Олимпиада йўлидаги аччиқ хотиралар! Ёхуд Ислом Қобилов мухлислардан узр сўради

Ўтган ойда Таиландда Осиё чемпионати бўлиб ўтганди ва агар унда терма жамоамиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритганида янги тарих ёзишган бўларди. Афсуски, тайёр имконият яна қўлдан чиқариб юборилди. Буни эслаш эса сиз-у, бизга жуда оғир. Энди эса ўша олимпия терма жамоамиз тугатилди. Чунки улар қатнашадиган бошқа мусобақа ҳам қолмади. Ўша жамоанинг сардори Ислом Қобилов ҳам кескин танқидларга учради. Гарчи мусобақа давомида пенальтидан учта гол урганига қарамай, ҳимояда бир қатор хатоларга йўл қўйгани ҳам кузатилди. Лекин ўша таркибда келажаги порлоқ ўйинчиларимиз кўп эди. Шу боис уларнинг айримлари миллий терма жамоага ҳам жалб қилинмоқда. Булардан бири эса юқорида номи келтирилган Ислом Қобиловдир. Биз эса у билан катта интервью уюштирдик.

- Рости, миллий терма жамоага чақиришларини кутмагандим, - дея гап бошлади, Қобилов. - Айниқса, Таиланддаги Осиё чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатмаганим сабабли ҳам мени бош жамоамизга жалб этишларини ўйламагандим. Бу ҳақида “Бунёдкор” клубига хат келгач, ўзимизнинг “Телеграм”даги каналимизда маълум қилишди. Чақирилганлар рўйхатини қарасам менинг ҳам исм-фамилиям бор экан. Бу албатта қувонарли ҳолат. Шундай экан, миллий терма жамоада ўзимизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор кучимиз билан меҳнат қиламиз.

- Ўзингиз ҳам Осиё чемпионатидаги ўйинингиздан қониқмаганингизни тан олдингиз. Мусобақа давомида гарчи пенальтидан учта гол урган бўлсангиз-да, барибир асосий вазифа бажарилмагач, танқидлар кўп бўлди. Шу жумладан сизга нисбатан ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Сизнингча, буларнинг барчаси аввало нима билан боғлиқ?

- Майдондаги бошқа футболчиларда 100 фоиз босим бўлса, жамоа сардори бўлганим учун менда ундан-да кўпроқ босим бўлади. Терма жамоа сардорида биринчи навбатда хато қилишга ҳаққи йўқ. Сардор ўз номига яраша етакчи ва жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган бўлиши керак. Мусобақа давомида иложи борича яхши ўйнашга ҳаракат қилдик. Лекин қанақа гол ўтказиб юборганимиздан қатъий назар бундай вазиятда аввало марказий ҳимоячининг айби бўлади. Менинг асосий ишим гол уриш эмас, аксинча ўз жойимизда бехато ўйнаш ва дарвозамиз дахлсизлигини таъминлашдан иборат. Агар мендан киритган учта голимнинг ўрнига учта ўйинда дарвозамиз дахлсизлиги таъминланиши устун қўйилиши ҳақида айтилганида мен ўйланиб ўтирмасдан бунга рози бўлардим. Биргина Хитой билан учрашувда дарвозамиздан гол ўтказиб юбормадик. Аммо қолган барча учрашувларда дарвозамиз дахлсизлигини сақлай олмадик. Шу боис ўйинимдан кўнглим тўлмади.

кобилов4

- Вазифа бажарилмагач, сизларга нисбатан билдирилган танқидларга қандай муносабатда бўлдингиз?

