"Навбаҳор" Суперлига тўпурарларидан бирини ўз сафига қўшиб олди (фото)
Янги мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган “Навбаҳор” таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига тўлдиришда давом этмоқда. Жамоамиз сафига тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов қўшилди.
Темурхўжа Абдухолиқов 1991 йил 25 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Катта футболдаги фаолиятини 2012 йили Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасида бошлаган.
Кейин эса “Пахтакор” (Тошкент, 2013 йил), “Хайдук” (Сплит, Хорватия, 2014 йил), “Локомотив” (Тошкент, 2015-2016 йиллар, 2018 йилнинг 2-давраси – 2019 йилнинг 1-давраси, 2020-2021 йиллар), “Ал-Сайлия” СК (Доха, Қатар, 2018 йилнинг 1-давраси), “Хор-Факкан” (Хор-Факкан, БАА, 2019 йилнинг 2-давраси) клубларида ўйнаган.
Ўтган мавсумни эса Навоийнинг “Қизилқум” таркибида ўтказиб, навоийликлар таркибида жами 28 та ўйинда майдонга тушиб, 2402 дақиқа ҳаракат қилиб, 15 та гол урган ҳолда, 3 та голга ҳаммуаллифлик қилган.
Шунингдек, Темурхўжа Абдухолиқов Ўзбекистоннинг турли терма жамоаларида ўйнаган. Миллий терма жамоамиз таркибида эса 18 та баҳсда майдонга тушиб, 3 та гол урган.
Бундан ташқари, 31 ёшли ҳужумчи фаолияти давомида 3 марта Ўзбекистон чемпионлиги, 2 марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритган. 2016 йилги мавсумда эса “Локомотив” сафида 22 та гол урган ҳолда, Суперлига (олий лига) тўпурари бўлган.
Манба: "Навбаҳор" ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар