Ўтган йилги муваффақиятсизликдан қандай хулоса чиқарди? Ёхуд "Қўқон-1912"да иш бошлаган Даврон Файзиев ҳақида

“Қўқон-1912” жамоасида Бахтиёр Ашурматов бош мураббий бўлиб ишга киришганидан кейин таркибни кучайтириш билан бирга мураббийлар штабига ҳам жиддий эътибор беришни унутмади ва ёнига ўзи билан малакали мутахассисларни тўплади. Яқинда эса сиз-у, бизга яхши таниш бўлган мураббий Даврон Файзиев ҳам Қўқон жамоасида расман иш бошлади. У бош мураббий Ашурматовга яқиндан ёрдам бермоқда. Ўтган йили Самарқанднинг “Динамо” клубини бошқарган чоғида турли қийинчиликларга дуч келди, охир-оқибат унинг ўзи ҳам мавсум якунига етмасдан истеъфога чиқди ва жамоаси ҳам Суперлигани тарк этди. Эндиликда эса Файзиев янги мавсумда қўқонликлар жамоасида фаолият олиб борадиган бўлди.

Файзиевнинг “Қўқон-1912”да иш бошлаши ҳақида

Даврон Орипович, ҳозирда бутун диққат-эътиборини янги клубига қаратган. Унинг бош мураббий Бахтиёр Ашурматов билан қалин муносабатда эканлигини яхши биламиз. Шу боисдан Файзиевнинг “Қўқон-1912”да иш бошлашида бевосита Ашурматовнинг роли катта эканлигини унинг ўзи қуйидаги фикрлари орқали тасдиқлаб ўтди.

- Ҳамма яхши билса керак, биз Бахтиёр билан ёшлигимиздан дўстмиз. У эса Қўқон жамоасида биргаликда ишлашни таклиф қилганида йўқ деб жавоб бера олмадим. Ҳолбуки, менга бошқа клублардан ҳам худди шундай лавозимга чақирувлар бор эди. Лекин яқинда дадам вафот этди. Шу боис аслида ҳам бошқа таклифларга унчалик жиддий қарай олмадим. Қолаверса, бу борада вақт ҳам йўқотдим. Чунки бирор-бир жамоани бошқариш учун менда деярли вақт қолмаганди. Бундай вазиятда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаш вариантлари бор эди. “Қўқон-1912”да 2 февралдан иш бошладим. Унгача селекция ишларида маслаҳатлашиб тургандик. Зиммамга юклатилган вазифани бажариб қўлимдан келганича жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Кўряпсиз, бу йил жамоа янги мураббий қўл остида янгитдан шаклланяпти. Бунинг учун мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Биласизми, Қўқон шаҳри, унинг мухлислари ва жамоаси ҳам мен учун бегона эмас. Доимо улар билан ўртамизда илиқ муносабатлар бўлган.

Қўқонликларнинг янги мавсумга тайёргарлиги қандай кетмоқда?

Янги тузилган мураббийлар штаби томонидан жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда унинг якуний босқичи давом этмоқда. Айтиш керакки, бу борада Даврон Файзиев ҳам кутилганидек яқиндан кўмаклашиб келмоқда. У эса ўз навбатида янги жамоасининг тайёргарлиги ҳақида гапириб ўтди.

- Клубга келадиган бўлсак, ишларимиз яхши, ёмон эмас. Футболчилар учун ҳамма шароитлар раҳбарият томонидан ташкил қилиб бериляпти. Бу эса ҳар қандай мураббий учун катта плюс. Жамоа ўз иқтисодиётидан келиб чиққан ҳолда трансферларни амалга оширяпти. Бунинг учун раҳбарият билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориляпти. Футболчи таклиф қилинаётганида унинг номига, фамилиясига эътибор қаратилаётгани йўқ. Иложи борича жамоанинг ўтган йилги ўзаги сақлаб қолинди. Фақат уларнинг ёнига 3-4 нафар футболчи қўшиляпти, бусиз ҳам иложи йўқ эди. Барибир қишки йиғин давомида келди-кетдилар рўй бериши табиий ҳол. Энди янги мавсумни кўтаринки руҳда бошлаб олишга тайёргарлик кўряпмиз. Аста-секин “Қўқон-1912” спорт формасига кириб боряпти. Лекин олдимизда турган саноқли кунлар ичида яна айрим бажарадиган ишларимиз бор. Умид қиламанки, барча йигитларимиз чемпионатга яхши спорт формасида кириб боришади.

