"Навбаҳор"нинг пешқадамлигига ҳамма рози ёхуд Бабаян жамоаси қанчалар омадли?
Суперлигадаги интрига “ёняпти”. Айниқса, чемпионлик учун курашда ким ғолиб чиқиши охирги тургача ҳал бўлмаслиги катта эҳтимол. Олдингидек биргина “Пахтакор”нинг гегемонлигига ўрганиб қолган мухлислар учун чемпионлик йўлида курашаётганлар сони ортгани ва ҳозирда пешқадамлик тез-тез алмашиб тургани жуда ва жуда қизиқ кўриняпти.
Наманганнинг “Навбаҳор” клуби айни пайтда Суперлигада карвонбоши бўлиб турибди. Чемпионлик учун “Навбаҳор”дан ташқари “Пахтакор”, “Насаф” ва “Сўғдиёна” жамоалари ҳам жиддий курашяпти. Кўпчилик чемпионлик шу тўртала клубдан бирига насиб қилиши ҳақида таъкидалмоқдалар ва бу айни ҳақиқат. Юқори тўртлик ушбу жамоалар томонидан эгалланган. Очколар ўртасидаги тафовут ҳам катта эмас, бир-бирига яқин. Албатта, улардан кейин “Қизилқум” билан АГМК ҳам келяпти. Лекин барибир юқоридаги тўртлик ажралиб қоляпти.
Бу турда “Навбаҳор” асосий рақобатчиларидан бири “Пахтакор”ни ўз майдонида қабул қилди ва “йил ўйини” дея таърифланган учрашувда ғолиб аниқланмай қолди – 1:1. Ушбу жуфтликда “Навбаҳор” мусобақа пешқадами сифатида иштирок этгани эътиборга молик. Лекин Самвел Бабаян жамоасининг очко йўқотишидан унинг таъқибчилари яна фойдалана олмадилар. “Насаф” Қаршида “Локомотив”ни юта олмади. “Сўғдинёа” эса сафарда “Олимпик”ка мағлуб бўлди. Шу иккисидан бири ютганида борми, ҳозир 1-ўринга чиқиб олиш имкониятини қўлга киритган бўларди. Лекин “Навбаҳор”нинг очко йўқотишидан унинг таъқибчиларидан ҳеч бири унумли фойдаланишни билмаяпти.
Қизиғи, ўтган турда наманганликлар “Қўқон-1912” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб икки очкодан маҳрум бўлган вазиятда “Пахтакор” ҳам, “Насаф” ҳам дуранг ўйнади. “Сўғдиёна”ни “Нефтчи”га қарши ўйини қолдирилди. Мазкур етакчи жамоалар икки турдан бери дуранг ўйнаётгани эвазига турнир жадвалида пешқадам ўзгаришсиз қоляпти. Албатта, бундай натижалар биринчи навбатда “Навбаҳор” учун фойдали бўляпти. Масалан, “Насаф” – “Локомотив” ва “Олимпик” – “Сўғдиёна” учрашувларида Бабаян жамоаси ютди, десак муболаға бўлмайди. Ўтган турда ҳам уларнинг очко йўқотишидан наманганликлар фойда кўрганди. Бу гал ҳам “Навбаҳор” ўзи ютолмагани сингари рақобатчилари ҳам қоқилдилар. Шу боис чемпионатдаги вазият Бабаян жамоасининг фойдасига хизмат қилиб келмоқда. Лекин доим ҳам бундай омад кулиб боқавермайди. Бабаян эса эгаллаб турган 1-ўринни қандай бўлмасин охиригача сақлаб қолиш учун бор имкониятини ишга солаётгани табиий ҳол. Фақат унга “Насаф”, “Сўғдиёна” ва “Пахтакор” ҳам “ёрдам” бериб юборишяпти. Бундай вазиятда "Навбаҳор" қанчалик омадли-а? Лекин бу қачонгача давом этади?
Жўжани кузда санаймиз, деган гап бор. Ҳаммаси чемпионат охирига бориб маълум бўлади. Унгача клублар ўз очколарини йиғиш билан овора бўлишади. “Навбаҳор” Ўзбекистон Кубоги чорак финалида яна ўз уйида яна “Пахтакор” билан ўйнайди. Демак, катта жанг яна давом этади. “Навбаҳор” клубининг таркибидан келиб чиқсак, жамоа бемалол соврин ютишга қодир - чемпионликни ҳам, Кубокни ҳам. Фақат ҳамма гап олдига қўйилан вазифани қай даражада бажара олишига боғлиқ.
“Навбаҳор” чемпионатнинг навбатдаги 18-турини 10 сентябрь куни сафарда “Сўғдиёна”га қарши ўтказади. Бабаян кетма-кет иккита дурангдан кейин ғалаба учун қандай режа ишлаб чиқаркин?
Фикрлар
Пахтакор рози бўлганида дурранг бўлмасди. Ўзаро ўйинда устунлик Пахтакорда, очколар тенг бўлиб қолса охирида ана томоша