"Насаф" ўз уйида "Андижон"га охирги марта қачон ютқазган?

Ниҳоят, “Мавсум-2023” ҳам остонамизда турибди. Мухлислар соғинган кунлар яқин. “Андижон” Суперлиганинг биринчи турида сафарда “Насаф” билан ўйнайди. Яна кучлилар орасига қайтган “Бургутлар”ни олдинда муҳим учрашув кутяпти.

Иккала рақиб бир-бири учун эски танишлар. Уларнинг чемпионатдаги ўйинлар тарихи 1997 йилдан бошланган. Илк тўқнашувда дарвозалар дахлсиз қолганди. Хуллас, шу пайтгача “Насаф” – “Андижон” жамоалари чемпионат доирасида расмий равишда 42 та ўйинда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар тарихидаги устунлик “Насаф” жамоасида. Чунки улар 27 та учрашувда ғолиб бўлган. “Андижон”нинг 6 та беллашувда қўли баланд келган. 9 та учрашувда ғолиб аниқланмаган. Тўплар нисбатига келсак, табиийки, кўпроқ ғалаба қозонган “Насаф” шунга яраша гол урган - 94 та гол. "Андижон" эса рақиб дарвозасига 48 та тўп киритган.

Мазкур клублар охирги марта 2021 йили тўқнаш келишган. “Насаф” ўз уйида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, “Андижон” ўз майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. "Бургутлар" “Насаф”ни охирги бор 2019 йилги мавсумда мағлуб этган. Ўшанда Андижондаги баҳсда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. 

Статистикага қарайдиган бўлсак, “Андижон” Қаршида охирги бор 2007 йилда очко билан қайтган. Ўшанда ”Насаф” майдонидаги учрашувда жанговар дуранг қайд этилган – 4:4. Шунингдек, 1999 йилда “Андижон” сафарда ушбу рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамиз, "Насаф" - "Андижон" учрашувида Қаршидаги "Марказий" стадионда соат 16:30 да бошланади.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!