Ўзбекистон расман Осиё шахмати тарихига кирди
Сентябрь ойи учун янгиланган Осиё шахмат федерацияси рейтингида эркаклар ўртасида бир вақтнинг ўзида икки нафар Ўзбекистон вакили етакчи ўринларни эгаллади. Бу ҳақда Осиё шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Қитъа рейтингида биринчи поғонага 20 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров кўтарилди. Унинг классик шахмат бўйича кўрсаткичи 2778 рейтинг нуқтасини ташкил этмоқда.
Иккинчи ўринни эса яна бир ўзбекистонлик шахматчи — 21 ёшли Нодирбек Абдусатторов 2762 балл билан эгаллади.
Шу тариқа, Синдаров ва Абдусатторов Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор бир вақтнинг ўзида Осиёнинг энг кучли шахматчилари рейтингида биринчи ва иккинчи поғоналарни эгаллади. Улар Ҳиндистон вакиллари Рамешбабу Прагнанандха ва Арджун Эригайси, шунингдек, Хитой шахматчиси Вэй Идан олдинга чиқишга муваффақ бўлди.
Жавоҳир Синдаров рапид йўналишида 2732, блицда эса 2725 рейтингга эга. Н
одирбек Абдусатторовнинг блиц бўйича кўрсаткичи 2818 баллни ташкил қилади.
Аввалроқ 2026 йилги ФИДЕ даъвогарлар турнирида Қипрда ғолиб чиққан 20 ёшли Синдаров расман жаҳон чемпиони унвони учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан жаҳон шахмат тахти учун ҳал қилувчи баҳс Женева шаҳрида (Швейцария) 24 ноябрдан 12 декабрга қадар бўлиб ўтади.

Фикрлар