- ОАВ орқали мухлисларнинг танқидларини ўқидим. Менга нисбатан ҳам яхши фикрлар билдирилмади. Балки мени юзлаб одамлар ёмонлашгандир, Роналду ёки Месси бир ўйинда гол ура олишмаса уларни минглаб мухлислар танқид қилиши мумкин. Улар нимаси билан кучли? Ўзларига нисбатан билдириладиган танқидларни кўтара олишади. Масалан, Роналду ўз интервьюларида танқидни тўғри қабул қиламан ва танқид қилишса маза қиламан дейди. Биз уларнинг даражасига чиқишни истасак, мана шундай танқидларни ҳам тўғри қабул қила олишни ўрганишимиз керак. Агар “Ливерпуль” ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборса, энг зўр ҳимоячи саналган Ван Дейк танқид қилинади. Шу боис ишимиз шунақа, ҳамма ҳам марказий ҳимоячи бўлавермайди. Агар ҳужумчи гол ура олмаса, уни бизчалик кескин танқид қилишмайди, чунки у кейинги сафар гол уриши мумкин. Ҳимоячи ёки дарвозабон хато қилиб қўйса, бу натижага жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

- Барибир терма жамоамизнинг имконияти юқори баҳоланганди. Чунки таркибда энг яхши ўйинчиларимиз жамланганди. Олимпиадага чиқишимиз учун бизда иккита имконият бўлди. Аммо ярим финалда ҳам, учинчи ўрин учун баҳсда ҳам аламли тарзда ютқаздик. Сизнингча, ўшанда бизга нима етишмади?

- Ҳамма нарса бизга қарши бўлди десак ҳам бўлади. БААга қарши учрашувдан олдин биз бир кун кўпроқ дам олгандик. Майдонда эса уларга нисбатан тетикроқ кўриндик. Худди шундай вазият кейинги учрашувда бизга қарши бўлди. Саудия бизга қараганда бир кун кўпроқ дам олди. Шунга қарамай, ўйинда биз фаоллик кўрсатгандик. Майдонда ўйнаган ўйинчи сифатида бизга шу нарса кўриндики, уларнинг футболчилари чарчаб қолишганди. Бизнинг хаёлимизда қўшимча таймларга тайёргарлик кўриш деган нарса йўқ эди. Биз ҳаммасини асосий вақтда ҳал қилмоқчи эдик. Бунга жамоамизнинг кучи етарди. Афсуски, ўзимиз яратилган имкониятлардан фойдалана олмадик. Бобур Абдуҳолиқов ҳам голли вазиятлардан фойдалана олмади. Қисқаси, биздан омад юз ўгирди. Рақибнинг голи эса рикошет бўлиб дарвозамизга кириб кетди. Саудияга ютқазганимиздан кейин ҳаммамиз тушкунликка тушиб қолгандик. Мураббийлар эса биз футболчиларни руҳлантиришга ҳаракат қилишди. Австралия билан баҳсга тикланишимиз керак эди. Ўша ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам уларни анча чарчатиб қўйдик. Гарчи уларга нисбатан жуссамиз кичикроқ бўлса-да, лекин ўйин томонлама устунроқ эдик. Иккинчи бўлимда рақиб футболчиси гол урди ва бу биз ҳимоячиларнинг хатоси эди. Шундай бўлган тақдирда ҳам бизда икки ёки учта гол уришимизга ишончимиз бор эди. Ўйиндан олдин мураббийимизнинг ўз режаси бор эди. Айниқса, иккинчи бўлимда Ойбек Бозоровни захирадан майдонга тушириб ўйинни кучайтирмоқчи эди. Лекин у қизил карточка туфайли майдондан чиқиб кетди. Ўйинни кучайтириш учун туширилган футболчининг четлатилиши ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. 10 киши бўлиб қолганимизда ҳам биз кўпроқ ҳужумлар уюштирдик.

- Айниқса, ярим финал ва учинчи ўрин учун баҳсларда жамоамизда катта босим бўлгани ва йигитлар бундай муҳим паллаларда бу каби босимларни кўтара олмасликлари ҳақида фикрлар билдирилди. Сиз бунга нима деган бўлардингиз?

- Албатта босим бўлади. Чунки битта ўйин ҳамма нарсани ҳал қиларди. Агар биз Олимпиадага чиққанимизда ҳаётимиз, фаолиятимиз бутунлай ўзгариб кетиши мумкин эди. Биз ҳам бундай ҳолатларни ўйлаймиз. Бутун халқимиз биздан умид қилиб турганини ҳам билардик. Бундай жараёнда эса хоҳлаймизми-йўқми, барибир босим бўлади. Масалан, бундай муҳим учрашувлардан олдин бизда уйқу бўлмасди. Кечасигача эртага нима бўларкин деб ўйланиб чиқасиз. Лекин энди нима десак ҳам бу баҳона бўла олмайди. Омад келмади, бизга ҳамма нарса қарши бўлди ёки босим кучли бўлди десак ҳам бу ўзимизни оқлаш эмас.

