"Насаф"нинг ярим финалдаги рақибини таҳлил қиламиз!
Хабарингиз бор, 20 октябрь санасида ОФК кубогининг ярим финал баҳсида "Насаф" ўз уйида Гонконгнинг "Ли Ман" клуби билан куч синашади. Учрашув олдидан рақиб жамоа ўйин услуби, таркиби ва кучли томонлари нимада эканлиги билан қизиқдик. Ушбу баҳсда "Насаф"га нима ёрдам бериши мумкин, деган саволга жавоб излаб кўрдик.
Жамоа ҳақида қисқача:
"Lee & Man Paper" компанияси 2016-2017 йилги мавсумда мамлакатнинг энг кучли клуби "Рейнжерс"га ҳомийлик қилди. Бир йилдан сўнг, бренд Гонконг лигасида тўп суришга қодир янги клубга асос солди. Шу тариқа, 2017 йилда "Ли Ман" жамоаси пайдо бўлди. Компания ўз клуби тўғридан-тўғри Олий лигада тўп суриши учун футбол федерациясига 1 миллион Гонконг доллари миқдорида бадал пули тўлашдан қочгани йўқ. Жамоа тузилгач, раҳбарият собиқ футболчи Фунг Ки Кани жамоа бош мураббийи этиб тайинлади. Унинг бошқарувидаги дебют мавсумда клуб финишга 8-ўринда етиб келди. 2018 йилнинг 21 май санасида эса, "Ли Ман" жамоаси постига ўз ўйин фалсафасига эга мутахассис Чан Хиу Мин таклиф этилди.
Унинг қўл устида клуб шу кунга қадар ягона бўлиб турган мамлакат кубогидаги олтин медалларга эга чиқди. Мутахассис маҳаллий футболчилар ва кучли легионердан яхши жамоа тузишга муваффақ бўлгани таҳсинга сазовор. Бугунги кунда "Ли Ман" мамлакатнинг энг кучли 5 жамоасидан бири саналади.
Ўйин услуби
Жамоавий ўйин жуда яхши йўлга қўйилган. Тезкорлик аъло даражада. Ўйин схемаси 4-2-3-1. Аммо ҳужумга ўтиш чоғида бу 4-3-3 га айланиб кетади. Қайсидир маънода, бу "Насаф"нинг услуби билан ўхшаш. Чан тезкор футболни тарғиб этишни хуш кўради. Айниқса, қарши ҳужумларда "Ли Ман" жуда хавфли. Шунингдек, жамоа эрта прессингдан унумли фойдаланади. Араб ва Марказий Осиё клубларидан фарқли ўлароқ, ўз дарвозаси олдида автобусни жойлаштирмайди. Барча аспкетларда замонавий футболдаги трендлардан фойдаланишга уринади. Тўғри, маҳаллий футболчиларнинг маҳорати баъзан панд бериб қўяди, аммо сифатли легионерларнинг таркибда етарлича эканлиги бу бўшлиқни тўлдиришга қодир. Шарқий Осиё минтақасига хос бўлган тез фикрлашни "Ли Ман" ижросида бир нечта ўйинда кузатдим. Тўпнинг майда паслар билан рақиб дарвозаси олдига катта тезликда етиб келишини, асосан, хорижлик футболчилар таъминлаб беради.
Ўйин легионерлар атрофида қурилган. Уларсиз клуб ўз даражасидан бир неча баробар пастроқ ҳаракат қилади. Келинг, жамоа даражасини белгилаб берувчи легионерлар билан таништириб ўтамиз:
Жонатан Акоста - Аргентина, 34 ёш
Классик 10-рақам эгаси. Майдон марказида турганича, жамоа ҳужумларига темп қўшади. Ҳужумни қанотларга кўчириш, керакли чоғда жарима майдончаси ичида бўлиш ва сўнгги пасларда беназир. У "Ли Ман"нинг мажозий маънодаги "ақли", десак, адашмаган бўламиз.
Гил - Бразилия, 30 ёш
Соф бразилиялик вингер. Керак бўлса, бемалол марказий ҳужумчи вазифасини ҳам ўтаб беришга қодир. Тезлиги жуда ҳам баланд. Айнан у жамоанинг энг қиммат футболчиси саналади ("Transfermarkt" портали уни 400 минг еврога баҳолаган). Техникаси кучли бўлибгина қолмай, комбинацияларда бўшлиқ яратиш мақсадида тўпсиз яхши ҳаракат қилади.
Ким Син Ёнг - Жанубий Корея, 36 ёш
99-рақамда ҳаракат қилишига эътибор қаратманг! У клубнинг энг тажрибали футболчиларидан бири. Тезлиги баланд эмас, аммо майдонни тўлиқ кўра олади. Зарба яхши йўлга қўйилган. Шу боис, стандартларнинг барчасини айнан у ижро этиб беради. 36 ёш бўлгани боис, мураббий уни кўпинча бир бўлим майдонда тўп суриши учун имкон яратади. Катта эҳтимол билан, Қаршидаги "Марказий" аренасига йиғилган мухлислар жанубий кореялик футболчининг ҳаракатларини томоша қилиши мумкин.
