"Навбаҳор" устози Андрей Канчельскис хорижлик журналистга интервью берди
Россиянинг “Спорт-Экспресс” нашри журналисти Евгений Белоусов Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Андрей Антанасович Канчельскисдан интервью олди.
Суҳбат анча қизиқарли тарзда кечиб, интервью давомида “лочинлар” устози кўплаб масалаларга тўхталиб ўтди. "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати ушбу интервьюни тақдим этди.
BeINSports канали Андрей Канчельскисни Англия Премьер-лигасининг барча тарихларидаги энг яхши россиялик легионери деб топди. Маҳоратли ярим ҳимоячи Канчельскис “Манчестер Юнайтед” таркибига 1991 йилда “Шахтёр”дан қўшилганди. Икки йилдан сўнг эса у “қизил иблислар”га 26 йиллик танаффусдан кейин чемпионлик унвонини қўлга киритишларига ёрдам берди.
Андрей Канчельскис манкунианликлар сафидаги тўрт йиллик фаолияти давомида 7 та совринни қўлга киритди, 145 ўйинда 48 та голга муаллифлик қилди.
Умуман олганда, Канчельскис “Туманли Альбион”да жами 11 йил фаолият юритди ҳамда МЮдан ташқари, “Эвертон” ва “Глазго Рейнжерс” мухлислари қалбидан ҳам жой олди, шунингдек, “Саутгемптон” ҳамда “Манчестер Сити” жамоаларида ҳам тўп суришга улгурди.
Британия футболи бўйича мутахассис бўлган Андрей Антанасович айни пайтда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини бошқармоқда ва Ўзбекистон Суперлигаси тўхтатилган ҳозирги вақтда клуб қароргоҳида легионерлар билан биргаликда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда истиқомат қилмоқда.
- Андрей Антанасович, умуман олганда кунни қандай ўтказяпсиз?
- Клуб базасидаги легионерлар билан стол тенниси, шахмат, шашка, нарда ўйнаяпмиз. Бир-биримиз билан суҳбатлашяпмиз. Йигитларда PlayStation бор ва улар FIFA ўйинини ўйнайдилар, мен эса бошқотирмаларни ечяпман. Тез кунлар ичида янги бошқотирма газеталарини буюртма қилишимга тўғри келади.
- Шогирдларингиз сизни виртуал футбол ўйнашга ўргатишдими?
- Йўқ, бу шунчаки кулгили. Аммо йигитлар шу билан чалғишмоқда. Менга эса қарта ёки шахмат ўйнаш қизиқарлироқ. Йиғин давомида бир футболчи билан шахмат ўйнадим. Гарчи у 30 ёшга тўлган бўлса-да, осонгина мот қилишга муваффақ бўлдим. Яқинда эса Яшин тўғрисида қизиқарли фильмни томоша қилдим.
– Ўша картина сизга ёқдими?
- Ҳа, Данила Козловскийнинг “Мураббий” фильмидан анча яхши. “Мураббий” умуман кулгили чиққан. Яшин тўғрисида эса яхши фильм олишибди ва бор ҳақиқатни кўрсатишибди. Лев Иванович билан учрашганман. Аммо ундан фақат дастхат олганман, холос.
Яшин билан суҳбатлашиш қизиқарли бўларди. Ўшандаёқ унинг футбол афсонаси эканлиги ва бизнинг дарвозабонлар мактабини юқори даражага олиб чиққанлигини тушуниб етгандим.
- Беларусь чемпионатини кузатяпсизми?
- Ўзимни чалғитиш учун кузатяпман. Жонли тарзда бирорта футбол баҳсини томоша қилиш қизиқарли, барибир. Сергей Гуренко мураббийлик қилаётган Минскнинг “Динамо” клуби иштирокидаги 3та ўйинни кўрдим. Менимча, Гуренко янги жамоани шакллантирмоқда. Шунинг учун таркибга маҳоратли футболчиларни жалб этиш имконияти йўқ, менимча.
