"Насаф"нинг бугунги рақиби қандай кучга эга?

“Насаф“ ОЧЛ охирги турида Иорданиянинг “Ал-Веҳдат“ жамоасига қарши ҳаёт-мамот жангида иштирок этади. Ушбу ўйиндаги ғалаба икки жамоа учун ҳам ўта муҳим.

Биз “аждарлар“ ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Унинг тарихи, ўтмишда қайд этган натижалари, ҳозирги даражаси ва шу каби нарсалардан яхшигина хабардормиз. Бироқ рақиб “Ал-Веҳдат“ ҳақида нималарни биламиз? Бу клуб ички ва халқаро майдонда қандай мавқега эга? Таркибда қандай футболчилар ҳаракатланади? Клубнинг тарихи ҳақида қандай маълумотлар бор? Шу ҳақда SPORTS.uz мухбири Шоҳрух Зоиров қуйида батафсил тўхталиб ўтади.

Клуб тарихи

"Ал-Веҳдат" жамоаси 1956 йилда ташкил топган. Ўшанда жамоа номи "Al-Wehdat Youth Center", яъни "Ал-Веҳдат Ёшлар Маркази" дея номланган. 1974 йил клуб номи "Ал-Веҳдат Спорт Клуб"га ўзгартирилган. Шунингдек, 1986-1989 йиллар оралиғида бу жамоа "Ал-Диффатен Спорт Клуб" номи остида мусобақаларда иштирок этган.

Амман шаҳридаги фаластинлик қочқинлар учун мўлжалланган "Амман янги лагери" клубнинг илк қароргоҳи саналади.

"Ал-Веҳдат" ҳисобида 51 маҳаллий соврин мавжуд. 11 маротаба жамоа ОФК мусобақаларида кўриниш берган. Бироқ ҳали биронта соврин қўлга киритилмаган.

Қайд этилган юқори натижалар

"Ал-Веҳдат" охирги 15 йил Иордания футболида яққол гегемонлик қилиб келаётган жамоа ҳисобланади. 2005-2020 йиллар мобайнида клуб 10 марта мамлакатнинг тенгсиз жамоаси, деб топилган. Шу билан бир қаторда, "Ал-Веҳдат" Иорданиядаги барча мусобақаларда бир мавсум ичида ғолиб бўлган ягона футбол клуб ҳисобланади. Амманликлар 2008-2009 ва 2010-2011 йилги мавсумда 4 турнир (Иордания лигаси, мамлакат кубоги, суперкубоги ҳамда Иордания Қалқон кубоги)да зафар қучган.

Шу сабабли, мухлислар томонидан клуб қўлга киритган кўплаб маҳаллий совринлардан сўнг жамоага "яшил гигантлар" дея лақаб берилган.

Ҳозирги ҳолати

"Ал-Веҳдат" айни пайт бор эътиборини ОЧЛга қаратган. Жамоа ички чемпионат старт олганидан буён ҳали бирорта ўйин ўтказгани йўқ. Сабаб сифатида Саудияда ўтаётган Осиёнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида иштирок этаётганини кўрсатсак тўғри бўлади.

Ўтган йилги чемпионатда клуб 22 баҳсда 47 очко тўплаган ҳолда, 2-ўринни эгаллаб ОЧЛга йўл олган. Қизиғи, чемпионликни қўлга киритган "Ал-Рамта" ҳисобида ҳам 47 очко мавжуд эди. Бироқ ўзаро учрашувлардаги мағлубият туфайли амманликлар чемпионатни бой берганди.

"Яшил гигантлар"нинг рейтингларда эгаллаган поғоналарига эътибор берсак, ҳозирги кунда улар Иорданиянинг энг кучли жамоаси эканлиги кўзга ташланади. 1407 очко тўплаган "Ал-Веҳдат" жаҳон клублари рейтингида 622-ўринни банд этган. Осиё қитъасида 51-ўринда, Иорданияда эса етакчи дея эътироф этилган.

Раҳбарият, мураббий ва футболчилар ҳақида

Клуб раҳбари айни пайтда Башар Ал-Ҳавамдеҳ саналади. Вице-президент сифатида Ғасаб Ҳалил иш олиб боради. Жамоа директорлар кенгаши аъзолари қаторида Зияд Шелбайеҳ, Абдулраҳмон Ал-Нажмар, Авад Ал-Асмар, Басам Шелбайеҳ, Зайд Абу Ҳумайд ва яна 4 нафар вакил борлиги қайд этилган.

"Ал-Веҳдат" бош мураббийи Райед Ассаф ҳисобланади. Унга ёрдамчи сифатида Рафат Али кўрсатилган. У билан бир қаторда мураббийлар штабидан дарвозабонларга жавобгар Рашед Ал-Нажар, жисмоний ҳолатга масъул Эммануэль Сиралво, техник мутахассис Рафат Ал-Алами ўрин олган.

Таркибдаги футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, "Ал-Веҳдат" учта легионер ҳизматидан фойдаланади. Биринчиси аргентиналик Матьяс Кастро, қолган иккитаси ганалик Муҳаммад Анас ҳамда камерунлик Кларенс Битанг. Қолган 26 жамоа аъзолари маҳаллий футболчилар саналади. "Яшил гигантлар" сардори Муҳаммад Ал-Дамири. У йўқлигида унинг ўрнини вице-капитан Аҳмад Элиас эгаллайди.

Кўриниб турибди, рақиб ҳам осонликча ютқазиб қўядиганлардан эмас. Гарчи айни пайт "Насаф" жой олган гуруҳда Райед Ассаф шогирдлари 3-ўринда кетаётган бўлсада, уларда ҳали имконият сақланиб турибди. Агар иорданияликлар вакилларимизни 2:0дан йирикроқ ҳисобда мағлуб этса, ўзаро беллашувда қайд этилган яхшироқ кўрсаткич сабаб "Насаф"дан 2-ўринни тортиб олади. Дуранг натижа Амман клубини ҳеч қанақасига қониқтирмайди. Бу орқали жамоа плей-оффга чиқиш тугул ҳатто, эгаллаб турган 3-ўрнини ҳам "Ал-Садд"га бой бериб қўйиши мумкин. Табиийки, мағлубият ҳеч қанақасига Иордания вице-чемпионларига фойда келтирмайди.

 

Википедия маълумотлари асосида Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!