ЎФАда хорижлик янги техник директор иш бошлади
Бугун ЎФАда техник ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ФИФА вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда ЎФА президенти Абдусалом Азизов, ФИФА техник департаменти бош мутахассиси Мишел Саблон, бельгиялик таниқли мутахассис Ги Киала ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этди.
ЎФА раҳбари Ўзбекистонда спортга, хусусан, футболга қизиқиш юқори эканлигини қайд этиб, барча терма жамоаларимиз олдига юқори мақсадлар қўйилганини таъкидлади. Бу борада халқаро тажрибага эга мутахассислар билан техник ҳамкорлик қилиш юртимиз футболини Европа стандартлари асосида шакллантиришга хизмат қилишини эътироф этди.
Аввало хорижда катта тажриба тўплаган мутахассислар билан ҳамкорликни бошлашдан хурсандмиз. Футбол — бутун халқимиз севиб томоша қиладиган спорт ҳисобланади. Ҳурматли Президентимиз футболга катта эътибор қаратяпти. Мухлисларимиз ҳам жуда талабчан, улар Осиё кубогидаги иштирокимизга танқидий муносабат билдирилдилар. Ана шу танқидлардан етарлича хулоса чиқариб, Сизларнинг ёрдамингиз билан мамлакатда футболни ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Ғоя ва таклифларингизни амалга ошириш йўлида бор имкониятимизни ишга соламиз. Эскича ишлаш, лоқайдликка йўл қўйишга энди ҳаққимиз йўқ, деди ЎФА раҳбари.
ФИФА техник департаменти бош мутахассиси Мишел Саблон мураббийлар таълими, терма жамоалар, ЎзПФЛ, академиялар фаолияти, болалар, оммавий ва аёллар футболи, шунингдек, футзал, спорт тиббиёти ва илмий-таҳлилий йўналишлари бўйича янги лойиҳаларни татбиқ этиш имкониятларини юқори баҳолади.
Бельгиялик мутахассис Ги Киала Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини айтиб, ишонч учун миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ги Киала ўртасида шартнома имзоланди. ЎФА раҳбари олдинда турган масъулиятли вазифаларни бажаришда мутахассисга барча шароитлар тақдим этилишини маълум қилиб, омад тилади.
Маълумот учун, ЎФА техник директори Ги Киала ОФК ва УЕФА Про лицензиясига эга, фаолияти давомида Бельгия, Буюк Британия, БАА ва Саудия Арабистонида ишлаган. Мураббий, скаут, техник директор ва инструктор сифатида тажриба тўплаган.
ЎФА матбуот хизмати.
Фикрлар