Фернандо Реcио - Маҳаллийлаштирилган ипсан, 38 ёш
Жамоа сардори ва чинакам етакчи! Ресио 10 йилдан бери Гонконг Премьер-лигасида тўп сурмоқда. Бўйи баланд бўлгани туфайли, биринчи тўп учун курашда жуда фаол. Иккинчи қаватда "Ли Ман"нинг асосий қуроли. Стандарт вазиятларда у рақиб жарима майдончаси ичида бўлишга ўрганган. Шунга қарамай, тезлиги жуда паст. Шу боис, мураббий марказий ҳимояда доимо у билан тезкор маҳаллий ҳимоячиларни тандемда майдонга туширади. Жамоа сардори тез орада ёрдамчи мураббий сифатида клубда иш бошлаши кутилмоқда.
"Ли Ман"нинг кучли томони
Жисмоний тайёргарлик борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳиндистон клубидан фарқли ўлароқ, жамоа 90 дақиқа бемалол прессинг намойиш этиши мумкин. Асосий кучи вингерлар. Айнан улар қанот орқали ҳужумларни кескин кўриниш олишини таъминлаб беради. Бундан ташқари, марказий ярим ҳимоячиларнинг ҳам ўйинга таъсири катта. Улар керакли паллада олдинроқ сурилиб, ҳимояни майдон марказига қадар чиқиб келишини таъминлайди. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, катта урғу легионерларга берилади. Майдоннинг барча қисмида ишнинг катта қисмини хорижликлар амалга оширади: мудофаа - Ресио, ярим ҳимоя - Акоста, ҳужум - Гил.
Кучсиз томони
Футбол жамоасида 11 спортчи бўлиши керак. Шу боис, "Ли Ман" фақат легионерларига суяна олмайди. Маҳаллий футболчиларнинг савияси ҳақида ортиқча таъриф беришга ҳожат йўқ. Ортда қолган мавсумда клуб ички биринчиликда 4-поғонани банд этди. 8 клуб иштирок этадиган лигада бу натижани аъло, деб бўлмайди. Мамлакатда биринчи рақамли жамоа бир неча йиллардан бери "Китчи" бўлиб келмоқда. Қаршида меҳмон бўладиган "Ли Ман" таркибида терма жамоадан чақирув олган футболчилар саноқли. Боз устига, айни дамда ички биринчилик учрашувлари ўз якунига етган. Шу боис, рақиб ўйин амалиётга эга бўлмаган холда юртимизга ташриф буюради.
Энг муҳими, Чан Хиу Минг жамоаси турли хил ўйин режаларига эга эмас. Улар фақат биринчи рақамли бўлиб ҳаракатланишга одатланган. Соддароқ қилиб айтсак, фақат ва фақат очиқ футбол! Бу қайсидир маънода учрашув томошабоплигини ошириши мумкин, бироқ финал остонисида бироз айёрлик ҳам бизга қўл келади. "Насаф"нинг тезкор футболчилари 38 ёшли марказий ҳимоячига суяниб қолган рақиб мудофаасини қарши ҳужумда "жазолаб ташлаши" эҳтимоли юқори.
Шунингдек, гонконгликлар дарвозасини қўриқлашга масъул бўлган Ҳо Чун Юенни ҳам мустаҳкам "қалъа", деб бўлмайди. Кипер узоқ масофадан берилган зарбаларни бартараф этишда мураккабликларга дуч келади. Шу боис, айрим ўйинларда Ка Ҳо Чан асосий дарвозабон вазифасини ўтаб беради. Қанот ҳимоячилари ҳужумга чиққан пайтда, катта зоналар бўш қолдиради.
Ярим финал баҳсида "Насаф"га энг катта плюс вазифасини ўтаб берувчи омил мухлислар эканлигини ҳам унутмаслик лозим. "Ли Ман" ўз уйида исталган рақибга "жанг" таклиф этиши мумкин, аммо меҳмонда бироз бўшроқ ўйин ўтказади. Сўнгги 5 ўйиннинг 2 тасида "Ли Ман" ғалаба қозонган бўлса, яна шунча учрашувда имкониятни бой берган. Бир учрашувда томонлар дурангга имзо чеккан.
"Насаф" билан ўйин учун жамоанинг тахминий таркиби:
Дарвозабон:88.Юн Ҳо Чун;
Ҳимоячилар: 21.Тсанг Кам То, 14.Хосе Ангел Мартин, 2 Фернандо Ресио, 3.Тсуи Ванг Кит;
Ярим ҳимоячилар: 16.Нганг лок, 26.Вонг Чунг Ҳо, 99.Ким Сеунг Ёнг, 10.Жонатан Акоста, 11.Ченг Сиу Кван.
Ҳужумчи: 91.Гил.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар