"Олдимизга битта мақсад қўйилган - Суперлигага чиқиш". "Динамо" клуби мухлислар билан учрашди

Про-лига янги мавсуми олдидан “Динамо” жамоаси раҳбарияти ва мураббийлар штаби клуб мухлислари билан учрашди.

14 март, якшанба куни “Динамо” стадиони матбуот анжумани залида ўтган тадбирда  жамоа тақдирига бефарқ бўлмаган, жонкуяр ва фаол мухлислар янги мавсум олдидан бош мураббий Ҳаким Фузайлов ва бош директор Учқун Қобиловга бир қатор саволлар билан мурожаат қилиб, жавоб олишди.

Дастлаб Ҳаким Фузайлов жамоанинг бу йилги тайёргарлиги ҳақида гапирган бўлса, сўнг Учқун Қобилов клуб олдига қўйилган вазифалар ҳақида сўзлади.

динамо2_1

- Барча мухлисларни кўриб турганимдан хурсандман. Самарқанд мен учун бегона жой эмас. Фахрий мухлислар билишади, 2000 йиллар бошида мураббийлик фаолиятимни айнан ушбу кўҳна шаҳарда муваффақиятли бошлаганман. Бу сафар раҳбарият жамоа олдига Суперлига вазифаси борлигини айтиб, ёрдамга чақирганида иккиланмай Самарқандга келдим. Январь ойидан буён жамоа билан тайёргарлик кўряпмиз. Қўл остимда деярли янги таркиб шаклланди, дейишим мумкин. Тайёргарлик асосан Самарқандда ўтди. Фақат икки ҳафта давомида Тошкентда бўлиб, назорат ўйинларини ўтказиб қайтдик. Умуман олганда, жамоамизни янги мавсумга тайёр дея оламан. 10 кундан кейин ўзимизда “Янгиер” клубига қарши баҳс билан чемпионатни бошлаймиз. Тақвимни ҳам омадли келди, дея оламан. Умид қиламанки, барчамиз бирлашиб Суперлигага муносиб бўлган “Динамо”ни аввалги мавқеини тиклай оламиз. Бунинг учун сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз муҳим, - деди Ҳаким Қаюмович.

динамо4

- Авваламбор, барча мухлисларни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Янги мавсум олдидан сизлар билан кўришиб, очиқ суҳбат ўтказишни режа қилгандик. Ўтган мавсумдаги натижалар ва клубдаги ўзгаришлардан яхши хабардорсиз. Йил бошида жамоага янги бош мураббийни тайинлаш вазифаси турганди. Бир қатор мураббийлар орасидан раҳбарият билан келишган ҳолда Ҳаким Қаюмович Фузайлов номзодига тўхталиб, у кишини чақирдим. Ҳаким ака Самарқанд футболи учун бегона эмас, вилоят футболи ва клубдаги муҳитдан хабардор инсон. У киши қўл остида ўзимиз ҳам “Динамо”да тўп сурганмиз, Самарқандда яхши натижалар қайд эта олган. Ҳаким Қаюмович келгач, у кишининг ёнларига самарқандлик маҳаллий мутахассисларни ёрдамчи қилиб қўйдикки, эртага ўзимизда ҳам яхши мураббийлар чиқсин деган ниятда. Жамоамиз ўз имконияти даражасида янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрди ва деярли янги таркиб шаклланди. Жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов ва клубимиз президенти ва бош ҳомийси Шавкат ака Жалоловга миннатдорчилик билдириб қоламан. Раҳбарият томонидан олдимизга фақат битта мақсад қўйилган – “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқиш. Бу йўлда бош мураббий Ҳаким ака Фузайлов ва мен жавобгар шахслармиз. Барчамиз бирдамликда ҳаракат қилсак, сиз мухлислар қўллаб-қувватлаб турсангиз насиб қилса “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқа оламиз.

динамо3

Тўғри, вилоятимизда маҳаллий футболчилар ва яхши майдонлар бўйича етишмовчилик бор. Клубни тарк этган ўйинчилар молиявий жиҳатдан яхшироқ таклиф борлиги сабаб бошқа жамоаларга ўтишди. Уларни тўғри тушунамиз. Ҳар ҳолда футболчининг фаолияти қисқа бўлади. Ўзимизда яхши майдонлар бўйича муаммо сабабли мавсум олди тайёргарлик ўйинларимизни Тошкент ҳамда бошқа бир қатор шаҳарлардаги майдонларда ўтказиб келдик. Бу йил ҳисобидан “Динамо” стадионида ҳали машғулот ўтказганимиз йўқ. 10 кундан кейин жамоамиз мавсумни шу ерда бошлаши боис, бу масала тез орада ижобий ҳал этилиши кутилмоқда. Барчамиз сиз каби про-лига баҳсларини кўтаринки кайфиятда бошлашни ният қилганмиз. Ҳар бир футболчи ҳам Суперлигага чиқишни истайди ва бунинг учун бор куч ва маҳоратини ишга солади, - дейди “Динамо” бош директори Учқун Қобилов.

Маълумот учун, “Динамо” жамоаси про-лига 1-тури доирасида 24 март куни Самарқандда “Янгиер” клубини қабул қилади.

"Динамо" клуби матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!