"Ўтган йили "Нефтчи" "Пахтакор"га муаммолар туғдира олди, кейинги сенсация "Бухоро"га тегишли" - Суперлиганинг 2-тури олдидан Мурзоев жамоаларнинг имкониятларини қандай баҳолади?

10-13 март кунлари Суперлиганинг 2-тур учрашувлари ўтказилади. Барча жамоалар бўлажак баҳсларга жиддий тайёрланишяпти. Кимдир илк ғалабаси учун ҳаракат қилаётган бўлса, бошқалар навбатдаги ғалабасини қўлга киритиш илинжида.

Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев Sports.uz учун 2-тур олдидан 7 та жуфтликдаги имкониятлар хусусида гапирди.

“Нефтчи” – “Пахтакор”

- Албатта, “Нефтчи” ва “Пахтакор” ўртасидаги тўқнашуви - ўзбек классикоси кўп йиллар давомида бизга чиройли ва шиддатли ўйинларни намойиш қилган. Сўнгги йилларда “Нефтчи” жамоаси молиявий ва бошқа сабаблар натижасида биз кутган классиколарни кўрмаётгандик. Лекин ўтган йили “Нефтчи” “Пахтакор”га қарши учрашувларда муаммолар туғдира олди. Бу йил фарғоналикларни мавсум стартини омадли бошлаши ва “Пахтакор”нинг илк турда қоқилиши бу учрашувга яна эски шонли даврларни қайтаради. Кутишимиз шундан иборатки, барибир яхши ўйин бўлади. Иккала жамоанинг имкониятларига келсак, менимча, дастлабки 3-4 та турларда барча клубларни 50х50 баҳолаш мумкин. Ҳозир мавсум бошланиши ва баъзи-бир боғламларда ўйин билан боғлиқ ҳолатларда ва умуман чемпионат аввалида хоҳлаймизми-йўқми, профессионал ҳаяжоннинг мавжудлиги, ҳар бир очко учун қўйилаётган қадамлар жиддий олинишини ҳисобга олсак, менимча 50х50.

“Сўғдиёна” – “Олимпик”

- Ушбу учрашув ҳам шиддатли ўтиши кутиляпти. “Олимпик” жамоаси бу биз билган ёш футболчилар. Менимча, “Пахтакор” устидан қозонган ғалабасидан сўнг ўз кучига бўлган ишончи ортганини ҳисобга оладиган бўлсак, “Сўғдиёна”га бир мунча қийинроқ бўлади. Жиззахликларни уй учрашувидаги аламли мағлубияти руҳий ҳолатига озгина бўлса ҳам таъсир кўрсатади. Лекин боя айтиб ўтганимдек, жамоаларнинг имкониятлари борасида кўп клубларга 50х50 вариантини қолдираман. Фақат бу жуфтликда 55х45 деган бўлардим. “Олимпик”ни ғалаба билан бошлаши бунга сабаб. Аммо дастлабки турларда клубларнинг имконияти тенг ёки бир-бирига яқин бўлади.

олимпик2

“Навбаҳор” – “Металлург”

- Ушбу жуфтликда бироз кўпроқ ҳолатда устунликни “Навбаҳор”га берсак бўлади. Биламиз, Наманган жамоаси сўнгги 2-3 йилда анча шаклланди. Жамоа негизи сақлаб қолинган ҳолатда йилдан-йилга кучайиб боряпти. Биринчи турда йирик ҳисобда ютди. Иккинчи турда ҳам “Навбаҳор”да устунлик кўпроқ бўлади. Лекин “Металлург” клубини бу баҳсда дарров мағлуб бўлишини айтиш ҳам қийин. Ўтган мавсум ва ундан олдинги чемпионатда Наманганда “Навбаҳор” бу рақибига қарши қийин учрашувларни ўтказганди. Узоққа бормаймиз ва 60х40 “Навбаҳор” фойдасига.

“Сурхон” – “Андижон”

- Ушбу ўйин ҳам ўзининг руҳида қизиқарли ўтади. Иккала жамоа ҳам янги шаклланяпти. “Андижон” ҳақиқатан биринчи турда ҳақиқий сенсация намойиш қилди. Ўз ўрнида “Сурхон”ни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ОКМКга қарши оғир учрашувда ҳисобда олдинга чиқиб олганини назарда тутадиган бўлсак, бу турда ҳам қизиқарли қарама-қаршилик бўлади. Очиғи, имкониятларни 50х50 баҳолайман.

“Қизилқум” – “Бухоро”

- Бу ўйин ҳам ўзгача шукуҳ остида ўтади. Нимага кўп жамоаларга бир хил фикр билдираётганимизни сабаби, дастлабки тур учрашувларида нафақат рақиб жамоа сизнинг ўйинингизни ўрганган бўлади, ҳаттоки, ўзингиз ҳам ҳали жамоангизни тўлиқ салоҳияти, даражаси ва жисмоний ҳолатининг ечимини топишга улгурмаган бўласиз. Шунинг учун ҳам 1-2-турларда клубларнинг тенгроқ руҳда ўйнаши ва қарама-қаршилик тенг курашлар остида ўтишини тахмин қиляпман. “Қизилқум” ўтган турда йирик ҳисобда ютқазди. Кимга мағлуб бўлганлиги тушунарли ҳолат. “Бухоро” ўз ўйинини кўрсатди. Тўғриси, “Турон”ни майдонида ютиб келишини кўпчилик кутмаган. “Олимпик”ни ҳисобга олмаганимизда “Андижон” жамоасидан кейинги сенсация “Бухоро”га тегишли. Бу клубда ҳам таркиб деярли сақланиб қолинган. Фақатгина қўшимча кучлар йил бошига яқин таркибга келиб қўшилган. Менимча, бу жуфтликда жанговар ўйин бўлади. Сўзсиз имкониятлар тенг. Ҳеч бир клубни устунлиги йўқ.

“Насаф” – “Турон”

- Албатта, “Насаф”ни фаворит деб ҳисоблаймиз. 1-турда олинган мағлубияти аламини “Насаф” футболчилари бошқача хазм қилишади ва бу ўйинга янада жиддийроқ чиқишади, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Турон”га янада қийинроқ бўлади. Барибир кўп жабҳада руҳий жиҳат асосий ўринга чиқиб қолади. Имкониятлар 60х40 “Насаф” фойдасига.

бердиев26

ОКМК – “Бунёдкор”

- Бу ҳам ўзига хос тўқнашув. Хабарингиз бор, ОКМКдаги бир қанча футболчилар “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилишяпти. Ўзига хос шиддатли учрашув кечади. “Бунёдкор”нинг сафардаги ғалабасини инобатга оладиган бўлсак ва ОКМКнинг стартига эътибор берсак, бу учрашувда ҳам имкониятлар тенг. Қизиқарли тўқнашув бўлади. Менимча, мухлислар яхши ўйинни томоша қилишади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Khaydarov Fakhriddin
10/03/2023 18:22
Бухоро Туронни ютгани сенсация эмас ўртоқ Мурзоев, Бухоро кўп йиллик тарихга эга жамоа, агар клубга молиявий жиҳатдан кўмак бўлса, қўҳна шаҳар клуби ОЧЛ га чиқа олади...