ОКМКни тарк этган мураббий: "Локомотив" билан ҳам музокара олиб бордим. Мени фақат бош мураббий ролидаги иш қизиқтиради"

Сербиялик мутахассис Александр Стоймирович ОКМК клубидаги фаолиятини якунлади. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий вазифасида ишлаб келаётган Стоймирович бунгача “Нефтчи” ва “Навбаҳор”да ҳам меҳнат қилганини билсангиз керак.

Унинг кейинги манзили кўп эҳтимол билан Тошкентнинг “Локомотив” клуби бўлиши айтилмоқда. Аниқроғи, сербиялик мутахассисга бош мураббий лавозими таклиф қилинмоқда. Айнан шундай хабарлар жуда кўп эшитилмоқда. Шу боис Sports.uz журналисти Александр Стоймировичдан интервью олди.

- ОКМК клуби билан хайрлашдингиз. Бунга “Локомотив”дан тушган таклиф сабаб бўлдими?

- Ҳа, мен ОКМК билан тузган шартномамни бекор қилдим. Бу қарорга аввало оилавий шароитим туфайли келганимни алоҳида таъкидлаган бўлардим.

- “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва ОКМКда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишладингиз. “Локомотив”га эса сизни бош мураббий ролига таклиф қилишмоқда. Бунга тайёрмисиз?

- Музокаралар етарлидан ҳам ортиқ бўлган! Айтишим мумкинки, “Локомотив” билан ҳам музокара олиб бордим. Мени фақат бош мураббий ролидаги иш қизиқтиради.

стоймирович

- Ростини айтинг-чи, бош мураббий вазифасида ишлаш режангизда бормиди? Бундай таклифни кутаётганмидингиз?

- Мен Ўзбекистонга уч йил олдин ёрдамчи сифатида келгандим. Бунгача эса Сербияда бош мураббий бўлиб ишлаганмвн, УЕФА лицензиясини олганман. Албатта, мени кўпроқ бош мураббий ролидаги иш қизиқтириб келганини таъкидлаган бўлардим ва мен бундай имконни жуда узоқ кутдим.

- Кейинги режангиз қандай? Балки “Локомотив”нинг режаси билан бир хилдир...

- “Локомотив”нинг мўлжали ҳақида ҳозир бир нарса деёлмайман. Агар шу клубда иш бошласам, у ҳолда сиз билан бу ҳақда бемалол гаплашамиз.

стоймирович1

- 2021 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаяпсиз. Бу ерда сизга кўпроқ нима ёқди?

- Палов!!! Тошкент шаҳрида дўстлар орттирдим ва бу ерда ўзимни худди уйдагидек ҳис қиламан.

- ОКМК жамоасидаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз? Нега клуб Суперлига ва ОЧЛда кўнгилдагидек қатнаша олмади?

- ОКМКга келсак, бу клубда кўп нарсани ўргандим ва иш мен учун жуда ҳам яхши мактаб вазифасини ўтаб берди, фақат фойдамга ишлади.

стоймирович2

- Дарвоқе, сизни янги мураббийлар штабингиздан Акмал Шораҳмедов ва Шавкат Муллажонов жой олиши ростми?

- Штабимга келадиган бўлсак, бирор жамоада иш бошлаб олай, ўшанда штабимда кимлар ишлашини сизга батафсил айтиб бераман.

- Шунингдек, “Локомотив” Жасур Яхшибоев, Санжар Турсунов ва Анзур Исмоилов билан оғзаки келишгани ҳақида эшитдик...

- Ўйинчилар масаласида ҳам штабим хусусидаги гапларни такрорлашимга тўғри келади! Майли, ўша кун тезроқ келсин, ўшанда ҳаммасидан албатта бохабар бўласиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!