Осиё чемпионига айланган U17 терма жамоамизнинг 5 нафар футболчиси “Андижон”да!
“Андижон” клуби Самвел Бабаян бошчилигида янги мавсум учун катта мақсадлар сари курашиши режалаштирилган. Шу мақсадда трансфер ойнасида жиддий селекция ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар 7 нафар янги ўйинчилар билан шартномалар имзоланган. Бундан ташқари, Бабаян клубнинг эртасини, келажагини ўйлаган ҳолда иқтидорли ёшларни ҳам жалб қилмоқда.
Жумладан, яқинда U17 Осиё Кубогида терма жамоамиз сафида қитъа чемпионлигини қўлга киритган ҳамда жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчилардан беш нафари айни пайтда “Андижон” жамоаси йиғинларида қатнашишмоқда.
“Бургутлар” сафида шуғулланаётган ушбу ўйинчиларнинг келажаги порлоқ, ўзбек футболининг эртанги юлдузлари сифатида кўрилаётгани айни ҳақиқат. Демак, “Андижон”да тажрибали ўйинчилар билан бир қаторда футболимизнинг иқтидорлари ёшлари, ёрқин юлдузларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Андижон” клуби Бабаян бошчилигида 24 декабрь куни Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйини доирасида Қатарда “Ал-Аҳли”га қарши майдонга тушади.
Бўлажак учрашувда "Бургутлар"га омад тилаймиз!



Фикрлар