Неймарнинг боши балодан чиқмаяпти
Жисмоний ҳолати талабга жавоб бермагани учун бош мураббий Карло Анчелотти томонидан Бразилия терма жамоасига чақиртирилмаётган Неймар яна жароҳат олди.
33 ёшли юлдузнинг саломатлигида муаммо чиққани боис, у “Сантос” машғулотларида иштирок эта олмайди ва олдиндаги учрашувларда ҳам майдонга тушиши катта сўроқ остида турибди. Бу ҳақда Globo нашри хабар тарқатди.
Журналист Лукас Мусетти Перацоллининг маълум қилишича, “Сантос” клубида Неймар юқори спорт формасига чиқишига шубҳа кучайиб бормоқда. Клуб ҳужумчини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, Неймарнинг ҳолатига тўлиқ баҳо бермоқчи.
2024 йилнинг катта қисмини жароҳат туфайли ўтказиб юборган Неймар 2025 йил давомида икки маротаба жароҳат олганди. Машҳур ўйинчи икки бор тизза ости пайларини шикастлаб олиб, даволанишга мажбур бўлганди.
Неймарнинг “Сантос” клуби билан амалдаги шартномаси 31 декабрь куни якунланади. Бир пайтлар “Барселона”дан ПСЖга рекорд сумма – 222 миллион еврога трансфер қилинган чарм тўп устаси бугунги кунда Transfermarkt томонидан 11 миллион еврога баҳоланмоқда.
Фикрлар