кобилов

- Бош мураббий Друлович ҳақида ҳам турли фикрлар кўп айтилди. Холисона айтганда, у ёмон мураббий эмас. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам натижага барибир бош мураббий жавобгар. Истеъфога чиқарилган собиқ мураббий ҳақида нима дея оласиз? У жамоамизга нимани сингдира олганди?

- Друловичнинг тарихини қарасангиз, у Европада, айниқса Португалияда кўп йиллар давомида фаолият олиб борган. Сербия ёшлар терма жамоасини Европа чемпиони қилган. У ўз вақтида терма жамоасининг ҳам етакчиси бўлган. Битта нарсани айтишим мумкин, у бизга кўпроқ профессионалликни ўргатди. Ўзи ҳам жуда профессионал мураббий.

- Мураббийлар штабида икки йил олдин олимпия жамоамизни Осиё чемпиони қилган Равшан Ҳайдаров ҳам бор эди. Агар у яна бош мураббий бўлганида Олимпиадага чиққан бўлардик, деган фикрларни ҳам айтишди. Сиз бунга қўшиласизми?

- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Агар бу Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров жамоани бошқариб муваффақиятсизликка учраганимизда унинг ўрнига хорижлик мураббий олиб келиниши керак эди, деб одамлар барибир гапирарди. Ҳар бир мураббийнинг кучли тарафлари бор. Равшан акани ҳам ўзига яраша устун томонлари бор. Масалан, Ҳайдаров терма жамоадаги барча ўйинчиларни Друловичдан кўра яхшироқ биларди. Икки йил олдин ҳам шу таркибдан бир қатор ўйинчиларни Осиё чемпионатига олиб борган. Қайси футболчи қандай вазиятда нима қилиш кераклигини Ҳайдаров яхши биларди. Друлович эса ҳали бизнинг менталитетимизни яхши билмасди. Эктор Купер келган дастлабки пайтида мен менталитетни яхшироқ билишим учун ўзбек бўлишим керак деганди. Равшан Ҳайдаров биз нима хоҳлаётганимизни яхшироқ тушунарди. Лекин Друлович ҳужумкорликни яхши кўрарди ва бизни ҳам кўпроқ шундай услубда ўйнашимизга ўргатди.

- БАА билан учрашувдан олдин Вадим Абрамов билан Рўзиқул Бердиев Таиландга бориб сизлар билан учрашишди. Йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин эса кўпчилик уларнинг келгани йигитларга ижобий таъсир кўрсатгани ҳақида айтишди. Чиндан ҳам Абрамов билан Бердиевнинг келгани сизларга катта мотивация бердими?

- Одамлар орасида улар келиб Друловичнинг ишига аралашишди деганлари ҳам бўлди. Аммо Абрамов ҳам, Бердиев ҳам бош мураббийнинг ишига умуман аралашишмади. Машғулотимизга келганда ҳам фақат томоша қилишди холос. Фақат бўш пайтимизда бизни 5-6 дақиқага йиғишди ва ўз фикрларини айтишди. Масалан, жамоамиздаги 10 нафар футболчи Рўзиқул Бердиевнинг шогирди эди. Вадим Абрамов бошқараётган “Бунёдкор”дан эса бешта ўйинчи терма жамоада бор эди. Қолаверса, Вадим Карленович миллий терма жамоамизнинг устози. Шу боис у ким ўзини яхши томонлама кўрсатса миллий термага номзод бўлишини айтди. Бу ҳам ўйинчиларга қўшимча мотивация беради. Улар шунчаки ўзларининг маслаҳатларини беришди.

кобилов6

- Тошкентга қайтиб келганинглардан кейин ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Гап-сўзлар сабабли ўзингизга алоҳида руҳшунос ёлламадингизми?

