Ўйнатиб нима қилардинг? "Барса" футболчи жароҳатида Куманни айблади
«Барселона» раҳбарияти Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Рональд Кумандан жуда норози. Сабаб — ярим ҳимоячи Френки де Йонг олган янги жароҳат. AS нашри хабар беришича, футболчининг тиззасида жиддий яллиғланиш аниқланган ва у камида тўрт ой майдонга туша олмаслиги мумкин.
Клуб позициясига кўра, Нидерландия терма жамоаси мураббийлар штаби де Йонгда муаммо борлигини билган, шунга қарамай, уни жаҳон чемпионати саралаши доирасида Марокашга қарши 1/16 финал учрашувига майдонга туширган. Терма жамоа шифокорлари эса бугунга қадар «Барселона»ни футболчи соғлигида жиддий муаммо йўқлигига ишонтириб келаётган эди.
Френки де Йонг ўтган мавсумда ҳам сон мушагидаги жароҳат туфайли деярли икки ой ўйинлардан четда қолган. Ундан олдин эса икки марта тўпиқдан жароҳат олиб, умумий ҳисобда олти ой ва 31 та ўйинни ўтказиб юборган.
Агар шифокорлар прогнози тасдиқланса ва тикланиш жараёни тўрт ойга чўзилса, де Йонг фақат ноябр ойларида сафга қайтиши мумкин. Бу эса янги мавсум бошида жамоага жиддий йўқотиш бўлади.
Нидерландия терма жамоаси Марокаш қарши баҳсда асосий вақтни 1:1 ҳисобида якунлаб, пенальтилар сериясида 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди. Ушбу натижадан сўнг Рональд Куман терма жамоа бош мураббийлиги лавозимини тарк этди.
Френки де Йонг 2019 йилдан бери «Барселона» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган мавсумда у клуб таркибида 38 та ўйин ўтказиб, бир гол урди ва саккизта голли пас берди.

Фикрлар