
Немислар “Барса”ни маош билан “синдирди”
Яқинлашиб келаётган ёзги трансферлар ойнаси “Атлетик” юлдузи Нико Уильямс учун жуда қизғин бўладиган кўринади. Унга Европанинг бир неча грандлари кўз тикаётгани боис, бильбаоликларга ўз ўйинчисини сақлаб қолиш осон бўлмайди.
Ҳужум чизиғини янгилашга қарор қилган “Бавария” 22 ёшли футболчига таклиф тайёрлаб бўлди. El Nacional нашрининг ёзишича, немислар испаниялик ўйинчига ҳар мавсум учун 10 миллион евродан маош ваъда қиляпти.
Бу маош Нико Уильямсни анчадан бери ўз сафига чорлаётган “Барселона”нинг режаларига зарба бўлди. Чунки каталонияликлар молиявий аҳволидан келиб чиқиб, маош масаласида Европанинг бошқа грандлари билан рақобатлаша олмайди.
Манбага кўра, Никоь Уильямснинг ўзи каталонияликлар клубига ўтишга мойиллик билдирмоқда. У “Барселона” мутасаддилари ҳар икки томонни қониқтирадиган ечим топишини кутаётгани айтилмоқда.
Комментарии