Навбатдаги йиғин, жароҳатланган яна бир футболчи, Саудияга қарши қандай режаси борлиги ёхуд ҳал қилувчи ўйинлар Абрамовнинг тақдирини белгилаб берадими?
Ўзбекистон миллий терма жамоасини келаси ойда Саудия Арабистонида жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасидаги муҳим учрашувлар кутиб турганини сиз ўқувчиларга эслатиш шарт бўлмаса керак. Термамиз устози Вадим Абрамов куни кеча кенгайтирилган таркибни эълон қилди. Шу тариқа, йиғин бошланди. Вадим Карленович sports.uz мухбирига дастлаб шундай деди:
- Ўйлайманки, ўзингиз ҳам таркибда қайси футболчилар жалб қилинганлигидан хабар топгансиз. Бир қанча янги ўйинчиларга келсак, олдинги таркибда жароҳат туфайли сафдан чиққан вакилларимиз бор эди. Шундан келиб чиққан ҳолда мана шундай қарорга келдик. Бугундан йиғилдик ва Тошкентда тўпландик. Шундан сўнг, БААга йўл оламиз. 29 май куни Австралия терма жамоаси билан назорат учрашувини ўтказамиз. Кейин Саудия Арабистонига йўл оламиз.
Терма жамоага чақирилган футболчилар эълон қилинганидан кейин кўп ўтмасдан таркибда айрим ўзгаришлар юз берди. Мурод Холмуҳаммедов ва Лутфулло Тўраев йиғинда қатнашмайдиган бўлди ва ўрнига “Насаф”дан Ҳусниддин Алиқулов рўйхатга киритилди. Абрамов бу борада қуйидагиларни айтди:
-Холмуҳаммедовда жароҳат бор. Ғофуровда ҳам бахтга қарши мана шундай муаммо бор. Жумладан, Тўраевда ҳам жароҳат борлиги учун таркибдан чиқарилди. Шундоқ ҳам у олдинги ўйинларда оғриқ қолдирувчи уколлар билан майдонга тушиб келганди. Одил Аҳмедов ҳам келди. У жароҳат билан келган бўлса ҳам, ҳамма футболчилар қатори машқ қиляпти. Ўйлайманки, Одилнинг жароҳати унчалик жиддий эмас. Унда ҳаммаси жойида бўлишига шубҳа қилмайман.
Кеча sports.uz сайтида БАТЭда ўзини кўрсатаётган легионеримиз – Шаҳбоз Умаров билан уюштирилган суҳбатни ҳукмингизга ҳавола қилдик. Унда терма жамоага чақирилмагани юзасидан футболчи ўз фикрини билдирган. Абрамов билан мулоқотимиз жараёнида бевосита Умаров масаласига ҳам тўхталдик.
- Шаҳбоз Умаровнинг ўйинларини кузатяпмиз. Қолаверса, биз мураббийлар унинг қандай имкониятларга эга ижрочи саналишидан бохабармиз. Ҳозирги таркибда тўрт нафар ҳужумчи бўлгани боис Умаровни йиғинга чақиришни лозим топмадик. Умуман, бизнинг рўйхатимизда терма жамоа ўйинини кучайтира оладиган футболчилар жуда кўп. Саралаш турнири давом эттириладиган пайтга бориб энг муносибларини албатта таркибда олиб қолишимиз аниқ.
Одатда таркиб эълон қилинганидан кейин турли саволлар туғилади. Пистончи нега чақирилмади, палончи нима учун рўйхатга қўшилди, деган мазмундаги мунозаралар юз беради. Навбатдагиси ҳам бундан мустасно бўлмади. Масалан, “Бунёдкор” посбони Равшан Ягудиннинг илк бор терма жамоа йиғинига чақирилгани борасида мунозаралар йўқ эмас. Қайтанга “Навбаҳор”да ишончли ўйин кўрсатаётган Ўткир Юсуповни эътибордан четда қолгани бироз тушунарсиз. Вадим Карленович дарвозабонлар масаласи бўйича ҳам изоҳ берди.
- “Навбаҳор” дарвозабонини ҳам имкониятларини яхши биламиз. Шу боисдан у бу сафарги йиғиндан чақирув олмади. Қолаверса, у билан Фарғонадаги фаолиятим давомида бирга ишлаганман. Бугунги кунда у ҳам терма жамоага номзодлар рўйхатида бор. Шунчаки, бу сафарги йиғинда уни таркибга жалб этмасликни маъқул топдик.
Июнь ойида Саудия Арабистонида ўтказиладиган учрашувлар биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Терма жамоамизнинг охирги ўртоқлик учрашувларидан кейин айрим эътирозлар янграгани ёдимизда. Шундай экан, мухлисларда бўлажак жиддий учрашувлар олдидан хавотирлар йўқ эмас. Буни Абрамовга эслатганимизда қуйидагича жавоб берди.
- Саудия Арабистонига қарши учрашувгача ҳали бор. Ўша пайтга бориб нима қарорга келишимизни вақт кўрсатади. Аввало ҳозирда бутун диққат-эътиборимиз бўлажак ўйинларга қаратилган. Ўз навбатида Саудия Арабистони ҳам бунга қадар ўртоқлик баҳсларида куч синашади ва биз уларни кузатамиз. Ҳозирдан Саудия Арабистонига қарши ўтадиган муҳим учрашув олдидан бирор-бир режа хусусида тўхталишга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Энг асосийси, ўша беллашувга бутун масъулият билан тайёргарлик кўрамиз. Табиийки, Саудиядек кучли рақибни доғда қолдириш ўта мураккаб вазифа. Аммо шуни уддалашга ҳаракат қиламиз.
Саудиядаги ўйинлар Абрамовнинг терма жамоадаги кейинги тақдирини ҳал қилиб берадими? Ўйлаймизки, бу кўпчилик учун қизиқ ва долзарб. Вадим Карленовичнинг ўзи шундай саволга қуйидагича жавоб берди.
- Боя айтганимдек, бу ҳақида гапиришга ҳали эрта. Келинг, аввало остонадаги бўлажак ўртоқлик ўйинини ўтказиб олайлик. Ҳаммаси қандай тус олишини эса олий ҳакам вақт кўрсатади.
Фикрлар