Осон ўйин ва осон ғалабани кутманг!

“ЖЧ-2026”нинг ҳал қилувчи 3-саралаш босқичини ҳам бошлаб олдик. “Бунёдкор” стадионида КХДРга қарши бўлиб ўтган баҳсда терма жамоамиз уч очкони қўлга киритди ва ушбу саралаш босқичини ғалаба билан бошладик.

Рости, ўйиндан олдин кўпчилик вакилларимизни нисбатан осонроқ ютишини ва рақиб дарвозасига минимум учта гол уришини кутишаётганди. Лекин бундай босқичда ва ўртага мундиал чиптаси тикилган баҳсда осон ўйинни ва осон ғалабани кутишнинг ўзи катта хато.

КХДР совға эмаслиги аввалдан маълум эди ва учрашув шунга яраша кечди. Ҳайриятки, биз керакли голни уриб олдик ва якунда ўша биргина голимиз биз учун уч очкони қўлга киритишимизга етарли бўлди. Бироқ корейслар пенальтидан фойдалана олишганида ўйин сурати яна бошқача кечиши аниқ эди. Ҳайриятки, дарвозабонимиз Ўткир Юсупов бизни муқаррар голдан сақлаб қолди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Сречко Катанец тўғри гапирди. Ҳозир бизга чиройли ўйин у қадар муҳим эмас. Натижа ҳамма нарсадан устун. Агар барча учрашувларда мана шундай ўйин кўрсатиб 1:0 ҳисобида ютиб чиқсак биз ҳам розимиз. Аммо зўр ўйнасангу, аммо юта олмасанг, ким уч очкони беради? Ҳеч ким!

Тўғри, терма жамоамиз бундан-да, яхшироқ ўйнай олади ва бунга қодир. Қолаверса, бу циклда ҳар бир учрашув оғир ва мураккаб кечади. Кейинги рақиблар қийинлашиб бораверади. Жамоамиз эса янада кучайиб боришига ишончимиз комил. Айтмоқчимизки, КХДРга қарши ўйинимиз учун йигитларни ортиқча танқид қилишга ҳожат йўқ, бизнингча. Балки терма жамоамиз ушбу босқичдаги энг ёмон ўйинини шимолий кореяликларга қарши беллашувда кўрсатгандир. Бундан кейинги учрашувларда биз янада кучайиб борамиз. Вакилларимиз ўйиндан 3 кун олдин тўпланишди, тўлиқ таркиб билан эса фақат икки кун шуғулландик. Бундай факторлар ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатиши табиий.

Ҳозир термамиз ўйинини чуқур таҳлил қилиб, қандайдир негативларни топишдан маъно йўқ. Бу мураббийларнинг иши. Улар ўйинни кучайтириш ҳақида бош қотиришади. Энди 10 сентябрь куни Марказий Осиё дербисида Бишкекда Қирғизистонга қарши учрашув ҳақида ўйлашимиз керак. Қирғизлар сафарда Эронга 1:0 ҳисобида имкониятни бой беришди. Натижадан ҳам билиш мумкинки, ён қўшнимиз кучли рақибга жиддий қаршилик кўрсата олган. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз шубҳасиз бу баҳсда ҳам уч очкони қўлга киритамиз. Ҳар жиҳатдан кучлимиз ва буни майдонда кўрсата олсак кифоя. Ҳа, осон бўлмайди, бироқ рақибнинг кучини тўғри баҳолаган ҳолда ўз ўйинимизни кўрсатиб, имкониятлардан фойдаланиш керак, тамом. Шунчаки, ўзимизга-ўзимиз вазиятни қийинлаштириб қўймасак бўлгани.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Kola Liga
06/09/2024 12:05
Медицениские ватта дан куйибсилаю