"Наполи"даги кичик инқироз!
2023 йилнинг ёзида "Наполи"га бош мураббий бўлган Руди Гарсия ўз лавозимидан озод қилинди. Унинг Неаполда ўтказган 5 ойи давомида клуб А Серияда пешқадамлик учун курашиш ўрнига 4-ўринда юрибди. Камига 1-ўриндаги "Интер"дан 10 очко ортда. Ўтган йилга қараганда клуб ҳар томонлама пастлаган. Демак, мураббий танлашда хато қилинган, ёки бунга бошқа сабаб бўлиши ҳам мумкинми? Ўзи "Ан-Насср"да муваффақиятсизликка учраган мураббий билан қандай қилиб шартнома имзолангани ҳам қизиқ. Де Лаурентис Гарсиянинг нимасига ишонганки, Спаллетти давомчиси сифатида кўрган ва энди нимага охиригача ишонч билдирмай, чиқиш эшикларини кўрсатди? Саволлар кўп, келинг, уларга жавоб излаб кўрамиз.
Спалеттининг "Наполи"даги фаолияти
2021 йилда икки йиллик фаолиятидан кейин Женнаро Гаттузо "Наполи"дан кетди ва унинг ўрнини Лучано Спалетти эгаллади. Дастлабки мавсумида клуб Италия кубиги соҳибига айланди, А Серияда 3-ўринни қўлга киритиб, яна Чемпионлар лигасига қайтди. 2022 йилнинг ёзида "Наполи"ни бир қатор муҳим футболчилар тарк этади. Калиду Кулибали, Фабиан Луис, Дрис Мертенс, Лоренцо Инсиньелар бошқа жамоага кўчиб ўтди. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун эса Хвича Кварацхелия, Жованни Симеоне, Ким Мин Жэ ва Жакомо Распадори каби футболчилар билан шартнома имзоланади. Мазкур ўйинчилар 33 йилдан кейин яна "Наполи"ни скудеттони ютишига катта ёрдам беришди ҳам. Айнан мана шу совринни қўлга киритганидан кейин раҳбарият Спаллетини қолишига ишонади ва у билан тузилган шартномани яна 1 йилга узайтириш бандини фаоллаштирди. Аммо кутилмаганда Лучано "Наполи"ни тарк этиб, истеъфога чиқади. Кўп манбаларда бунга асосий сабаб мураббийнинг дам олишни истаётгани важ қилиб кўрсатилган, айримлари раҳбарият билан кичик келишмовчилик бўлганини ҳам таъкидлайди. Энг қизиғи, дам олишни истаган Спаллети орадан кўп ўтмай Италия терма жамоасига бош мураббий сифатида иш бошлади...
Янги мураббийни тайинлаш
2023 йилнинг ёзида "Наполи" бир қатор мураббийлар билан музокаралар олиб борди, Луис Энрике, Юлиан Нагельсманн, Антонио Конте, Де Зерби каби мутахассилар турганда клуб Саудиядан ҳайдалган мураббий билан ҳамкорлик қилди ва бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди.
1) Де Лаурентис мураббий танлашда биринчи навбатда унинг фаолиятига эътибор берган, яъни у Италияда ишлаган, Италия футболидан хабари бор инсонни ишга олишни истаган. Ўз ўзидан Нагельсманн ва Энрике вариантлари чиқиб кетади.
2) Де Лаурентис 4-3-3 тактикасидан фойдаланадиган мутахассис билан шартнома имзоламоқчи эди. Сабаби, Спалетти ҳам айнан шу схемадан фойдаланган ва футболчиларни тактик алмашинув натижасида ўз даражасидан тушиб қолишини хоҳламаган. Бу эса Конте вариантини рўйхатдан ўчириб юборади.
3) Де Ларентуснинг қарор чиқаришида Карло Вердоненинг ҳам ёрдами катта бўлди. Бу инсон италиялик машҳур продюсер ва Ларентуснинг яқин дўсти. Шу билан бирга, "Рома" мухлиси. Руди Гарсия Римдаги дастлабки икки мавсумида мухлисларининг кўнглидан жой олган. Унинг қўл остида "Рома" узоқ йиллардан кейин Чемпионлар лигасига қайтган ва А Серияда "Ювентус"га яхшигина қаршилик кўрсата олган. Тақдирни қарангки, натижалар ёмонлашгач, раҳбарият уни бўшатиб, ўрнига Спалеттини олиб келган. Хуллас Карло Ларентусга Гарсияни "Наполи"га устозлик қилили борасида маслаҳат берган ва қарор қабул қилинган.
Зиддиятлар
Руди Гарсия даврида "Наполи"нинг бир нечта футболчилари билан мураббий зиддиятга боришга ҳам улгурди. Мисол учун, "Болонья"га қарши 0:0 ҳисоби билан тугаган ўйинда Осимхен пенальтидан гол ура олмади ва ўйин сўнггидан алмаштирилди. Бунга эса ҳужумчи жиддий реакция билдириб, Рудидан норози эканлигини яшириб ўтирмади. Шу билан бирга, француз Хвича, Политано каби футболчилар билан ҳам чиқиша олмаган пайтлар бўлди.
Нуқта
Сўнгги пайтларда Гарсия катта босим остида қолиб кетди. А Сериядаги ўринку майли, уни тиклаб олиш имконияти йўқ эмас. Бироқ, жамоанинг Чемпионлар лигасида ҳам ишлари яхши эмас эди. "Реал" билан бир гуруҳдан жой олган неаполликлар, сўнгги турда кетма-кет 12 та ўйиндан бери фақат мағлубиятга учраб келаётган "Унион Берлин" билан дуранг ўйнади. Плей-офф масаласини ҳал қилиб қўйиш керак бўлганда буни ҳам эплай олишмади. А Сериянинг 12-турида 4-2-3-1 схемасида ўйинни бошлашга қарор қилган Гарсия Кварацхелия ва Зелинскиларни захирада қолдирди. Ўйиннинг 91-дақиқасида эса меҳмонлар таркибидан Коваленко Мерет дарвозасини ишғол қилиб кетди. Бу Рудининг "Наполи"даги фаолиятига нуқта эди.
Яна янги мураббий...
Умуман олганда, Гарсияни "Наполи"да муваффақиятга эришиши қийин эди. Сабаби, ўтган мавсумги ўйинлари билан шов-шув кўтарган Спалеттини қилган ишларини давом эттиришнинг ўзи бўлмайди, яна у Саудияда юрган пайти футбол ҳам ўзгармоқда. Хўп, французнинг Неаполга ташрифи хато бўлди, лекин бу хатони Де Лаурентис қилди ва ўз мухлислари олдида оброси тушди. Президент эса хатосини тўғирлаш учун Вальтер Мадзаррига мурожаат қилди.
Мураббий бундан олдин "Наполи"ни 2009-2013 йилги мавсумлар давомида бошқарган. Мадзаррининг фаолиятидаги энг оҳирги яхши хотиралари ҳам ушбу йиллар бўлган. У клубга келмасидан олодинги мавсумда "Наполи" А Серияда 12-ўринда эди. Вальтер қўл остида жамоа дастлаб 6, кейин 5 ва сўнгги мавсумида 2-ўрингача чиқа олди. Аммо 2013 йилда у "Наполи"ни тарк этиб "Интер"да иш бошлади ва шундан бери "кетмони учмаяпти". "Интер"даги муваффақиятсизликдан кейин "Уотфорд", "Кальяри" клубларида ишлади, нисбатан "Торино"да узоқроқ қолишга эришган. Сўнгги марта 2022 йилда "Кальяри"дан бўшатилган.
Фикрлар