ЎФФ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Жорий йил 8 июл куни Ўзбекистон футзал федерацияси (ЎФФ) Президенти Бекзод Маматқулов раислигида Федерация Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Федерациянинг 2026 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисобот тингланиб, амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама этилди.

2026/2027 йилги янги мавсум олдидан амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари кўриб чиқилиб, мамлакат ХХХ миллий чемпионати — Олий лигада иштирок этувчи клублар рўйхати тасдиқланди.

Янги мавсум олдидан, Олий лига иштирокчиси бўлган барча клублар эндиликда алоҳида мустақил юридик шахс мақомида қайтадан ташкил этилди ҳамда улар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида давлат рўйхатига олинди ва мустақил бошқарув —молиявий фаолият юритиш тизимига ўтилди.

Йиғилишда ЎФФ раҳбари мамлакат миллий чемпионати савиясини янада ошириш, футзални юртимизда кенг оммалаштириш мақсадида янги мавсум учрашувларини замонавий инфратузилмага эга спорт иншоотларида ўтказиш, ҳакамлик сифатини тубдан яхшилаш, телетрансляциялар сони ва сифатини ошириш ҳамда клубларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим таклифларни илгари сурди.

Ижроия қўмита қарорига мувофиқ, 2026/2027 йилги мавсумда Олий лигада 12 та жамоа иштирок этиши белгиланди.

Шунингдек, Олий лига клублари учун ёзги трансфер ойнаси 2026 йил 10 июлдан очилиши маълум қилинди. Клубларга белгиланган муддатларда чемпионатда иштирок этиш учун ариза топшириш, футболчилар билан шартномаларни расмийлаштириш, таркиб рўйхатини шакллантириб Федерацияга тақдим этиш, намунавий штатлар жадвалига мувофиқ мураббийлар штаби ҳамда маъмурий таркибни шакллантириш тавсия этилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, 2026/2027 йилги мавсум 2 сентябр куни Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви билан расман бошланади. Мазкур баҳсда амалдаги Ўзбекистон чемпиони ҳамда Ўзбекистон кубоги финалчиси ўзаро куч синашади.

Шунингдек, мамлакат ХХХ миллий чемпионати — Олий лига мусобақаларига ҳам сентябр ойининг биринчи ҳафтасида старт берилиши режалаштирилган.

2026/2027-йилги мавсумнинг Биринчи лига мусобақаси эса жорий йилнинг декабр ойидан бошланиши белгиланди. Мусобақа иштирокчилари сони ички низом ва белгиланган талаблар асосида қўшимча равишда эълон қилинади.

Йиғилишда мамлакат чемпионати, биринчилиги ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақаларининг форматлари кўриб чиқилди. Хусусан, легионерлар лимити, 2009-йил ва ундан кейин туғилган футзалчиларни жамоалар таркибига жалб этиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби, учрашув қайдномасини шакллантириш, тур учрашувлари тақвимини жамоалар учун қулай тарзда тузиш масалалари юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон футзал федерациясининг янги таҳрирдаги Тартиб-интизом кодекси тасдиқланди ҳамда ЎФФ Ижроия қўмитаси таркибига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлади.

ЎФФ Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинган энг муҳим қарорлар ва уларнинг батафсил шарҳлари Федерациянинг расмий ахборот ресурслари ҳамда ижтимоий тармоқлари орқали босқичма-босқич эълон қилиб борилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!