Ўрунов – модалар қироли!
Россия премьер-лигаси қизғин паллада. Ҳозирча, бу лигада фақатгина бир футболчимиз – Остон Ўрунов бор ва ўзбекистонлик футбол мухлислар унга ишқибозлиқ қилмоқда. Қизиғи шандаки, легионеримиз янги мавсумни чемпионликка даъвогар бўлган “Спартак” жамоасида бошлади ва чемпионатни лигада қолиш учун курашаётган “Уфа”да якунлайдиган бўлди.
Қишки трансферлар вақтида “Уфа” бир Остон Ўрунов билан бирга бирт неча футболчиларни қўлга киритди. Улардан бири бурундилик Парфе Бизоза. Футбол оламида деярли танилмаган мамлакатдан келган ярим ҳимоячи уфаликлар таркибидаги биринчи учрашувнинг 13-дақиқасидаёқ қизил карточка олиб, майдондан ҳайдалгани билан машҳур бўлди.
Норвегиянинг “Олесунн” жамоасидан олинган футболчи россиялик журналистларга интервью бериб, ўзи билан бир пайтда “Уфа”га келган Остон Ўрунов ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарди.
“Уфа”га қайтган Остон Ўрунов ҳақида фикринг қандай?
- Остон – ажойиб футболчи. Уни “Спартак”га бежизга таклиф қилишмаган. Ҳа, у ерда бироз омади чопмади, балки ўйин услуби тўғри келмагандир. Лекин у майдонда кўпроқ ўйнаши керак ва шунда ўзининг маҳоратини намойиш қилиб, янада кўпроқ ўсишга эришади. Шунинг учун ҳам “Уфа”га қайтиб, жуда тўғри иш қилди. Ўрунов жамоанинг премьер-лигада қолишига кўмаклашади, клуб эса унинг ўсишига ёрдам беради.
- Ўруновнинг “Спартак”да машҳур брендлардан қимматбаҳо кийимлар харид қилгани овоза бўлган. Жамоадошлар бу борада у билан ҳазиллашиб турадими?
- Мен бу борада ҳеч ким ҳазиллашганини сезмадим. Остон “Уфа”да модалар қироли, бу шундоқ кўриниб туради. Унинг ўзига ярашган жуда яхши услуби бор ва гардеробида зўр нарсалар кўп. Мен ундан кийиниш бобида айрим усулларни ўрганишим керак. Лекин мен “Гуччи”ни “Гуччи” бўлгани учун сотиб оладиган одам эмасман.
Агар менга бирор маҳсулот маъқул келса, брендидан қатъи назар уни сотиб олишга ҳаракат қиламан. Мен ҳатто “H&M”дан ҳам у-бу нарса харид қилишим мумкин. Ўруновга келсак, бу кийимлар унга ёқишига ва унда ўзини қулай ҳис қилиши учун олганига аминман.
Таъкидлаш жоизки, “Уфа” клуби ўзбекистонлик легионер ижараси учун “Спартак”га 5,5 миллион рубль миқдорида маблағ тўлагани ҳақида хабарлар тарқатилди. Футболчининг маошини ҳам тўлалигича уфаликлар кўтаради. Ўрунов “Спартак” билан беш йиллик шартнома имзолаганида йилига 600 минг евро атрофида маош олиши белгиланган эди.
Ўзбекистонлик легионер “Уфа”га мавсум охиригача ижарага берилган. Уфаликларда ёзда футболчини 3 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи бор. Аввалроқ, “Спартак” Остон Ўрунов бўйича расмий трансфер сўровини юборган “Рубин”дан олти миллион евро миқдорида бадал пули талаб қилган эди.
Жорий мавсумда премьер-лига доирасида “Спартак”да саккизта учрашувда майдонга тушган Остон Ўрунов, “Уфа”га ўтгач, асосан бошланғич таркибдан жой олмоқда ва ҳозиргача тўртта баҳсда қатнашишга улгурди.
Айни пайтда, Остон Ўрунов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Тошкент шаҳрида ташкил этилган навбатдаги ўқув-машғулот йиғинида қатнашмоқда.
Фикрлар