“Навбаҳор” кучли бешликка кира оладими? - Виктор Жалилов жавоб берди
Ўзбекистон Суперлигаси 23-туридан ўрин олган "Машъал" - "Навбаҳор" учрашувида томонлар 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "лочинлар" устози Виктор Жалилов иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
“Машъал” жанговар, яхши шаклланган жамоа, таъбир жоиз бўлса, “чақилмас ёнғоқ”. Бугунги дуранг адолатли бўлди. Мезбонлар имкониятларга эга бўлишди, дарвозабонимиз қутқарди. Биз уюштирган ҳужумлар пайтида эса, “Машъал” посбони ишончли ҳаракат қилди. Умуман олганда, майдонда яхши кураш кечди.
- Азимжон Аҳмедов нега алмаштирилди?
- У оғир ўтган касалликдан сўнг энди-энди аввалги формасига қайтмоқда, тўлиқ икки бўлим тўп тепишга кучи етмаслиги тушунарли. Шу боис, уни алмаштиришга мажбур бўлдик.
- Бугунги ўйинда сизни қониқтирмаган жиҳатлар бўлдими?
- Албатта, натижадан қониқмадим, ғалаба қозонишимизни хоҳлагандим. Лекин “Машъал” ҳам ютуқ учун астойдил ҳаракат қилди. Майдон эгалари таркибида ўзгаришлардан кейин улар фаолликни оширишди, тўпга кўпроқ эгалик қилишди. Бизда ҳам, вазиятни ўз томонимизга оғдириш учун имкониятлар бўлди. Мени қаноатлантирмагани – ҳужумларнинг сўнгги паллада якунланмай қолиши, гол урганимизда, ғалаба қозонардик.
- Даврон Ҳошимов четлатилди ва энди кейинги ўйинда жамоага ёрдам беролмайди...
- Афсуски, шундай. Нима ҳам қила олардик, ҳакам шундай қарор чиқарган экан, кўнишдан ўзга чора йўқ.
- Бугунги ўйинни дисквалификация сабаб ўтказиб юборган футболчиларнинг йўқлиги нечоғли билинди?
- Қувондиқ Рўзиев ва Коста Гуттинер бошланғич таркиб футболчилари. Албатта, ҳар бир футболчи жамоа механизмига ўз улушини қўшади, агар бу икки футболчи ҳозир сафимизда бўлганида, ўйин бошқача кечиши ҳам мумкин эди.
- 5 футболчи алмаштириш имкони бўлатуриб, захирадан фақат 3 ўйини майдонга туширдингиз. Бу асосий таркибда ўйнаганларнинг ҳаракатларидан қониққанингизни билдирадими?
- Ўйиннинг бориши шуни тақозо этди, футболчиларни алмаштиришга эҳтиёж сезилмади. Баъзан захирадан тушганларнинг ўйинга киришиб кетишлари осон бўлмайди.
- “Навбаҳор” кучли бешликка кира оладими?
- Бу осон бўлмайди, учрашувларда очко йўқотиш вазиятни янада оғирлаштиради. Лекин кураш ҳали олдинда, турнир жадвалидаги зичлик сақланиб турибди, демакки, умид бор. Бунинг учун ғалаба қозониш керак.
Фикрлар