Ads

Хабарингиз бор сўнгги пайтларда шонли тарихга эга Фарғонанинг “Нефтчи” клуби жуда оғир ахволга тушиб, деярли йўқолиб кетиш арафасида турибди. Жамоа Про-Лигада ҳеч қандай пулсиз иштирок этиб келаётгани жуда ачинарли.

Сайтимиз билан боғланган фарғоналик муштарий “Нефтчи” жамоасининг ашаддий мухлиси экани ва севимли клубининг ҳозир жар ёқасига келиб қолгани борасида куюниб гапирди. Биз эса ушбу мухлиснинг фикрларини ҳеч қандай ўзгаришларсиз эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз

 - Эркак киши йиғламасин  дунёда дейишади. Лекин, ҳаётда ҳар ҳил воқеалар бўладики, хеч ким ҳеч нарсадан кафолатланган бўлмас экан. Эркакни йиғлаши, бу иродасизлигидан, ожизлигидан эмас, қалби бўшаб қолганлигидан, юрагининг бир томири узилиб тушганлиги сабабчи бўлади. Мен ҳаётим давомида неча марта йиғлаганимни билмадимку, лекин футболни деб икки марта йиғлаганман. 1979 йилда, “Пахтакор” жамоасининг авиаҳалокати менга қаттиқ таъсир қилган. У пайта бутун Ўзбекистоннинг фаҳри эди “Пахтакор”. Эндигина футболга қизиқиб бораётган бўлсамда ўша жамоа, унинг футболчилари юрагимдан жой олиб бўлган экан. Хабарни эшитганимдан кейин ўксиб ўксиб йиғлагандим. На ота онамни угитлари, на ўқитувчиларимнинг танбеҳлари мени йиғидан тўхтата олган эди. Мурғак қалбим билан ўзбек футболида жуда катта йўқотиш бўлганини, бу фожеа ҳали узоқ йиллар таъсир қилишини сезган эканман шекилли. Ҳар тугул унда  марҳумлар учун, чин маънода айрилиқ сабабли йиғлаган эдим…

Кейингиси эса… 2018 йил мавсум Супер лиганинг сўнги ўйинидан кейин “Истиқлол” ўйингоҳида мавсумни якунланиши муносабати билан давлатимиз мадҳияси янгради. Мадҳия янраши билан ҳаёлим қочди. “Нефтчи” нинг шонли тарихи, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида хеч бир жамоа унга бас келолмаганлиги, республикамизнинг жуда кўп шаҳарларига севимлиларимизга муҳлислик қилиш учун борганимизда, бизга рақиб жамоа муҳлисларининг ҳавас билан боқишлари, ҳудди ўзимиз қаҳрамондек кўкрак кериб ўтиришларимиз, Осиё грандлари билан бўлган ўйинларда тўлиб тошган эски ва файзли ўйингоҳдаги муҳлислар хайқириғи бир зумда кўзим олдидан ўтди. Шундай тарихан бой жамоанинг супер лигадан хайрлашиши наҳотки рост бўлса. Наҳотки энди шиддатли водий дербилари, чемпионатимизнинг гултожига айланган “ўзбек класикоси” деб тариф берилган “Нефтчи”- “Пахтакор” қарама қаршилиги эртак бўлиб қолса. Қулоғимга гуё  “Нефтчи” учун хайрлашув марши чалингандек бўла бошлади… Шунда атрофимдагилар менга термулиб турганларини пайқадим. Кимлардир ҳайрон бўлиб, кимлардир ачиниб ва кимлардир кулиб қараб турганини сездим. Мен кўз ёшларимни тия олмай қолгандим. Ха, алам билан, армон билан йиғлардим. Шундай буюк жамоанинг аянчли аҳволга келтирганларга ғазабланиб йиғлардим. Ҳақиқат бир кун қарор топишига, ким аслида кимлигини исботлайдиган кунлар келишига, яна ўз суюклиларимизни чемпионлик бахсларида кўришга  умид қилиб йиғлардим. Кўз ёшларимни яширишга уринмадим ҳам. Мени ҳақиқий футбол муҳлислари тушинишса керак. “Нефтчи” ман учун, минглаб фарғоналиклар учун ҳаётининг бир бўлагига айлана олган, том маънода севимли бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Шу ўринда айтишим мумкинки, яқин вақтларда яна бир марта йиғлаш ниятим бор. Унда кўз ёшларим қувончдан бўлади. “Нефтчи” ни Суперлигага қайтиши нақд бўлган ўйин якунланганда йиғлайман, ўйингоҳ тўла (ишонаманки “Истиқлол” ўйингоҳи бўлади) муҳлислар хайқириғи остида ўз жонажон жамоамиз “Нефтчи” нинг ўйинчиларига, бизнинг қахрамонларга термулганча йиғлайман. Оғир кунларда уларга елкадош бўла олганимиздан фаҳрланиб йиғлайман, “Нефтчи”га содиқ қолганимиздан ғурурланиб йиғлайман. Зеро тез кунларда шундай кунлар келади, албатта Фарғона кўчаларида ҳам байрам бўлади. Келинглар ҳаммамиз шунга ишонайлик, “Нефтчи” билан оҳиригача бирга борайлик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
31/08/2019 11:24
Нефтчи фаргона кайтиши орзимиз
Расулжон Тоштемиров
31/08/2019 11:23
Сизга минг Рахмат
Ilhomjon Ilhomjon
31/08/2019 10:15
Хали хам кеч эмас Саркисянни чакириб яхши хайрлашиш керак рахмат айтиб тўн кийдириб!!! Амаки сизга қойил сиздек "Нефтчи" мухлислари кўпайсин