“Нефтчи” “Навбаҳор”ни ортда қолдиришда давом этмоқда...
27 - 30 сентябрь кунлари Суперлигада 20-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.
Бош мураббий ва етакчиларсиз қолган “Олимпик” ўз уйида “Насаф”га ютқазди. “Навбаҳор” водий дербисида 5:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Анчагина шов-шувларга сабаб бўлаётган “Андижон” Бекободда имкониятни бой берди. Чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи”, лигада қолишга уринаётган “Бухоро”ни йирик ҳисобида таслим этди.
“Нефтчи” бу тур “Навбаҳор”ни ортда қолдирди
Охирги ўйинларда ғалаба қозона олмаётган “Пахтакор” ОКМК билан дуранг ўйнади. “Бунёдкор” Тошкентда “Сурхон”дан енгилди. Уйғонаётган “Қизилқум” Навоийда “Сўғдиёна”ни очкосиз қолдирди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
20-турда стадионларимизга жами 32460 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 4637ни ташкил қилади.
Энг кўп мухлис Фарғонада. “Нефтчи” - “Бухоро” ўртасидаги ўйинни 12452 томошабин аренадан кузатди. Бу учрашувнинг аҳамияти анча юқори эди. Чунки “Пахтакор”нинг очко йўқотишидан сўнг Виталий Левченко жаомасида умид учқунлари пайдо бўлди. “Бухоро” эса лигада жон сақлаб қолиш учун курашмоқда. Шу боис стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюрди.
“Нефтчи” “Навбаҳор”дан олдинда…
“Нефтчи” яна “Навбаҳор”дан олдинда…
Охирги пайтларда “Нефтчи” уй учрашувларидаги мухлислар ташрифи бўйича “Навбаҳор”ни ортда қолдирмоқда. “Лочинлар”нинг Намангандаги ўйинига 7057 ишқибоз келди.
“Пахтакор” - ОКМК ўртасидаги турнинг марказий учрашувига 5377 ишқибоз ташриф буюрди. Бироз толиққан “шерлар” олмалиқликлар билан қандай натижа қайд этиши кўпчиликка қизиқ эди…
Энг кам томошабин Олмалиқда. Бекободдаги стадион таъмирланаётганлиги учун Олмалиқда ўйин ўтказган “Металларг”нинг “Андижон”га қарши баҳсига 762 мухлис ташриф буюрди.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Нефтчи” - “Бухоро” 3:0. 12452 томошабин
“Навбаҳор” - “Турон” 5:0. 7057 томошабин
“Пахтакор” - ОКМК 2:2. 5377 томошабин
“Қизилқум” - “Сўғдиёна” 4:2. 4315 томошабин
“Олимпик” - “Насаф” 1:3. 1641 томошабин
“Бунёдкор” - “Сурхон” 0:1. 856 томошабин
“Металлург” - “Андижон” 2:0. 762 томошабин
Фикрлар