файзиев4

Жамоанинг янги мавсумдаги мақсади қандай?

Ўйлаймизки, қўқонлик мухлисларнинг севимли жамоасидан янги мавсумда умиди катта. Улар ўтган йилги хато ва камчиликлар яна такрорланишини асло хоҳлашмайди. Қизиқ, “Қўқон-1912”нинг олдига аниқ мақсад қўйилдими? Бу масалада Файзиев қуйидагича жавоб қайтарди.  

- Тўғриси, биз ҳозирча жамоа раҳбарияти билан бафуржа ўтириб, янги мавсум олдидан мақсад ҳақида гаплашганимиз йўқ. Чунки жамоа Тошкентда йиғин олиб бораётганди. Янги мавсум арафасида раҳбарият билан мақсад ҳақида гаплашилади. Тан олиш керакки, бугунги кунда “Пахтакор” бошқаларга нисбатан икки бош устун. Буни Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки иккита ўйини ҳам кўрсатиб берди. Албатта, бу “Пахтакор”ни олдиндан чемпион ёки рақиб жамоани мағлуб бўлди дегани эмас. Лекин ҳозирда “Пахтакор” энг кучли клуб бўлиб турибди. Ўйлашимча, қолган барча жамоалар бир хил даражада. Шунингдек, мавсум давомида омадга ҳам кўпроқ боғлиқ бўлади деб ҳисоблайман. Албатта, қўқонлик мухлисларнинг севимли жамоасидан умиди катта. Тошкентдаги назорат учрашувларида ҳам улар жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришибди. Фарғонадаги “Ҳоким Кубоги”да ҳам ишқибозлар фаоллик кўрсатишди. Бу борада улардан миннатдормиз.

“Динамо”даги омадсизлик унинг фаолиятига салбий таъсир қиляптими?

Файзиевнинг олдинги ишлаган жойларига эътибор қилсак, у асосан меҳнаткаш жамоаларни шакллантириб келган. Лекин доим ҳаммаси бир текисда кетавермайди. Айниқса, ўтган йили “Динамо” билан муваффақиятсизликка учрагани балки Даврон Файзиевнинг мураббийлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгандир. Ёки бу масалада унинг ўзи бошқача фикрдами?

