Ўрунов устозсиз қолди!
Россия премьер-лигасининг 24-турида Москвада “Динамо”дан 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраган “Уфа” бош мураббийи Рашид Раҳимов ўйиндан кейин истеъфо берди ва унинг қарорини клуб раҳбарияти қабул қилди.
Ўтган мавсумда ажойиб ўйин кўрсатган уфаликлар бу гал еврокубок йўлланмалари учун курашиши кутилган эди.Бироқ мавсум омадсиз бошланди ва кўп очко йўқотилди. Натижада 2020 йилнинг 11 октябрида Вадим Евсеев ўрнига жамоа бошқарувига Рашид Раҳимов таклиф этилди ва унга “Уфа”ни премьер-лигада олиб қолиш вазифаси юклатилди.
Унинг қўл остида уфаликлар “Тамбов”ни 4:0 ва “Ростов”ни 1:0 ҳисобида енгди. Бироқ, бу натижалар эски йилда қолиб кетди. Ростовликлар билан бўлган ғалабали ўйиндан бери, Рашид Раҳимов шогирдлари бирор марта бўлса ҳам, уч очкони қўлга кирита олмади. Еттита учрашувдан бир очко олинди холос. Футболчилар фақатгина “Химки”га қарши ўйинда битта гол ура олди. Тўплар нисбати 1:12 кўринишига келди. Бунинг оқибатида жамоа 15-ўринга тушиб қолган ва хавфли ҳудуддан чиқа олгани йўқ.
Жамоани қутқариш учун “Сток Сити”дан олинган Мориц Бауэр, “Олесунн”дан келган Паре Бизоза ва “Спартак”дан қайтарилган Остон Ўрунов ҳам жамоага ёрдам бера олмаяпти. Янги легионерлар орасида фақатгина ўзбекистонлик ярим ҳимоячи мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Лекин Остон ҳам ўтган йилгидек жамоасини ғалабаларга етаклай олгани йўқ.
- Раҳимов жамоани уйғотиш учун кетди. Бу айнан шу вариантни танлади. Биз у билан дўстмиз, Рашид Маматқулович жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Мен унга бажарган иши учун катта раҳмат айтаман. Раҳимов жамоага ўзгача услуб олиб кирди, лекин баъзан шу ҳам етарли бўлмайдиган ҳолатлар учраб туради. Мен учун унинг истеъфосини қабул қилиш жуда оғир бўлди.
“Уфа”нинг янги бош мураббийи ким бўлади? Буни ҳали билмайман. Чунки Раҳимовнинг кетиб қолиши хаёлимизда ҳам йўқ эди. Кейинги учрашувгача бош мураббий бўлмаслиги 100 фоиз аниқ. Шошилиб қарор чиқариш ярамайди. Жамоани ўйинга ёрдамчи мураббийлардан бири тайёрлайди.
Оғир вазият юзага келганига қарамай, мен жамоага, клубга ва мухлисларга ишонаман. Осон бўлмайди, лекин биз премьер-лигада қолиш учун бор кучимиз билан охиригача курашамиз.Ҳозир энг муҳим масала – Грозний шаҳрида бўладиган Россия кубогининг чорак финалидаги ўйин. Бу жуда муҳим ва кейинги босқичга чиқишимиз керак. Бу баҳсдан уч кун ўтиб, “Ахмат” клуби билан чемпионатнинг қийин ўйини бор, - деди жамоа бош директорлигини қабул қилиб олган Шамиль Газизов.
Эслатиб ўтамиз, “Уфа” Остон Ўруновни Россия футболига кашф этиб берган жамоа ҳисобланади. Ўтган йилнинг бошида уфаликлар таркибига қўшилган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи креатив ўйини билан мамлакатнинг етакчи клублари эътиборига тушди.
Бир неча таклифлар орасида Остон “Спартак” чорловини қабул қилди ва москваликлар таркибига қўшилди. Россиянинг энг мураккаб клубида Ўрунов ўзини кўрсатиш учун етарли имкониятга эга бўлмади. Натижада қишки трансферлар вақтида ижара асосида “Уфа”га қайтди. Уфаликлар мавсум охирида 3 миллион евро эвазига ҳамюртимизнинг трансфер ҳуқуқини тўлалигича сотиб олиши мумкин. Агар “Уфа” премьер-лигадаги жойини бой берса, бу трансфернинг амалга ошмаслик эҳтимоли катта бўлади.
Фикрлар