- Иложи борича дам олишга ҳаракат қилдик. “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Ал Айнга кетишганида бизга ҳордиқ беришди. Қандай ҳаракат қилганингиздан қатъий назар яқинларингиз учун қадрли бўлиб қолаверасиз. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим керакки, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори қайтиб келганимиздан кейин у ерда ўқийдиган футболчиларни чақиртириб, бизни мукофотлаб барчамизга катта далда берди.

- Кўча-кўйда юрганингизда одамларнинг кўзига қандай қараяпсиз? Турли эътирозларни эшитишингизга тўғри келяптими?

- Барибир одамлар гапиради. Яхши имконият бор эди, лекин чиқа олмадинглар дейишади. Бундай гапларга иложи борича аҳамият бермай дейсиз-у, аммо барибир бу каби гапларни эшитишга мажбур бўласиз. Лекин биз буларни профессионал даражада қабул қилишимиз керак. Биз бунгача ҳам аламли тарзда омадсизликларга учраганмиз. Масалан, Абрамов бошчилигидаги олимпия терма жамоамиз ютаётган чоғида БААга ютқазиб қўйган. Миллий терма жамоамизга эса жаҳон чемпионатига чиқиш учун бир гол ёки бир очко етмай қолган пайтлари бўлган. Булар бекордан-бекорга бўлмайди, мана шундай омадсизликларга яраша вақти келиб Ўзбекистон жаҳон чемпионатига ҳам, Олимпиадага ҳам чиқади.

- Мухлислардан узр сўрайсизми?

- Албатта. Биз ўзимизга нисбатан бўлаётган ишонч ва эътиборни ҳис қилиб ўйнадик. Агар мухлислар бизнинг Олимпиадага чиқишимизни 100 фоиз хоҳлашган бўлишса, биз футболчилар буни янада кўпроқ хоҳлагандик. Лекин ўхшамади. Таиландга бориб бизни қўллаб турган ва телевизор орқали мухлислик қилган халқимиздан узр сўраймиз. Энди миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиб, айбимизни ювишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
20/02/2020 00:09
Agar uzinga ozgena. fudbol tushunchasi bulsa. bitta ikkita 3ta. uyindan keyin. uz urningni uzingni talabing bilan bushatib. faziyatni chetdan ber kuzatib kurarding. va. kerakli hulosalar chiqarib. uyin tugagandan. bundan keyingi raqibing. haqiga uzinga. urganib chiqin. va tahlil. qilib hujimchilarni. qanday pazitsa tanlashi va qay holatka qanaqa harakat kutish mumkin. shularni qayta kurib. chiqib. shunga manon. tayorlanarding.
&
ахмад49
21/02/2020 08:38
Журналистлар хам,футболчилар хам утган 23 ёшлилар уртасидаги чемпионатдаги галабани эслашади,ахир утган чемпионатда олимпия йулланмаси йук эди,чемпионат обруси хам узига яраша эди,шунинг учун бошка давлатлар асосий таркиб билан катнашмади,янги уйинчиларини синаб олишди,шу сабабадан финалда Узб ва Въетнам уйнади.Хитойда миллиарддан зиёт ахоли яшайди лекин 11та уйнайдиган футболчи йук сбаби уларнинг генида футбол йук,менимча бизда хам шунака булса керак,бизда бокс,кураш,енгил ва огир атлетика яхши ривожланган ва чемпионларимиз бор ва биз улар билан фахрланамиз.
&
Asqar Xan
20/02/2020 22:07
Olympia terma jamomizga omad Ishonib qolamizki albata Olympia choqisi Birkin Kelib Zab Etladi tushkunlika Tushish shartmas Faqat g'alabaga odimlash shart
&
fc.navbahor
20/02/2020 17:53
Endi uzuringni pishirip e bu uzurlarni eshitaverip charchagan xalq
Рустам Содиков
20/02/2020 16:43
Танка...?
Dastan Uteuliev
20/02/2020 13:48
Кабиловтын танкасы жаксы болгасын зборга шакырадыда
Baxil Alixujaev
20/02/2020 11:38
Тренер ва УФА да айб, Улар узрни сурашсин!