- Тўғри айтдингиз, ишлаган клубларимда асосан меҳнаткаш жамоани шакллантириб келганмиз. Бюджети ўртача бўлган клубда шундай таркибни туза олганимиздан бир хил пайтларда хурсанд бўламан. Иккинчи томондан эса хафа ҳам бўламан. Кам бюджет билан 5-6 та ўйин, нари борса бир давра ўйнаш мумкин. Аммо йил давомида сизнинг ихтиёрингизда тажрибали футболчилар бўлмаганидан кейин барибир жамоа қийналиб қолар экан. Мураббий сифатида эса ўзимга таъсир қилди. Жиззахда ва Самарқандда ишлаган бўлсам, ўшанда у ердаги вазиятни ҳамма яхши биларди. Мен бюджети яхши бўлган пайтларда ишлаганим йўқ. Масалан, ўтган йили ҳам энг паст бюджет бизнинг жамоамизда бўлганди. Натижа эса биргина мураббийгагина боғлиқ бўлиб қолмайди-да. Аслида бу натижа клубдаги ҳамма-ҳаммага боғлиқ. Ҳар қандай мураббий клуби билан совринли ўринларга чиқишни истайди. Лекин боя айтганимдек, биргина мураббийни айблаш ҳам нотўғри. Аммо футболда ёзилмаган қонун бор: ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади. Қийин шароитда эса ҳамма ишни фақат мураббийнинг ўзига ташлаб қўйиш ҳам нотўғри. Тўғриси, бунгача ишлаган клубларимда озми-кўпми бошқа ишларни ҳам бажаришимга тўғри келди. Лекин энди бу ҳақида гапириш ҳам нотўғри бўлади, чунки бўлар иш бўлиб ўтди, ҳаммаси ортда қолди. Лекин бир нарсага амин бўлдимки, бюджети салмоқли бўлган жамоада ишлаш мураббийга осонроқ бўлади. Ҳозирда айнан молиявий жиҳатдан яхшироқ имкониятларга эга бўлган клубларда фаолият олиб бораётган мураббийларга нисбатан енгилроқ бўлаётганини энди тушуниб етяпман. Ўз ишимни таҳлил қилиш жараёнида вақт камлиги, бундай пайтда сиздан фақат натижа талаб қилинаётган пайтда меҳнат қилиш нақадар қийинлигини тушундим. Барибир касбингиз тақозоси юзасидан бошқа жамоаларда ишлаётган мураббийларнинг ишини кузатиб баҳо берасиз. Масалан, “Андижон”ни бошқараётган Александр Хомяковнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрган ҳолда унга қанчалик қийин бўлаётганини яхши тушуниб турибман. Мана шундай пайтларда мураббийни ҳам тўғри тушунишларини хоҳлардим. Нолишга ҳожат йўқ, Қўқонда ниятлар катта. Биринчи ўринда эса жамоа тарихини яхши билиш керак. Москвага бориб “Локомотив”да амалиёт ўтаган чоғимизда бир нарсага аҳамият қаратдимки, клубга ким янги келишидан қатъий назар уни биринчи навбатда жамоа мезейига олиб кириб тарихи билан таништиришар экан. Мен ҳам “Қўқон-1912”га келгунимга қадар клуб тарихини эшитганман-у, аммо яхши билмасдим. Мана, эндиликда жамоа тарихини яқиндан ўрганиб чиқяпман. Клубда иш бошлаганимда биринчи навбатда шу жиҳатларга эътибор қаратдим. Масалан, жаҳонда биринчи бўлиб Англияда футбол ташкил этилган бўлса, Ўзбекистонда илк бор Қўқонда футбол жамоаси ташкил этилган. У футболчи бўладими ёки мураббийми, қаергадир келдими, албатта ўзидан яхши ном қолдириши керак. Шундай экан, Қўқонда ҳам ўзимиздан илиқ таассурот қолдириш учун ҳаракат қиламиз. Футбол мухлислар учун ўйналади деб ҳаммамиз айтамиз. Биз эса ана ўша ишқибозларимизнинг меҳрини қозонишимиз керак.

файзиев2

Даврон Файзиев ўзини етакчи клубларда тасаввур қила оладими?

Бош мураббий сифатида “Сўғдиёна” ҳамда “Динамо”да ишлагани сабабли кўпчилик уни ўртамиёна клубларда ишлайдиган меҳнаткаш мураббий сифатида тасаввур қиладилар. Лекин мураббий ўзини етакчи клубларда ҳам тасаввур қила оладими? Бу борада унинг имконияти қандай? Бу масалада гап кетганда шундай фикр билдирди.

