Отабек Шукуров: "Биз ҳам ярим ҳимояда 3 ёки 4 футболчи билан ўйнашни истаймиз!"
SPORTS.uz сайти журналисти Билолбек Имомов Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси ҳисобланган Отабек Шукуров билан қисқача интервью ташкил қилди.
Ҳамюртимиз Жаҳон чемпионатидан кутилмалар, жамоанинг майдон марказида 2 ярим ҳимоячи билан ҳаракат қилиши, терма жамоага чақирилмаган футболчиларнинг пост ёки сторислари ҳамда Канададан учралган мағлубият ҳақида гапириб ўтди.
1. Канадага қарши мағлубиятдан сўнг кўплаб ўзбекистонлик журналистлар ва мухлислар жамоанинг майдон марказидаги бўшлиқлари, муваффақиятсиз ҳаракатларини алоҳида таъкидлашмоқда. Шу ҳақида фикрингиз қандай?
Авваламбор Ассалому Алайкум. Канада билан ўйинда марказда яхши ҳаракат қила олмадик. Тўғрисини айтсам, жароҳат билан ҳаракат қилдим. Бу жароҳат эса умуман югуришга бермади. Бундан ташқари, биз анчадан буён ўртада 2 та футболчи билан ўйнаймиз, рақибларимиз эса одатда 3 ёки 4 та ярим ҳимоячи билан бизга қаршилик кўрсатади. Бу тактикада сиз уларга тўпни беришга мажбур бўласиз, шу сабабли биз қарши ҳужумда ўйнашга интиламиз. Биз шу тактикада шаклланиб келганимиз учун, натижали футбол хоҳлаганимиз учун шу тактикада ўйнаймиз.
Албатта, биз ҳам ярим ҳимояда 3 ёки 4 кишилашиб ўйнашни истаймиз. Ҳеч бўлмаса-да, ўртада 3 киши бўлиб майдонда ҳаракат қилсак, яхши бўларди. Аммо шуни ҳам таъкидлаш жоиз, терма жамоада биринчи ўринда натижа туради. Агар ўртада зўр ўйнасангиз ҳам, натижа қилиб бера олмасангиз, ҳамма ёмонга чиқади.
Канада билан беллашувда унча ўйинимиз чиқмади, ўзим оғриқ билан майдонга тушдим. Шу боис, қийинчиликка дуч келдим ва иккинчи бўлимда захирага олиндим. Ўзи учрашувдан аввал ҳам ўйнаш ниятим йўқ эди, лекин оёғимнинг оғриғи билан ўйнашга мажбур бўлдим.
Бироқ, Алҳамдулиллаҳ ўйинни ўтказиб олдик. Тўғри, ютқаздик, мухлислар эса биздан ҳар доим натижа кутишади. Футбол шундай нарсаки, ўйинни битта жамоа ютади.
Жаҳон чемпионатида ҳам, ўртоқлик баҳсларида ҳам осон терма жамоанинг ўзи йўқ. Буни ҳар бир футбол ишқибози тўғри тушуниши зарур. Қайсидир мухлис бизнинг чемпион бўлишимизни кутяпти, аммо футболни тушунган одамлар бу натижага эришиш қанчалик қийинлигини билиб турибди.
Бизнинг олдимизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Аввало, буни уддалашга ҳаракат қиламиз. Гуруҳимиз ҳам жуда кучли гуруҳ ҳисобланади. Биринчи тўқнашувга тўғри тайёргарлик кўриб борсак, насиб қилса яхши натижаларга эришамиз.

2. Терма жамоамиздаги ички муҳит ҳам ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
Терма жамоада ички муҳит аъло даражада, ҳаммаси жойда. Барибир ҳозир кучли юкламалар билан машғулот ўтказяпмиз, Канадага қарши ўйинда ҳам бу сезилди. Чунки мураббийларимиз жисмоний ҳолатимизни яхшилашга эътибор қаратишяпти.
Мундиал олдидан бироз ташласак керак, кўпроқ ўйинга бор концентрациямизни йиғишга ҳаракат қиламиз.

3. Фабио Каннаваро томонидан Жаҳон чемпионатига чақирилмаган футболчиларнинг ижтимоий тармоқларда пост, сторис ва подкастларда иштирок этиши ҳақида фикрингиз қандай?
Албатта, барча футболчилар терма жамоа билан мундиалга иштирок этишни, жамоасига ёрдам беришни хоҳлайди. Бу насиба ва тақдир билан боғлиқдир. Шунингдек, Аллоҳ насиб қилса, борасиз, агар насиб қилмаган бўлса, ўйнай олмайсиз. Ким интервью беради, пост ёки сторис қўяди — бу футболчини ўзининг хоҳишига боғлиқ. Аммо ким меҳнат қилган бўлса, терма жамоа билан Жаҳон чемпионатига боришга ҳақли, деб ҳисоблайман.
Мен халқимиздан қўллаб-қувватлаб туришларини, дуо қилишларини сўраб қолган бўлар эдим. Биз фақатгина Канадага қарши ўртоқлик ўйинида мағлуб бўлганимиздан сўнг барча ёмонлаб ёзяпти, балки бу бизнинг фойдамизга ишлар. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз, бу биз учун жуда ҳам катта тажриба бўлади. Ин Шаа Аллоҳ кейинги мундиалларда иштирок этсак, секин асталик билан натижа кутиш — мақсадга мувофиқдир. Биз ҳам жамоамиз билан бўлажак муҳим турнирда бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, яхшироқ натижа қайд этган ҳолда, юртимизга қайтишни истаймиз.

Фикрлар