Осиё чемпионатининг "Энг яхши боксчиси" энг катта совғани кимдан олди ёхуд унинг Ўзбекистондаги асосий рақобатчиси ким?
Хабарингиз бор, яқиндагина ёшлар ўртасида (U22)Осиё чемпионати якунига етди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритганди.
Қувонарлиси, ушбу чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси” номинацияси ҳам юртдошимиз Нурислом Исмоиловга насиб этди. -71 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган ҳамюртимиз барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпионлигини ҳам қўлга киритганди.
Биз ушбу истеъдодли вакилимиз билан боғланиб, суҳбат қурдик.
- Аввало, Осиё чемпионлиги ва турнирнинг “Энг яхши боксчиси” бўлганингиз билан табриклаймиз!
- Раҳмат.
- Албатта, сўнги йиллардаги муваффақиятларингиз орқали сизни бокс мухлислари анчагина яхши билиб олишгани аниқ. Шундай бўлса-да, батафсил маълумотни ўзингиздан эшитсак, янада қизиқарлироқ бўларди...
- 2002 йил Қўқон шаҳрида таваллуд топганман. 12 йилдан буён “Олтин қўлқоп” клубида шуғулланиб келаман.
- “Олтин қўлқоп” клуби ўзбек боксига анчагина етук кадрларни тарбиялаб берганди. Уларнинг қай бирларига ҳавас қилгансиз ва ҳозирда ҳам маслаҳатлашиб турасиз?
- Албатта, клубда барча нарса бор. Ўз базасига эга, қисқа қилиб айтганда, барча қулайликлар бор. Шунинг учун ушбу масканда яхши боксчилар тарбия топмоқда. Тўғри айтасиз, бу клубдан Элшод Расулов, Сардор Абдуллаев кабилар етишиб чиққан ва уларга ҳавас қилиб, боксда ўз ўрнимизни топишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳозирда ҳам улар ўз маслаҳатларини биздан аямайди.
- Келинг, шу кунга қадар эришган натижаларингизга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Ўсмир ва ёшлар ўртасида 2 карра Ўзбекистон чемпиони ва бир нечта халқаро турнирлар ғолиби бўлганман. Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида 2-ўрин ва ёшлар ўртасида Осиё чемпиони бўлдим. Шунингдек, сўнги катталар бўйича мамлакат чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритдим.
- Барибир спортчининг камол топишида ва натижалар қайд этишида мураббийнинг ўрни жуда катта бўлади. Тўғрими?
- Абатта. Менинг ҳам ютуқларимда барча мураббийларимнинг ўрни бор. Қолаверса, устозим Мансур ака Муқимовнинг кўрсатмалари ва маслаҳатларига қулоқ тутиб, шундай натижаларга эришяпман.
- Бевосита Осиё чемпионатида ҳам шахсий мураббийингиз Мансур Муқимов ҳамроҳлик қилди. Бу ҳам қўшимча мотивация бергандир?
- Худди шундай. Турнир мобайнида ёнимда бўлганлиги ва керакли кўрсатмаларни бериб тургани менга катта ёрдам берди.
- Осиё чемпионати финалида қозоғистонлик Сабиржон Аккаликов билан бўлган жанг назаримда турнирдаги энг қийини бўлди?
- Бундай турнирларда осон жангнинг ўзи бўлмайди. Бироқ, қозоғистонлик рақибим ростдан жуда жиддий қаршилик кўрсатди. Мураббийларимнинг кўрсатмалари билан ғалабани ўз томонимга оғдира олдим.
- Менимча катталар ўртасидаги сўнги Ўзбекистон чемпионатининг финалида ҳам жуда муросасиз жанг ўтказгандингиз?
- Ҳа, чемпионатда тўртта жанг ўтказдим. Барча рақибларим жуда яхши тайёргарликка эга экан. Аммо, финалдаги рақибим Баҳтиёр Ғофуров ҳайрон қолдирди. Қанчалик кучли зарбалар йўллашимга қарамай, жанг якунлангунча муносиб қаршилик кўрсата олди.
- Умуман ўзи терма жамоа йиғинларида кўпроқ кимлар билан спарринг ўтказасиз?
- Вазн тоифамда жуда яхши спарринг шериклар бор. Улар кўпчиликни ташкил қилади. Кўпроқ, Камрон Турғунбоев, Баҳтиёр Ғофуров билан ишлаймиз.
- Осиё чемпионатининг “Энг яхши боксчиси” номинацияси учун ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилган бўлсангиз керак?
- Албатта.
- Сир бўлмаса агар...?
- 1000 АҚШ доллари билан тақдирлади. Янада каттароқ мукофотни “Олтин қўлқоп” клубидан олдим. Яъни, устозим Мансур ака Муқимов клуб номидан менга “Спарк” машинасини совға қилди.
- Кўплаб боксчиларимиз ҳаваскор ва профессионал йўналишни баробар тарзда олиб боришмоқда. Балки сизда ҳам бу борада қандайдир режалар бордир?
- Йўқ. Насиб қилса, ҳаваскор йўналишда жаҳон чемпионати ва Олимпиадада ғалаба қозонганимдан кейин профессионалга ўтишни мақсад қилганман.
- Бу осон бўлмайди. Айниқса, Ўзбекистон миқиёсида 1-рақамли бўлиш анчагина меҳнатни талаб қилади. Бу борада асосий рақобатчи сифатида кимни кўрмоқдасиз?
- Тўғри, лекин ҳаракат қиламиз. Албатта, бу борада Саиджамшид Жафаровни айтган бўлардим.
- Нурислом мазмунли суҳбат учун ташаккур!
- Сизларга ҳам раҳмат.
Фикрлар