"Музокаралар бир ойдан кўпроқ вақт давом этди" - Бахтиёр Ашурматов "Турон"га зўр ҳужумчини олиб келмоқчи
Бир йиллик танаффусдан сўнг про лигандан яна Суперлигага йўл олган “Турон” клуби ҳам “Мавсум-2023”га жиддий тайёрланяпти. Элитада иккинчи бор иштирок этадиган жамоа олдинги хатоларни такрорламаслик учун энди янада жиддийроқ ҳаракат қила бошлади.
Эшитаётган бўлсангиз керак, “Турон” клуби селекция ишларини режасига биноан давом эттирмоқда. Бир қанча футболчилар билан келишувларга эришди, уларнинг орасида легионерлар ҳам бор.
Жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов Sports.uz сайти учун “Турон”нинг мавсумлар оралиғидаги тайёргарлик режалари қандай давом этаётгани ва селекция хусусида гапирди.
- Бахтиёр Аъзамович, “Турон” декабрь ойидаёқ жиддий трансферларни амалга оширди. Анча енгил тортдингизми? Ёки яна хавотирли ҳолатдамисиз?
- Тўғри, биз декабрь ойида бир нечта яхши савиядаги футболчилар билан келишувга эришдик. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. Айрим позицияларни кучайтиришимиз керак. Чунки про лигадан чиққан жамоа учун биринчи мавсум мураккаб кечади. Шу сабабли бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Биз ўтган йили мураккаб вазиятда характер кўрсатган ва “Турон”нинг Суперлигага чиқиши йўлида қаттиқ меҳнат қилган футболчиларни таркибда олиб қолдик. “Турон”ни янада рақобатбардош жамоага айлантириш учун ўтган йили сафимизда бўлган футболчилар қаторига яхши савиядаги ўйинчиларни қўшиб, яхши жамоа тузишимиз керак. Худо хоҳласа, раҳбарларимизнинг кўмаги ҳамда мураббийларнинг меҳнати билан яхши жамоа тузишга ишониб қоламиз.
- Тайёргарлик режаси қандай давом этяпти?
- 4 январдан 23 январгача ўз базамизда тайёргарлик кўрамиз. 3 кунлик дамдан кейин 27 январь куни Худо хоҳласа Туркия йиғинига жўнаб кетамиз. У ерда икки ҳафта давомида бўламиз. Кейин тайёргарликни Тошкент ва Яйпанда олиб борамиз. Бу йиғинларда бир нечта жамоалар билан ўртоқлик учрашувида қатнашамиз.
- Шартнома имзоланган футболчилар орасида қайси бири билан келишиш мураккаброқ кечди?
- Шартнома имзоланган футболчилар орасида энг мураккаби сербиялик ярим ҳимоячи Душан Стоилкович билан қийин бўлди. Бир ойдан кўп вақт давомида музокаралар давом этди. Кўп футболчилар билан музокараларда футболчиларнинг “Турон”да ўйнаш хоҳиши борлиги асосий факторлардан бири бўлди. Шу сабабли бу футболчиларимизга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман. Бу ерда “Турон” жамоасининг, “Турон” раҳбариятининг охирги йилларда қилган меҳнатининг самараси кўринди. Чунки “Турон” охирги пайтларда фақат яхши ишлари, тўғри ишлаши билан жамоадаги ажойиб муҳит орқали ҳаммада яхши таассурот қолдиряпти. Худо хоҳласа, жамоа нуфузини бундан-да, юқорига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
- Жамоа яна нечта ўйинчи билан шартнома имзоламоқчи ва айнан қайси ўйинчилар билан келишувларга эришилмоқда?
- Ҳозирги ҳолатда биз яна иккита позицияни кучайтирмоқчимиз. Яхши савиядаги яна бир ҳужумчини қўшиб олмоқчимиз. Бир нечта ҳужумчилар билан музокара ўтказяпмиз. Агар марказий ҳимоя ва ўнг қанот ҳимояда бир хилда ўйнайдиган ҳимоячи топсак жамоамизда рақобат янада кучаярди.
- Легионерлар масаласида ҳам сўрамоқчи эдим. Хорижлик футболчиларга ҳам қизиқиш билдиряпсизми?
- Ҳозирча жамоамиз грузиялик марказий ҳимоячи Анри Чичинадзе ва сербиялик ярим ҳимоячи Душан Стоилкович билан шартнома имзолади. Сафимизга яна бир яхши савиядаги легионер марказий ҳужумчини қўшиб олмоқчимиз.
- Азим Аҳмедов трансфери ҳақида фикрингиз? У жамоани асосий фигураси бўладими?
- Азим Аҳмедовнинг жамоамизга ўтиши катта фойда бўлади, деган фикрдаман. Азим яхши савиядаги футболчи ва унинг етакчилик хусусияти бор. Азим Аҳмедов ўйнашга чанқоқ ҳолда келди. Худо хоҳласа, Азим охирги йиллардаги энг яхши мавсумларидан бирини ўтказади, деб ўйлайман ва унга ишонаман. Азим Аҳмедов яхши футболчи ва яхши инсон. Биз Азимнинг кучли томонларидан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар