Огоҳ бўл, ўзбек боксчиси ўта хавфли!

28 сентябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Халқаро бокс ассоциацияси – IBA томонидан “IBA чемпионлар оқшоми” турнири ўтказилади.

Мусобақанинг асосий жангида ҳаваскорлар боксида жаҳон ва қитъа чемпиони бўлган Миразизбек Мирзахалилов россиялик Всеволод Шумков билан 57 килограмм вазн тоифасидаги чемпионлик камари учун жанг қилади.

Всеволод Шумков Европа чемпиони ва жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади. У профессионал рингда битта жангда муваффақиятқозонган. Миразизбек ҳисобида профрингда тўртта ғалаба бор.   

Россия бокс жамоатчилиги вакиллари Всеволод Шумковни ўзбек боксчиси билан жангда фаворит, деб ҳисоблан нотўғри эканини таъкидламоқда.

Sports.uz портали россиялик мутахассисларнинг жанг борасидаги фикрларини ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола қилади.

Эдуард Кварцов, Россия бокс федерацияси мураббийлар кенгаши раиси:

- Мен Всеволодни бўлажак жангда яққол фаворит, деб ҳисобламайман. Ҳатто, устунлик қилади, деб ҳам бўлмайди.  Имкониятлар бир бирига жуда яқин. Мирзахалилов тажрибали боксчи, унинг руҳияти тетик ва мустаҳкам. Унинг мексикалик рақиби билан даъвогарлик жангига эътибор қаратсак, мен ўзбекистонлик жангчи жанг охирига бориб темпини тушириб юборади, деб ўйлаганман. Лекин жанг давомида Мирзахалилов рақибини “ўтқазиб” қўйди.

Бундан ташқари, Миразизбек танлаб-танлаб, аниқ уради ва ўзи рақиб зарбасини жуда кам ўтказади.

Мен танлашим керак бўлгани учун Шумковнинг имкониятини бироз юқори баҳолашим мумкин, лекин бу субъектив баҳо бўлади холос. Амалда эса, жанг муросасиз кечади ва Шумковни фаворит, дейиш жуда қийин масала.

Кирилл Шекутьев, Европа бокс конфедерацияси (EUBC) бош котиби:

- Бу Всеволод Шумков учун кучли зарбага эга жиддий рақибга қарши ўта мураккаб ўн раундлик жанг бўлади.  IBA чемпионлик камари учун айнан мана шу икки боксчи жанг қилаётгани бежиз эмас.

Уларнинг ҳар бири даъвогарлар жангида чемпионлик камарига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Нокаут бўлади, деб ўйламайман, жанг тўлиқ давом этади. Имкониятлар тенг ва жуда муросасиз баҳс кечади.

Эслатиб ўтамиз, Миразизбек Мирзахалилов шу йилнинг февраль ойида даъвогарлик жангида Мексика вакили Луис Родригес Оканани мағлубиятга учратган эди.

Всеволод Шумков эса кубалик Сайдель Хортени енгиб, чемпионлик жангида қатнашадиган бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!