Одил Аҳмедов: "Андижон" барча клубга бош оғриғи бўляпти. Буни инкор қилиб бўлмайди"
Кеча ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов Андижонга ташриф буюрди ва хусусан “Андижон” футбол мактабини ҳам кўздан кечирди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда “Андижон” клуби матбуот хизмати Одил Аҳмедов билан суҳбатлашди.
- Вилоятларга, хусусан футбол мактаблари ва академияларга қилаётган ташрифларингизни кўп кўряпмиз. Бу сафар Андижондасиз. Қандай таассуротлар пайдо бўляпти?
- Ўзинглар ҳам кўриб турибсизлар, Муҳтарам Президентимиз томонидан футболга қаратилаётган эътибор жуда ҳам юқори. Қолаверса, ҳозирги кунда ҳамма академиялар қурилиш бўйича давлат дастурига киритилган. Шу боис футбол соҳасида юрганимиз учун футболга мос равишда қурилиш бўлиши керак. Ҳаммасини кўриб, кўздан кечиряпмиз. Қолаверса, келажаги қанақа бўлиши ва нима қилишимиз керак? Шулар ҳақида вилоятларга бориб футбол ассоциациялари раҳбарлари, футбол академия директорлари билан гаплашиб, ўзимизни маслаҳатларимизни бериб келяпмиз. Ўйлайманки, бундай шароитдан кейин албатта вилоятларимиздан жуда кўплаб янги иқтидорлар етишиб чиқишига ишончим комил. Минг афсуски, ҳозирги кунда ёшлар футболи Тошкент ва Қаршида бўлиб қолган. Кейинги режаларимизда барча вилоятларда мана шундай самарадорлик бўлишини таъминлашимиз керак. Ҳар бир вилоятни ўзини пойдевори бўлиши лозим. Бола футбол мактабида ўқийдими ёки академиядами, ўзини вилоятидан етишиб чиқиб, ўзини вилояти футбол клубида тўп суриш имкониятини яратиб бермоқчимиз.
- Андижон футболидаги ишларни кўздан кечиряпсиз. Бу хусусидаги фикрларингиз ҳам қизиқ.
- Андижонда хоҳлайсизми-йўқми, биринчи ўринда ишқибозларни гапириш керак. Шунинг учун доимий равишда Андижонга чемпионлик учун рақобат қиладиган жамоа бўлиши зарур. Бунга албатта етиб келамиз. Айтяпман-ку, ҳозирги қўйган режаларимиз келажакда албатта ўзини оқлайди. Ўйлайманки, Андижон футболи ўзбек футболида ўз ўрнига эга. Чемпионлик учун нафақат Суперлигада, балки болалар футболида ҳам ҳар томонлама рақобатбардош жамоа шаклланишига ишончим комил.
- “Андижон” клубининг жорий йилдаги иштироки борасида нима деган бўлардингиз?
- “Андижон” ҳамма жамоага бош оғриғи бўляпти. Буни инкор қилиб бўлмайди. Хоҳ “Пахтакор” бўлсин, хоҳ “Навбаҳор” ёки “Насаф” бўлсин барча рақибларига муаммолар туғдиряпти. Лекин, барибир қайсидир жойида барқарорлик етишмай қоляпти. Ўйинчилардан келиб чиққан ҳолатда гапирадиган бўлсак, ҳозирги қатнашувини ижобий деб ўйлайман. Қолаверса, бунақанги мухлислар қаршисида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси ва ёқимли ҳолат. Бу жуда катта мотивация. Ҳозирги натижаларида ишқибозларининг ҳам анча ўрни бор.
- Шу ўринда ҳакамлар тўғрисида фикрингиз қандай? Чунки сўнгги пайтларда яна бу масалада баҳс-мунозаралар юз беряпти. Масалан, “Андижон”ни сафарда “Қизилқум”га қарши учрашуви ҳам бунга мисол бўла олади.
- Ҳар бир ҳакам қилган хатоси учун жавоб беради. Лекин футболда хатосиз имкони йўқ. Масалан, ҳар учрашувда ўйинчилар ҳам хато қилади, аммо бунга кўз юмилган. Бироқ ҳакамнинг кичкина хатоси ҳам кўзга кўринади. Бироқ бу борада қайсидир ҳакам атайлаб бир жамоани натижасига таъсир қиладиган бўлса, унга қаттиқ чора кўрилиши табиий ҳол. 11 та тур ўтган бўлса, “Андижон” билан ўйин ва яна бир-иккита турларни ҳисобга олмаса, менимча, ҳакамлик борасида унчалик эътироз йўқ. Лекин айтяпман-ку, натижа учун атайлаб ҳакамни қарори таъсир қиладиган бўлса, унга чора кўрилади.
Фикрлар