- BeINSports канали сизни АПЛ тарихидаги энг яхши легионер, дея эътироф этди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Бу жуда ёқимли ҳолат. Ҳозир одамларнинг бўш вақтлари кўпайиб қолди. Шу боис, кўпчилик қўнғироқ қилиб, АПЛда энг яхши россиялик легионер деб эътироф этилганим билан табриклашди. Мени шунга лойиқ кўришгани учун барчага раҳмат айтаман.
- Буюк Британиядаги фаолиятингизни илиқ хотиралар билан эсласангиз керак?
- Албатта, Англияни ижобий хотиралар билан ёдга оламан, айниқса, “Манчестер Юнайтед”ни. “Олд Траффорд” стадионида илк марта майдонга тушганлигимни эслайман. Илк ўйинимдаёқ мени учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топишганди. “Челси”га қарши кечган Англия кубоги баҳсидан олдин Буюк Британия қироличаси Елизавета IIнинг ўзи жамоамизга омад тилаганди. Бундай дамларни эса унутиб бўлмайди!
Тўғри, қийин даврлар ҳам бўлган, аммо футболда барчаси силлиқ кечмайди. Яшин тўғрисидаги фильмда биргина хато оқибатида дунё қандай остин-устун бўлиб кетишига гувоҳ бўлдик. Ҳаттоки, Лев Яшин ҳам 20 дақиқа давомида антиқаҳрамонга айланди. Бунга эса доимо тайёр бўлиш керак.
Италиядаги фаолиятим ҳам ёмон кечмаганди. Бироқ кейинчалик жароҳат олдим. Шотландиядаги футболчилик давримнинг ҳам ҳар бир мавсумини эслай оламан.
- МЮ ва “Глазго Рейнжерс” мухлислари сизни илиқ хотиралар билан эслашади...
- Ушбу клубларнинг ишқибозлари билан кўп суҳбатлашганмиз. Ишсизлигимда Британияга тез-тез ташриф буюрардим. Мени у ерда доимо аъло даражада кутиб олишарди. Ҳаттоки, жорий мавсумда “Манчестер Юнайтед” ва “Эвертон”нинг фан-клублари вакиллари ҳам мени Англияга таклиф этишди. Мазкур жамоалар иштирокидаги ўйинларда ажойиб муҳит ҳукм суради. Айни пайтда “Навбаҳор”да ишлаяпман ва шу боис, у ерга сафар уюштира олмаяпман. Шундай бўлса-да, собиқ СССРдан янги дунёга йўл олган ҳаётимнинг ўша дамларини илиқ хотиралар билан ёдга оламан. Ўшанда гарчи собиқ иттифоқ коммунисти деб ҳисоблашса-да, мени Англияда илиқ кутиб олишганди.
- МЮдаги янги жамоадошларингиз инглиз тилини билмаслигингиздан фойдаланиб, Фергюсонга ёмон сўзлар билан мурожаат этишга ундашгани ростми?
- Ҳа, бу рост (кулади). Ўшанда мен билан янги жамоадошларим ҳазиллашишганди. Ўзим ҳам ўша пайтда бундай ибораларни ишлатмаслик кераклигини тушунмагандим. Лекин асосийси, мураббийнинг ўзи ўша ҳазилдан кулиб юборганди. Умуман олганда, Фергюсон ва Лобановский доимо ўз хатоларини тан олишган. Бу эса уларнинг буюк шахслар бўлишганини билдиради.
Киевнинг “Динамо”сидан “Шахтёр”га, кейин эса “Манчестер Юнайтед” таркибига қўшилганимдан сўнг, Валерий Васильевич Лобановский билан Москвада кўришиб қолдик. Ўшанда Валерий Васильевич гарчи ўзи Киевдан кетишимни хоҳламаган бўлса-да, “Динамо”дан кетиб, тўғри йўл тутганлигимни тан олганди.
МЮни тарк этганимдан кейин эса cэр Алекс Фергюсон бутун жамоа олдида мендан кечирим сўрашга тайёр эканлигини билдирганди.
- Нима учун сиздан кейин бирорта россиялик ўйинчи Англияда узоқ муддат ўйнай олмади?
- Собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг, биз ўша пайтдаги барча мерос – тизим, ғоя ва анъаналардан ҳам маҳрум бўлдик. Буюк футболчилар етишиб чиққан спорт мактаблари ва интернатларини ёпдик.
Олдинлари бизнинг терма жамоадан чўчишарди. Футболчи 30 ёшидаёқ фахрийга айланарди. Ҳозир эса 40 ёшгача тўп тепишмоқда ва фахрийлар ёшлардан кўра яхшироқ ўйнашмоқда.
- Юрий Жирков “Зенит”да ўйнашда давом этмоқда. Аммо у Англияга худди Роман Павлюченко сингари Евро-2008 мусобақасининг бронза медали соҳиби сифатида кетганди. Бир йилдан сўнг, улар сафига Андрей Аршавин ҳамда Динияр Билялетдинов қўшилишди. Уларнинг Англиядаги фаолиятлари борасида нима дея оласиз?
- Мазкур футболчилар Англияда яхши ўйин намойиш этишди. Ахир, биз уларнинг натижаларини эслаймиз-ку! Уларнинг барчаси собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг, сақланиб қолган спорт мактабларининг тарбияланувчилари ҳисобланишади. Айни пайтда шундай авлод йўқ ва яқин вақт ичида ҳам бўлиши даргумон.
- BeIN Sport канали рейтингида 2-поғонада қайд этилган Андрей Аршавин сизнинг бу борадаги етакчилигингиз адолатли эканлигини тан олди ва “Эвертон”га ўтиб, “МЮ”да Дэвид Бекхэмга йўл очиб берганлигингизни таъкидлади...
- Бекхэм ўшанда мен “Манчестер Юнайтед”дан кетмаганимда, майдонга туша олмаслигини ёзганди. Дэвиднинг ўйнашига йўл очиб берганлигим ёқимли ҳолат (кулади). Натижада мени Россиядан кўра, Англияда кўпроқ танишади.
- Ҳозирги пайтдаги россиялик футболчилар авлодида АПЛда ўйнаш потенциали борми?
- Ҳозирча шундай футболчини кўрмаяпман. Албатта, ватандошларимнинг АПЛда ўйнашларини истайман. Аммо, менимча, ҳозир ҳеч ким Англияга кетмаса керак. Айни пайтда биз бир жойда депсиниб турибмиз.
Россияда жаҳон чемпионати ўтказилган йили 11 та профессионал футбол жамоалари ўз фаолиятини тўхтатди. Яқинда “Луч” клуби ҳам тугатилди. Ўша жамоалардаги футболчиларни қаерга жойлаштириш керак?
Умид қиламанки, мамлакатимиз футболи раҳбарлари барча муаммоларни коронавирусга тўнкаш билан муаммони ҳал этиб бўлмаслигини тушунишади. Айни пайтда ёш футболчиларни фақат пул қизиқтиради.Ваҳоланки, ҳозир улар футбол тўғрисида ўйлашлари керак. Клуб раҳбарлари эса биргина муваффақиятли ўйинидан сўнг, ёш ўйинчиларни суперталант, дея эркалатиб юборишмоқда ва уларга салбий таъсир ўтказишмоқда.
- “Навбаҳор”даги шогирдингиз Иван Соловьёв “Спорт-Экспресс” газетасига берган интервьюсида “Зенит”га ўтаётганида футбол агенти Денис Лахтер унинг номидан барча кўтарма пуллари – 1,3 миллион еврони ўзлаштирганлигини тан олганди...
- Бундай фирибгарларни умуман футболга яқинлаштирмаслик керак! Бизда эса аксинча, футболчиларни янги клубга таклиф этишади. Агентлар бутун мамлакат бўйлаб, айланиб юришади ҳамда клуб раҳбарияти ва оммага ўзлари таклиф этишаётган янги ўйинчилар борасида эртак айтиб беришади.
- Ўтган йилнинг ёзида маҳоратли ҳужумчи Фёдор Чаловнинг ЦСКАдан “Кристал Пэлас” таркибига қўшилишига бир баҳя қолганди. Сизнингча, у Англияда ўйнаб кета олармиди?
