Новак Жокович коронавирус тестини топширишдан бош тортмоқда

Новак Жокович коронавирус тестини топширишдан бош тортмоқда

Болгариялик теннисчи Григор Димитровда Хорватиянинг Задар шаҳрида Новак Жокович томонидан ташкил этилаётган "Adria Tour" кўргазмали турнирида иштирок этаётган вақтида коронавирус аниқланган.

Шу сабабли, мусобақа иштирокчиларининг барчаси коронавирусга тест топширишлари керак. Бироқ Новакнинг ўзи мазкур тестни ўтказишдан бош тортмоқда.

Новакнинг сўзларига кўра, унда мазкур вируснинг ҳеч қандай аломатлари йўқ ва у Хорватияда тест топширмайди. Унинг мураббийи Горан Иванишевич уч кун олдин тест топширган ҳамда унда ҳеч қандай вирус аниқланмаган. Сербиялик теннисчи Белград шаҳрига бориб, эпидемиологлар кўригидан ўтиши ва уларнинг маслаҳатига амал қилишини таъкидлади.

Задар шаҳрининг тиббиёт бошқармаси эса Новакнинг сўзларига ишонди ва тест топширмасдан мамлакатни тарк этишига рухсат берди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Новак Жокович сербиялик баскетболчи Деян Милоевич томонидан ўтказилган маросимга борган. У базмда "Партизан" жамоаси ўйинчиси Никола Янкович билан суҳбатлашган. Маросимдан бир неча кун ўтгандан сўнг Николада коронавирус аниқланган.

ЎзА

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!