Остоннинг остонасидаги суперўйин

30 октябрь оқшомида футбол шинавандаларининг нигоҳи Наманганга қаратилади. “Навбаҳор” марказий стадионида “оловли” ўйинга ортиқча таъриф шарт эмас.

Дарвоқе, бу 22-турнинг қолдирилган учрашуви доирасида ўтказилади. Бир-бирига муносиб ва мос рақиблар. Иккисининг мақсади аниқ. “Набваҳор” 43 очко билан 2-ўринда, “Насаф” эса 42 очко билан 3-поғонада. Рости, дуранг ҳеч кимни қониқтирмайди. Лекин пешқадам бўлиб турган “Пахтакор”га фойдали. Ҳозирда “Навбаҳор” билан ўртада 6 очколик фарқ бор. Балки “Пахтакор” бу ўйин натижасига унчалик ҳам аҳамият қаратмас. Чунки ҳаммаси уларнинг ўз қўлида. “Навбаҳор” билан “Насаф” ўртасидаги олишув эса балки 2-ўрин эгасини аниқлашда катта туртки бўлиши мумкин. Лекин ғолиб жамоада чемпионлик учун охиригача курашиш имконияти сақланиб қолади.

Осиё Чемпионлар лигасида ёмон иштирок этмаётган “Навбаҳор” ва “Насаф” айни пайтда жуда тиғиз график асосида ўз ўйинларини ўтказмоқдалар. Масалан, иккала жамоа уч кун олдин чемпионатда майдонга тушишган. Мураббийларга бундай пайтда футболчиларининг тикланиш жараёнини муваффақиятли амалга ошириши осон эмас.   

бабаян19

Бир нарса аниқ: бу оддий ўйин эмас. Саргузаштларга ҳамда турли воқеаларга бой учрашув бўлишини ҳозирданоқ тасаввур қилса бўлади. Биласизми, “Навбаҳор” ҳозиргача Суперлигада энг кўп – 39 та гол урган ва ОКМК билан пешқадам бўлиб турибди. “Насаф” эса ўз дарвозасидан шу кунгача энг оз – 14 та тўп ўтказиб юборган. Аммо “Навбаҳор” ҳам дарвозаси дахлсизлигини яхши ҳимоя қила олади. Улар “Насаф”дан сўнг энг оз гол ўтказиш бўйича иккинчи ўринда – 15 та гол.

Демак, кучли ҳужум ва кучли ҳимояга эга бўлган клублар бу сафар майдонда саф тортадилар. Табиийки, ким кучли эканлигини кузатиш бундай пайтда янада қизиқарлидир. Биринчи даврада Қаршидаги баҳсда ҳисоб очилмаган. Жамоалар чемпионатда 53 бор тўқнаш келишган. Устунлик “Насаф”да. Боиси, “Навбаҳор”да 14, “Насаф”да эса 22 ғалаба бор. Яна 17 та учрашувда дуранг кузатилган. Тўплар нисбати 67\79 қаршиликлар фойдасига.

Боя биринчи даврадаги баҳсда 0:0 ҳисоби қайд этилгани ҳақида ёздик. Аммо охирги йилларда ушбу жамоалар ўртасидаги беллашувларда дарвозалар дахлсиз қолганини таъкидлаш даркор.

Шунингдек, бугунги ўйин олдидан иккала жамоада йўқотишлар бор. “Навбаҳор”да Даврон Ҳошимов, Тома Табатадзе, Йован Жокич каби етакчилар жароҳат туфайли майдонга туша олмасликлари айтилмоқда. “Насаф” эса грузиялик плеймейкери Жиагурининг хизматидан фойдалана олмаслиги катта эҳтимол. Бундан ташқари, Рўзиқул Бердиев жамоаси қисқа муддатлар ичида муҳим ўйинларини ўтказишига тўғри келади. “Навбаҳор” билан баҳсдан сўнг 3 ноябрь куни чемпионат доирасида Тошкентда “Пахтакор” билан, орадан 3 кун ўтиб, ўз майдонида энди ОЧЛ 4-турида БААнинг “Шаржа”сиин қабул қилади. Ҳали олдинда Ўзбекистон Кубоги финали ҳам кутиб турибди.

бердиев23

Бабаян бу ўйинда очко йўқотса, у яна наманганлик мухлислар томонидан танқидлар остида қолиши аниқ. Лекин унинг жамоасида чемпионатимиз даражасидан юқори савиядаги Остон Ўрунов бор. Керак бўлса бу футболчининг бир ўзи индивидуал ҳаракатлари билан ўйин тақдирини ҳал қилиши ҳеч гап эмас, худди ОЧЛ доирасидаги “Нассажи”га қарши учрашувдаги каби. Шунинг учун Бердиев жамоасига Ўруновни зарарсизлантириш ҳам осон кечмайди.

Яна бир масала бу ҳакамлар билан боғлиқ. Кўряпсизлар, охирги пайтларда яна ҳакамлар ҳамда ВАР мавзуси авж оляпти. Табиийки, “Навбаҳор” – “Насаф” ўйинида ҳакамлар жамоасига осон эмас. Умид қилардикки, улар яна асосий мавзуга айланиб қолишмасин.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
30/10/2023 18:38
Остоннинг остонаси қаерда? Бу мақолага нима алоқаси бор? Кўчма маэнода ҳам тўғри келмайдику. Кўчма маънодаги сўзлар, қўштирноқ ичида ёзиларди, шекилли?
Узимдааа Мендааа
30/10/2023 09:10
3та клубнинг уйинни курамиз адашмасам Навбахор Насаф 3 очка учун курашади ? Хакамлар эса 4 очка учун курашади ?