- “Кристал Пэлас” Лондоннинг бой анъаналарга эга бўлган клубларидан бири. Ушбу жамоада Рой Хожсон бош мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда ва унинг таркибидан маҳоратли футболчилар жой олишган. Фёдорнинг ўрнида бўлганимда, ўша трансферни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қилардим. Ахир ЦСКА ва АПЛ турлича олам.
Ўз вақтида мен ҳам таваккалга қўл урганман. Ахир, “Шахтёр”да ҳам ўзимни жуда яхши ҳис қилардим. Ўшанда Донецкда 2 хонали квартирам бор эди ҳамда менга “Волга” автомобили беришганди. Шунингдек, МЮдагига қараганда, “Шахтёр”да кўпроқ маош олардим. Шундай бўлса-да, таваккал қилишга аҳд қилдим ва бу ишим ўзини оқлади.
– “Ростов” жамоасига ажойиб тарзда мослашиб олган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳам таваккалга қўл урса бўладими?
- Бўлмасам-чи? Элдор яхши ўйин намойиш эта оладиган футболчи. Шунингдек, ундан олдин яна бир ўзбекистонлик футболчи Одил Аҳмедов “Анжи” ҳамда “Краснодар” клубларида ажойиб ўйин намойиш этганди.
Одил Аҳмедов наманганлик ва бу ерда сунъий қопламали майдонга эга бўлган болалар футбол мактабини очди. Яқинда эса маҳаллий шифохоналарга ёрдам берди.
- 2020 йил якунида Одил Аҳмедовнинг Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клуби билан тузилган шартномаси муддати якунланади. Шундан сўнг, уни ўзи туғилиб-ўсган вилоятининг бош жамоаси “Навбаҳор”га таклиф этасизми?
- (Кулади.) Менда бир нафар Аҳмедов бор (Одилнинг укаси, “Навбаҳор” сардори Азимжон Аҳмедов назарда тутилмоқда). Унинг ёнига акасини ҳам олиб келишимни таклиф қиляпсизми? Буни вақт кўрсатади.
- Нима деб ўйлайсиз, изоляция (ўзини яккалаш) ҳолатида ҳали узоқ қоламизми?
- Барча иссиқ ҳаводан умид қилмоқда. Боиси, 25 даражадан ортиқ иссиқда коронавируснинг ўлишини таъкидлашмоқда. Ёз фаслида эса бу ерда ҳаво ҳарорати анча иссиқ бўлади. Коронавирус тўхтаганидан сўнг, глобал, шу жумладан, футболга оид масалаларни ҳам ҳал этишса керак.
- Албатта, ҳеч ким касалхоналари тўлиб кетган Италия, Испания ва АҚШнинг тақдирини такрорлашни хоҳламайди...
- Айни пайтда халқнинг кўнглига футбол сиғмайди. Асосийси – коронавирусга чалинмаслик ва ушбу хасталикдан одамларни ҳимоя қилиш. Шунга қарамай, тўрт девор орасида бўлишига қарамай, албатта, спорт билан шуғулланиш шарт. Биз ҳам карантинда бўлишимизга қарамай, якка тартибда машғулотлар олиб боряпмиз.
- Яқинларингиз билан тез-тез гаплашиб турибсизми?
- Онам ҳозир Украинада карантин қоидаларига амал қиляптилар. Қизим Москвада, ўғлим Грецияда, мен эса Ўзбекистондаман. Биз доимо видеоалоқа орқали гаплашиб турибмиз. Терма жамоалар ўйини сабабли, танаффус юзага келганида, Россияга кетишни режалаштиргандим. Кейин эса коронавирус пандемияси бошланди. Шу боис, жамоа билан қолишга қарор қилдим.
Гигиенага риоя қилмоқ ва эҳтиёт бўлиш лозим. Шу вақт оралиғида сабр қилиш керак. Бутун дунёда тиббиёт ходимлари чарчоқ нималигини билмай, меҳнат қилиб, инсонларнинг ҳаётларини сақлашга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Барчамиз уларни қўллаб-қувватлашимиз шарт. Умид қиламанки, энг яхши олимлар тез кунлар ичида коронавирусга қарши вакцинани ўйлаб топишади.
Фикрлар