Отабек Боймуродов: "Катта масъулиятни ҳис қиламиз ва бизни бутун Сурхондарё кузатиб турибди"

CHERY AUTO

Термизнинг "Сурхон" жамоаси янги мавсум учун амалга ошираётган трансферлари орасида иқтидорли дарвозабон Отабек Боймуродов ҳам бор. Ўтган йилги чемпионатни "Бухоро" сафида ўтказган посбон эндиликда термизликлар шарафини ҳимоя қилади. Боймуродов "Сурхон" матбуот хизматига дастлабки интервьюни берди.

Tecno

- Отабек, ассалому алайкум. Аввало, "Сурхон" таклифи қандай пайдо бўлди ва нима учун айнан шу клубни танладингиз?

- Менга жамоа бош мураббийи, ҳурматли Станислав Петрович қўнғироқ қилди ва менинг фаолиятим ривожи учун энг истиқболли деб ҳисоблаган лойиҳа ҳақида гапириб берди. Шунингдек, бу шаҳар мен учун бегона эмас — онам айнан Сурхондарёда туғилиб, шу ерда вояга етган

- Сиз мамлакатимиздаги энг яхши ёш дарвозабонлардан бири сифатида эътироф этилмоқдасиз. Шу билан бирга "Сурхон" сафида ёш посбонлар Дилшод Йўлдошев ва Даврон Мерганов ҳам бор. Умуман олганда, рақобатга қандай қарайсиз?

- Аслида мен соғлом рақобатни жуда яхши кўраман, чунки рақобат ҳар куни ўсишга ва ривожланишга йўл беради. Мен Дилшод ва Давронни яхши биламан ва уларни жуда ҳурмат қиламан — уларнинг иккаласи ҳам жуда яхши дарвозабонлар. Мен икковидан ҳам бироз ёшман, аммо бу аҳамиятга эга эмас, умид қиламанки, биз бир-биримиздан ниманидир ўрганамиз

- Жамоада футболчилар сизни қандай қабул қилишди ва кимлар билан аллақачон дўстлашиб улгурдингиз?

- Жамоада муҳит жуда яхши. Йигитларнинг аксарияти билан аллақачон танишман — кўп болалар билан турли жамоаларда бирга ўйнаганмиз. Шахсан танимаган йигитлар билан ҳам танишиб олдим. Энг кўп Даврон Мерганов билан мулоқот қиламан

- 2023 йилда сиз У20 Осиё Кубоги чемпиони бўлдингиз ва турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилдингиз. Айтиш мумкинки, ёшлигингиздаёқ барчасига эришиб бўлдингизми ёки асосий ютуқлар ҳали олдиндами?

- Менимча, барча муҳим ютуқлар ҳали олдинда. Мен бунга ишонаман ва шунга интиламан. Осиё Кубоги аллақачон тарихда қолди, энди олдинга қадам ташлаб, янги чўққилар сари ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон футболи қандай ривожланаётганига қаранг. Янги майдонлар қурилмоқда, футболчилар учун аъло шароитлар яратилмоқда. Шунинг учун меҳнатим орқали катта ютуқларга эриша олишимга ишонаман. Энг муҳими — ўз устингда ишлаш

- Ушбу мавсум учун клуб раҳбарияти жамоа олдига қандай вазифалар қўйди?

- Бизда ёш жамоа ва катта салоҳиятга эга футболчилар бор. Барчамиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз. Ташқаридан кузатиб "Сурхон" ёш футболчиларга катта эътибор қаратаётганини кўрардим. Қисман айнан шу сабабли ҳам мен ушбу жамоа сафида тўп суришга рози бўлдим. Бизнинг вазифалар ва мақсадларимиз максимал даражада юқори

- Қайси машҳур дарвозабоннинг ўйинини кузатиш сизга ёқади ва нима учун?

- Аввало, мен Мануэль Нойернинг ўйинини кузатишни яхши кўраман. Бу дарвозабон ўн йилдан ортиқ вақт давомида ўз даражасини намойиш этиб, биринчи рақам бўлиб келган. Аммо айнан ўйин услубига тўхталадиган бўлсак, менга Тибо Куртуа яқинроқ, чунки у ҳам жуда баланд бўйли. Мен унинг ўйин услубини такрорлашига, дарвозабон учун зарур бўлган барча сифатларни ундан ўрганишга ҳаракат қиламан

- "Сурхон" мухлисларига тилакларингиз.

- Ҳар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз. Биз катта масъулиятни ҳис қиламиз — бизни бутун Сурхондарё кузатиб турибди. Мухлислар бизга ишонади ва қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир учрашувда натижа учун бор кучимизни беришга ҳаракат қиламиз

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!