ОЧЛ-2020: “Пахтакор”нинг “Шабаб Ал Аҳли”га қарши ўйинлар қандай натижалар билан якунланган?

10 февраль куни Чемпионлар лигасидаги ўйин билан "Пахтакор" жамоаси 2020 йилги мавсумни бошлайди.

Кетма-кет учинчи мавсум “Пахтакор” мавсумни халқаро майдондаги иштироки билан бошлаб беради. Илк ўйин бу сафар БААнинг энг кучли жамоаларидан бири, айни пайтда ўз чемпионатида ишонч билан пешқадамлик қилаётган “Шабаб Ал Аҳли” жамоасига қарши бўлиб ўтади. Дубай шаҳрининг ушбу клуби охирги йилларда мавқеини мустаҳкамлаб, совринларни қўлга киритиб келмоқда.

“Пахтакор” мазкур ўйинга тайёргарлик доирасида Тошкент ва БААнинг Абу Даби амирлигида ўтган йиғин, шунингдек, назорат учрашувлари ўтказди. БААдаги йиғинда “Ростов” (1:1), “Жилина” (0:0) ва “Сувон Самсунг” (1:0) билан беллашувлар ташкил этилди. “Шабаб Ал Аҳли” эса БАА чемпионати учрашувларида майдонга тушди.

“Шерлар” бу рақибга қарши 6 учрашувда майдонга тушган. Улардан иккитаси “Шабаб” ва тўрттаси “Аҳли”га қарши ўтказилган. Ҳозирги жамоа ушбу клублар, шунингдек, “Дубай” жамоаси бирлашувидан ташкил топган. “Шабаб” билан 1:0 ва 1:2 ҳисоблари қайд этилган. “Аҳли” эса 3:2, 1:0, 2:1 ва 2:0 ҳисобларида доғда қолдирилган. Демак, умумий ҳисобда 6 баҳсдан 5тасида тошкентликлар устун келишган. Рақиб дарвозасига 10 тўп киритилиб, 5 гол ўтказиб юборилган.

Ўйинни жамоалардан дисквалификация сабабли ўтказиб юборишга мажбур футболчилар мавжуд эмас.

“Пахтакор” ва “Шабаб Ал Аҳли” жамоалари ўртасидаги беллашув 10 февраль, душанба куни 16:00да “Пахтакор” стадионида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!