“Спартак” ўйинини фақат Ўрунов ва Кокорин ўзгартира олади!
“Спартак” янги мавсумда премьер-лига чемпионлиги ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиши, “Зенит” гегемонлигига барҳам бериши, жамоанинг аввалги етакчилик мавқеини тиклаши асосий мақсад экани айтилган эди.
Россия премьер-лигасининг дастлабки учта тур учрашувидан сўнг, “Спартак” ўзи истаган қудратга эга эмаслиги, мақсадлардаги ғалаба билан, майдондаги ўйин бир бирига ҳамоҳанг эмаслиги кўриниб қолди.
Авваллари кўп чемпионлик серияларига кўникиб қолган “Спартак” кейини йилларда совринли ўринларга ҳам базўр даъвогар бўлмоқда. Москвалик “қизил-оқлар” сўнгги бор 2016-2017 йилги мавсумда бош соврин соҳиби бўлган. Охирги икки мавсумда эса натижалар тобора пастга қараб кетмоқда.
Ўтган мавсумни еттинчи ўринда якунланган жамоа янги чемпионатнинг дастлабки учта ўйинидан иккитасида очко йўқотди. Ҳам италиялик, ҳам германиялик бўлган бош мураббий Доменико Тедеско Москвага келганига қарийб бир йил бўлганига қарамай, жамоада айтарлик янгилик қила олмади. Буни мутахассислар ҳам таъкидламоқда.
Ўз вақтида “Спартак”да мураббий лавозимида ишлаган футбол мутахассиси Валерий Гладилин ҳам ана шундай фикрда. Бу мутахассис жамоа ўйинига ўз муносабатини билдирди.
- “Спартак”нинг ўйинидан айтарли ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Таркиб ўша, тактика ўша. Еврокубокларда ўйнаш иштиёқи қўшилган бўлиши мумкин. Лекин кўзга ташланадиган ўзгариш, янгиланиш йўқ. Энди янги ижрочилар, яъни Остон Ўрунов ва Александр Кокорин ўйинга қўшилса, нималардир ўзгаришига умид қилса бўлади. Улар “Спартак” ўйинига мотивация ва сифат олиб киради. Ҳали жамоа Чемпионлар лигасига чиқиш учун даъвогар клубларга дуч келмади. Ҳозирча, уларга тўқнаш келган “Сочи” ва “Ахмат” премьер-лигада қолиш учун курашадиган жамоалардир. “Уфа” эса ҳақиқий ўртамиёна клуб. Чемпион бўлишни истаган жамоа бунақа рақиблар билан учта ўйинда тўққиз очко олиши шарт, - деди Гладикин.
“Спартак” ҳозирча, беш очко билан олтинчи ўринда бормоқда. Кокорин жароҳати боис ўйинларга тайёр эмас. Остон Ўрунов эса, коронавирусдан даволанганидан кейин, умумий машғулотлардан ташқари, қўшимча дастурлар ёрдамида шуғулланиб, спорт формасини тиклаб олди. “Спартак” мураббийлар штаби ўзбек легионерини “Уфа”га қарши ўтказилган охирги ўйин қайдномасига киритган бўлса-да, ўйинга туширмади.
Шу ўринда, Валерий Гладилин ўз вақтида Россиянинг “Спартак” ва “Локомотив” клубларида ўйнаганини ва футболчилик фаолиятини 1989 йилда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида якунлаганини айтиш жоиз. Ўшанда ярим ҳимоячи наманганликлар таркибида тўққизта учрашувда иккита гол урган.
Фикрлар