Олтин авлоднинг юксалиши, мундиаллардаги муваффақиятлар ва бронза медалига эга чиққан жамоа — Бельгия
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 13 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "F" гуруҳининг илк вакили Бельгия орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.
Жамоа ҳақида
Бельгия қироллик футбол ассоциацияси. Лақаби — “қизил иблислар”.
Ташкил топган йил: 1895 йил (ФИФАга 1904 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Роберто Мартинес
Жамоа сардори: Эден Азар
Илк расмий учрашуви: Бельгия – Франция 3:3 (1904)
Энг йирик ғалаба: Бельгия – Замбия 9:0 (1994)
Энг йирик мағлубият: Бельгия – Англия 1:9 (1927)
Бельгия терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 2-ўринни эгаллаб турибди. Уларнгинг энг яхши натижаси эса 1-поғона ҳисобланади. “Қизил иблислар” 2007 йилда 71-ўринга тушиб кетган ва бу уларнинг тарихидаги энг ёмон натижаси ҳисобланади.
Белгияликлар урушдан олдинги учта жаҳон чемпионатининг барчасида иштирок этишади. Аммо улар ушбу турнирларда унчалик ҳам яхши иштирок эта олишмади.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин вазият унчалик яхшиланмади. Бельгияликлар урушдан кейинги саккизта чемпионатнинг атиги иккитасида қатнашишди ва гуруҳ босқичидан сўнг мусобақа билан хайрлашган. 1954 йилги жаҳон чемпионатида улар Англия билан 4:4 ҳисобида дуранг ўйнаб, илк очколарини қўлга киритишди, 1970 йилда эса Сальвадорни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, илк ғалабасини тантана қилишга муваффақ бўлган.
Шундай қилиб, Бельгия терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги илк ғалабасини қўлга киритиши учун 40 йил керак бўлди.
Бельгия профессионал футболининг юксалиши
Бироқ, Бельгия клублари профессионалликка ўтиши билан вазият ўзгара бошлади. Ўтган асрнинг 70 йиллари охири – 80 йилларнинг бошларида “Андерлехт”, “Брюгге” ва “Мехелен” каби жамоалар мунтазам равишда Европа мусобақаларининг ҳал қилувчи босқичларига чиқа бошлади. Масалан, 1978 йилда “Андерлехт” Кубок эгалари кубогини қўлга киритди, “Брюгге” эса еврокубок финалига чиқди.
Буларнинг барчаси терма жамоанинг ўйинига таъсир қилмай қолмади, унда Ян Кулеманс ёки Энцо Шифо каби Европа миқёсидаги футболчилар майдонга туша бошлади.
Бельгия терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги илк муваффақиятли юришлари 1982 йилга тўғри келади. “Қизил иблислар” Испания майдонларидаги мусобақага Европанинг вице-чемпионлари сифатида келиб, гуруҳда Аргентина ва Сальвадор терма жамоаларини мағлубиятга учратишди, Венгрия билан эса муроса йўлини танлашди.
Аммо кейинчалик улар иккинчи гуруҳ босқичида Польша ва СССРга ютқазган бўлса ҳам, бу “қизил иблислар” учун муваффақиятли давр эди.
Барқарорлик даври
Кейин Белгия яна тўртта мундиалда қатнашиб, уч марта гуруҳдан чиқди ва 1/8 финалларда жуда кучли рақибларга мағлуб бўлди: 1990 йилда - Англия, 1998 йилда - Германия, 2002 йилда - Бразилия.
Белгия терма жамоаси ЖЧ-2014да
Белгияликлар 2006 ва 2010 йиллардаги жаҳон чемпионатларини ўтказиб юборишди, аммо турнирга кўп нарсага қодир бўлган ажойиб футболчилар авлоди билан қайтишди.
“Олтин авлод” ўзининг ҳақиқий кучини Бразилиядаги мундиалда кўрсатди. Гуруҳда учта ғалабага эришган бельгияликлар 1/8 финалда АҚШ термасини қийинчиликсиз мағлуб этишди, аммо кейин Аргентинага 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Бельгия терма жамоаси ЖЧ-2018да
Аммо Россия жаҳон чемпионатида Бельгиянинг “олтин авлод”и финалга жуда яқин келди. Улар гуруҳдан муваффақиятли ўтиб, Япония, Бразилия каби терма жамоаларни мағлубиятга учратиб, ярим финалгача чиқишди. Аммо улар бўлажак чемпионлар Франция қаршилигини синдира олмади. Самуэль Умтитининг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилди. 3-ўрин учун кечган баҳсда эса “қизил иблислар” Англияни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, бронза медалига эга чиқишди.
