Отабек Холматов ва Лей Вуд чемпионлик жанги музокаралар муддати якунланишига оз қолмоқда. Вазият қандай?
Профессионал бокснинг ярим енгил вазн тоифасида (57 кг) WBA жаҳон чемпионлик камари учун ҳамюртимиз Отабек Холматов мажбурий даъвогар ҳисобланади. WBA ташкилоти ушбу вазн чемпиони Лей Вуд ва Отабек Холматов жангига расман буйруқ бериб, 30 июнга қадар муддат белгилаган эди. Аммо Вуднинг промоутери Эдди Ҳирн бу жангни ташкил этишга у қадар катта қизиқиш билдирмаяпти.
Matchroom компанияси сентябрь ойида Вуд ва Жош Уоррингтон баҳсини Англияда ташкил қилишни режалаштирмоқда.
Эдди Ҳирннинг такидлашича, агар Вуд камарини вакант қолдирса, Matchroom'нинг ушбу вазн тоифасидаги 2-рақамли боксчиси Раймонд Форд вакант камар учун Холматовга қарши жанг ўтказиши мумкин. Ёки Холматов бироз кутиб туриш таклифини қабул қилса (маблағ эвазига) Вуд ва Оуррингтон баҳс ғолибига қарши жанг кафолатланади.
"Бу қийин жанг. Холматовга қарши баҳс яхшигина ҳавфли. У ҳали баъзи жабҳаларда исботланмаган, аммо истеъдодли. Мен буни "қуруқ" жанг демоқчи эмасман, лекин Холматов у қадар таниқли эмас. Шунингдек, мажбурий даъвогар экан, биз у билан ҳисоблашишга мажбурмиз, у билан жанг қилишимиз керак", - дейди Matchroom компанияси раҳбари Эдди Ҳирн Boxing Social порталига берган интервюсида.
Хали Отабек Холматовнинг жамоаси билан музокаралар тўлиқ бошланмаган. Эдди Ҳирд эса Холматов яна битта жангга қўйиб бериб, кутиб туришига умид қилмоқда.
"Биз Холматовнинг жамоасидагилар билан бир қанча суҳбатлар ўтказдик. Булар ҳозирча бесамар бўлиб турибди. Қаранг, биз "City Ground" аренасида Вуд-Оуррингтон жангини ташкил этмоқчимиз. Қолаверса, мен кўп ҳам тилга олмайдиган жангчи ҳам бор. Бу WBA'да 2-рақамли Раймонд Форд. Агар камар вакант қоладиган бўлса, бу камар учун Форд-Холматов тўқнашуви ҳам бўлиши мумкин. Мен гаров сифатида уйимни қўйишим мумкинки Форд Холматовни мағлуб эта олади", - дея қўшимча қилади у.
WBA рейтингида 2-рақамли боксчи ҳисобланган Раймонд Форд (14-0-1, 7КО) яхши даражадаги, аммо мағлуб этса бўладиган боксчи ҳисобланади. У 2021 йилда у қадар кучли бўлмаган Аарон Перез билан 8 раундли баҳсда дуранг қайд этган. Иккинчи томондан Ҳирн Холматов ҳақида кўп маълумотга эга эмас. У нафақат Форднинг, балки амалдаги чемпион Лей Вудни ҳам мағлуб этиб, сентябрда режа қилинган Вуд-Оуррингтон тўқнашувини "бузиши" эҳтимоли катта.
Отабек Холматов SPORTS.uz сайти муҳбири билан суҳбатда навбатдаги жанги албатта чемпионлик учун бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Демак, Холматовнинг жамоаси Лей Вудга Оуррингтон билан жанг қилишига рухсат бермаса, катта эҳтимол билан камар вакант қилиниши мумкин. WBA эса вакант камарга Холматов ва рейтингги энг юқори боксчини жангга буюради. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг!
Жалол Ахмедов
Фикрлар