Ўрунов жамоасиз қолганининг ҳақиқати очилди!
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган футболчилар орасида фақат Остон Ўруновнинг жамоаси йўқ.
Универсал ўйинчининг клублар миқёсидаги фаолиятида муваффақиятсизликка юз тутган бўлса-да, мамлакатимиз бош жамоаси мураббий Сречко Катанец 21 ёшли футболига ишонч билдиришда давом этмоқда.
- Клубсиз юрган футболчисини терма жамоага жалб қилиш жуда кам учрайдиган ҳолат. Лекин Ўрунов жуда катта салоҳиятга ва менга керак бўлган қобилият ҳамда сифатларга эга. Остон майдон марказидан ва қанотлардан ҳужум ташкил қила олади. Унинг универсаллиги катта ютуқ, шунинг учун оптимал даражада тайёр бўлмаса ҳам Ўруновни ўртоқлик учрашувларига жалб қилдим, - деди Сречко Катанец.
Остон Ўрунов “Спартак”даги муаммолар туфайли пойтахтликлар билан 2025 йилгача имзоланган шартномани бекор қилганидан кейин “Урал” сафига кўчиб ўтганди.
Лекин орадан икки ой ўтмасдан, легионеримиз Екатеринбург клуби билан ҳам келишувни бекор қилди. Бунга жамоа бош мураббийи Виктор Гончаренко билан келишмовчилик келиб чиққани сабаб бўлгани айтилди. Зиддият Ўрунов ўзига кам ўйин амалиёти берилаётганидан норозилик билдирганидан кейин содир бўлди.
Россия миллий терма жамоаси футболчиларимиз билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказишини инобатга олган рус журналистлари “Урал” президенти Григорий Ивановдан Остон Ўрунов ҳақида ҳам сўради.
Суҳбат қуйидагича бўлди:
- Ўрунов нега “Урал”да узоқ вақт қолмади? Гончаренко билан зиддият бўлганини ёзишганди...
- Ҳеч қандай можаро бўлмаган. Футболчи “ўзининг жамоаси эмас экан”, деган тушунча бор. Остон ўзи истагандек жамоага бормаган экан. “Урал”да ўзлигини тополмади. Хайрлашишга келишдик.
- Машғулотларда тер тўкмадими?
- Ҳозир ҳамма нарсани очиб ташламайман. Ўзаро шунақа келишув қилганмиз. Яхши муносабатлар билан хайрлашдик.
Остон Ўрунов “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Юртимизда “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
2020 йилнинг бошида Россия премьер-лигасига кўчиб ўтиб, Бошқирдистоннинг “Уфа” жамоаси сафига қўшилди. Ярим мавсум юқори савияда ўйнаган ярим ҳимоячи бир неча клублардан таклиф олган бўлса-да, айрим сабабларга кўра, “Спартак” билан шартнома имзолашига тўғри келди.
Кейинчалик Ўрунов икки маротаба ижара асосида “Уфа”да тўп тепди. Бироқ, бу жамоа қуйи лигага тушиб кетганидан кейин футболчимиз “Спартак”га қайтди ва орадан озгина вақт ўтиб, москваликлар билан хайрлашди.
Шундан сўнг, "Урал" жамоаси аъзосига айланган Ўрунов атиги учта ўйинда кўриниш берди холос.
Ҳозир Ўрунов жамоасиз. Ўзбекистон терма жамоасида саккизта учрашувда қатнашиб, Мальдив ороллари ва Камерун дарвозасига биттадан тўп киритган.
Фикрлар