Турниргача босиб ўтган йўли
Бельгия Қатардаги жаҳон чемпионати учун йўлланмани қийинчиликсиз қўлга киритди. Улар Уэльс, Чехия, Эстония, Беларусь терма жамоалари билан бир гурурҳдан жой олиб, 1-ўрин билан мундиал чиптасига эга чиқишди.
Улар саралаш босқичини муғлубиятсиз якунлашди. Фақатгина Уэльс ва Чехия улар билан дуранг ўйнаб, бир очкога эга чиқишди. “Қизил иблислар” ўтказилган 8 та ўйинда 20 очко тўплаб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллашди. Бельгия рақиблар дарвозасига 25 та гол урган бўлса, ўзлари 6 та гол ўтказиб юборди.
Жамоа етакчилари
Бельгия терма жамоаси анча юлдузли таркибга эга. Умуман олганда, анча йиллардан бери “қизил иблислар”да зўр авлод етишиб чиқмоқда ва ҳозирги таркиб учун Қатар-2022 сўнгги имконият бўлиши мумкин.
Терма жамоа сардори Эден Азар айни пайт бир қанча муаммоларга дуч келган. У “Реал”нинг захира футболчисига айланиб қолди. Аммо Азар ҳамон Бельгиянинг асосий юлдузи бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, Тибо Куртуа, Кевин де Брюйне, Янник Карраско, Ромелу Лукаку, Юри Тилеманс, Леандро Троссард, Тоби Алдервейрелд ва Акцел Витцел каби топ-даражадаги футболчилар ҳам “қизил иблислар” шарафини ҳимоя қилади.
Кевин де Брюйне - сариқ сочли генерал.
Таркибда бундай даражадаги ўйинчининг мавжудлиги муваффақиятга эришиш имкониятини жуда ҳам ошириб юборади.
У АПЛнинг энг барқарор, терма жамоа ва “Манчестер Сити”нинг етакчи футболчиси ҳисобланади.
Бельгиялик ярим ҳимоячининг ажойиб паслар бериш маҳоратини ҳам қайд этиб ўтиш керак. “Шаҳарликлар” сафида Холанднинг кўп гол ураётгани сабабларидан биттаси айнан де Брюйнедир.
Кевин терма жамоа билан чемпионликни қўлга киритиш учун сўнгги имкониятга эга, шунинг учун биз унинг ҳақиқий кучини Қатарда кўришимиз мумкин.
Юри Тилеманс - ярим ҳимоя чизиғининг “мотори”.
Тилеманс ва Витцел ярим ҳимояда ажойиб тандемни ҳосил қилади. Тилеманс рақиб ҳужумларини бузиш билан фаол шуғулланади ва ҳужум ташкил қилишда ҳам жуда фойдали футболчи ҳисобланади.
Уни де Брюйне билан бирга Бельгия терма жамоасининг ажралмас футболчиси дейиш мумкин.
Ромелу Лукаку – “терминатор”
Лукаку анчадан бери майдонга тушмаганига қарамай, терма жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлиб қолмоқда.
Ромелу жамоанинг олд чизиғида жуда муҳим ўрин тутади, чунки у ҳам тўпни ўзида сақлаб туришда ва ўзи учун яратилган яримта имкониятдан ҳам фойдалана олишда ҳам анча фойдали ўйинчидир.
Лукаку биринчи навбатда ўзининг гавдаси билан ажралиб туради, лекин унинг жуссаси катта бўлишига қарамай, юқори тезлиги бор. У терма жамоа сафида 68 та гол урган ва бу билан тўхтаб қолмаслиги аниқ.
ЖЧ-2022даги тақвими
1 тур, 23 ноябрь. Бельгия — Канада
2 тур, 27 ноябрь. Бельгия — Марокаш
3 тур, 1 декабрь. Хорватия — Бельгия
Фикрлар