- Ўзимда ҳам етакчи клубларда ишлаш ниятим бор. Айниқса, юқори вазифаларни бажариш йўлида ишлаш жуда қизиқарли бўлади. Бунинг учун ўқиб изланишда давом этаман. Катта мақсадларни бажариш йўлида ишлашдан қўрқмайман. Қачондир ушбу истагимга эришишга ҳаракат қиламан. Тўғри, сиз айтиб ўтганингиздек, асосан қутқарувчи вазифасида ишладим ва бунга кўпчилик ўрганиб ҳам қолган. Лекин бу ҳам мураббий учун бир синов. Жамоа тузиш ёки уни шакллантиришда қўрқаётганим йўқ. Агар яхши бюджетга эга бўлган жамоадан таклиф бўлса иккиланмасдан бу чорловни қабул қилишим мумкин.

Файзиев нимадан уялмаслигини айтди

Вазият тақозоси билан бунга қадар ишлаган клубларида бош мураббий сифатида фаолият кўрсатиб келган Даврон Файзиев эндиликда ёрдамчи мураббий вазифасида ишга киришди. Бу эса кейинчалик уни бирор жамоада бош мураббий бўлиб ишлаш имкониятига қандай таъсир кўрсатади? Мутахассиснинг жавоби эса қуйидагича бўлди:

- Ҳар доим бош мураббий бўлишни орзу қилмаганман. Ҳаётим футбол билан боғлиқ. Ёрдамчими ё катта мураббийми, фарқи йўқ, меҳнат қилишдан қўрқмайман ва қандай лавозимда ишлашимдан қатъий назар уялмайман. Балки бошқалар фақат бош мураббий бўлишни исташар, аммо менда бундай хоҳиш йўқ. Ёрдамимга кимдир эхтиёж сезса, иккала томоннинг фикри бир жойдан чиқса унда ишлаш мумкин. Ёрдамчи мураббий бўлиб ишласам нима қилибди?! Бундай лавозимда ҳам сиз бош мураббий каби ўша жамоага ўз ёрдамингизни беришингиз мумкин. Агар менга бошқа клубдан таклиф бўлса, буни “Қўқон-1912” раҳбарияти билан кўриб чиқамиз ва келишсак бошқа таклифни қабул қилишим мумкин. Лекин ўз ихтиёрим билан бошқа таклифни қабул қилишга менинг ҳаққим йўқ. Чунки менинг “Қўқон-1912” билан шартномам бор.

Янги мавсум олдидан

Яна саноқли кунлардан кейин янги мавсум старт олади. Хўш, жорий йилги чемпионат ўтган йилгидан нимаси билан фарқ қилиши мумкин? Ёки яна ўтган йилгидек ўтадими? “Пахтакор”га кимлар рақобат кўрсатиши мумкин? Даврон Файзиев эса бошланаётган мавсум хусусда шундай деди:

- Ўйлашимча, янги мавсум ўтган йилгидан кўра қизиқроқ ўтади. Бизда футбол мавсуми бошланди десак ҳам бўлаверади. “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги иштирокига футбол байрамини бошлаб берди. Кутилганидек, бу клуб яна совринлар учун асосий даъвогар бўлса, аммо ўтган йилгидек катта фарқ билан чемпион бўлиши қийин бўлади деб ўйлайман. “Навбаҳор”, “Сурхон”, “Сўғдиёна”, “Бунёдкор”, “Локомотив” жамоалари ҳам юқори вазифалар ҳақида очиқ-ойдин айтишяпти. Уларнинг қаторига нима учун “Қўқон-1912”ни қўшмаслигимиз мумкин? Юқорида айтганимдек, “Пахтакор”дан ташқари қолган барча жамоалар бир хил ҳолатда. Ҳар бир клубнинг янги мавсум бошидан ўз олдига қўядиган вазифалари бўлади. Менимча, бу чемпионат жумбоқ жамоалар кўп бўлади. Аммо ким қандай тайёргарлик кўрганини мавсум кўрсатиб беради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдусамат Жураев
22/02/2020 07:25
ОЗГИНА ОМАДСИЗ МУРАБИЙ АТАК ИШИНИ ЯХШИ БАЖАРАДИ
&
Asqar Xan
21/02/2020 23:22
Qo'qon-1912 jamoasi mavsumni yaxshi boshlab olsin omad