:

“Муваффақиятсизлигимизнинг сабабини билганимда Суперлигага тушиб кетмаган бўлардик. Қанийди, бунинг сабабини билсам эди, “Қўқон-1912” элитани тарк этиш тугул, ҳаттоки юқори ўринларда юрган бўларди. Ўзимиз ҳам нега бундай бўлганини билмаймиз. Жамоамизда Суперлигадан тушиб кетадиган даражадаги номлар ҳам йўқ эди. Таркибга қарасангиз, ўзига яраша номдор, танилган футболчилар бор. Афсуски, шунда ҳам про лигага тушиб кетдик. Нима ҳам дердик, шундай бўлиши керак экан, табиийки, жуда ачинарли. Қайсидир учрашувларда жуда алам қиладиган голларни ўтказиб юбордик. Айниқса, 90-дақиқалардан кейин қўйиб юбордик. “Насаф”, “Сурхон” каби жамоалар билан учрашувларда шундай бўлди”, - дейди футболчи.

АЗИМОВ1

Вазиятга ечим топиш мақсадида чемпионат давомида клубда ўзгаришлар ҳам бўлиб турди. Масалан, бош мураббий Бахтиёр Ашурматов ўрнига ёрдамчиси Даврон Файзиев тайинланди. Мавсумнинг иккинчи ярмидаги ушбу ўзгариш ҳам клубга наф бермади.

“Даврон ака Файзиев ҳам, Бахтиёр ака Ашурматов ҳам жамоага бирга келишган, - дея мавзуни давом эттирди, Азимов. - “Қўқон-1912” жамоасининг ҳолатини яхши билишади. Даврон ака Файзиев Ашурматовдан кейин жамоани бошқаришга киришганида ҳам вазиятни биларди. Негаки, улар бирга ишлашган. Клубдаги барча қўлидан келганича вазиятни яхшилашга ҳаракат қилди. Лекин бўлмади. Ҳеч ким қараб тургани йўқ, барча керак бўлса қўлидан келадиганини ортиғи билан ҳам қилишди, афсуски, барибир ўхшамади”.

АЗИМОВ

Жамоа учун оғриқли ўйинлар кўп бўлди. Чунки очколар йўқотилиши анча бисёр эди. Шу боис ҳам етарли даражада очколар жамғарилмади. Азимовдан энг аламли ўйин ҳақида ҳам сўрадик.

“Аламли ўйинлар кўп бўлди. Ўзим учун “Сурхон” билан “Насаф”га қарши учрашувларни айтган бўларди. Боя бежизга тўхталмадим. Охирги дақиқаларда жуда аламли голларни ўтказиб юбордик. Ундан кўра, учрашув бошларида ўтказиб юборсак ҳам унчалик билинмасди. 90+4-дақиқада дарвозамиздан гол ўтказиш жуда оғир бўлди. Керакли очколарни йўқотдик”.

“Қўқон-1912” клубнинг про лигага равона бўлганидан кейин жамоада яна ўзгаришлар кузатилиши табиий. Футболчиларнинг эса шартномалари тугаб бормоқда.

“Қўқон-1912” билан шартномам тугади. Катта эҳтимол билан ушбу жамоада ўтказган уч йиллик фаолиятим тугади. Лекин қаерга кетишим ҳали аниқ эмас. Бошқа вариантларни кўриб чиқаман”, - деди Сардор Азимов.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
18/11/2022 11:18
Муваккиятсизликни сабаби аник! Чин дилдан харакат килмаслик, хохишни йуклиги, мутахассис булмаганларни маъсул лавозимга утириши, жавобгарликни хис килмаслик. Агарда сабабини билмасангиз, бу сохада нима "еб" юрибсанлар? Бошка иш билан шугуллан! Олган маошингни халоллаб юрсанг булмайди-ми?