Ўзбек бренди ҳақида ёхуд BUKA билан хорижнинг қайси машҳур жангчилари ҳамкорлик қилади?
Жаҳонда машҳур спорт махсулотлари ишлаб чиқарадиган компаниялар талайгина топилади. Жумладан, “Adidas”, “Nike”, “Puma”, “Joma” улар ҳозирдаги энг машҳур “бренд”лар ҳисобланади. Бугун, биз хорижники ҳақида эмас, аксинча “миллий бренд”имиз “BUKA” ҳақида бироз сўз юритишни лозим топдик.
Шу ўринда ушбу компания мамлакатимиз спортининг ривожига ҳам ўз хиссасини қўшиб келмоқда.
Мазкур “бренд”га 2016 йил декабрда асос солинган. Ўз маҳсулотларини эса, 2017 йилдан сотувга чиқаради. Қисқа фурсат мобайнида “ BUKA” томонидан ишлаб чиқарилган спорт кийимлари ва анжомлари нафақат юртимизда балки хорижда ҳам ўз ўрнига эга бўлди десак, муболаға бўлмайди. Албатта, бунинг замирида унинг сифат даражасининг яхши эканлиги, бежиримлиги ва шунга монанд нархи ўрин тутса ажаб эмас.
Икки йиллик фаолияти давомида компания Россия, Қозоғистон, умуман олганда МДҲ мамлакатлари ҳамда яқин шарқ бозорида янада машҳурликка эриша олди. Бунга ушбу мамлакатларда ўз дўконларига эга эканлиги ҳам кичик бир мисол бўла олади.
Асосий факт сифатида эса, яккакураш оламининг бутунжаҳонга маълум ва машҳур вакиллари ушбу “миллий бренд” имиз билан ҳамкорлик қилаётганини айтиб ўтишимиз мумкин.
Қуйида бу борада маълумот бериб ўтамиз:
Забит Магомедшарипов —UFC жангчиси
Ушбу доғистонлик атлет ҳам “BUKA” билан ҳамкорликни йўлга қўйган. ММА борасида хабардор бўлган, UFC промоушени ўтказадиган турнирларни кузатиб борадиган ҳар бир мухлис ушбу жангчининг қандай даражада эканлигини яхши билади. Ярим енгил вазн тоифасида октагонга кўтариладиган Магомедшарипов ушбу дивизион чемпионлигига асосий даъвогарлардан бири деб бемалол айта оламиз. 9 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган UFC Fight Night 163 турнирида Келвин Каттарни мағлубиятга учратган Забит UFC нинг ўз вазн тоифасидаги рейтингида 4-ўринга кўтарилиб олди.
Зубайра Тухугов —UFC жангчиси
Ушбу жангчини ортиқча таърифлаб, ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Чунки, унинг жангларидан хабари бўлмаган мухлис ҳам Зубайранинг ажойиб раққос эканлигини яхши билишади. Қолаверса, у ўзига хос жангчи. Тхугов ММА да жами 23 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 18 тасида ғалаба қозонган. 4 марта мағлубият ва 1 бора дуранг қайд эта олган. Уларнинг бештасини UFC да ўтказади. Ушбу промоушендаги натижаси эса, уч ғалаба, бир мағлубият ва бир дуранг.
Ислам Махачев —UFC жангчиси
Доғистонлик яна бир UFC нинг янги юлдузларидан бири ҳам ўзбек “бренд”ининг юзларидан... Ислам ҳақида ҳам узоқ сўз юритиш мумкин. Кўпчилик уни Хабиб Нурмагомедовнинг вориси сифатида билишади. Айнан енгил вазн тоифасида жанг олиб бораётган Махачев ММА да 19 та жанг ўтказган ва 18 бор ғалаба қайд этган. Уларнинг 8 тасида UFC турнирларида октагонга кўтарилади. Айнан ягона мағлубиятини ушбу промоушенда бразилиялик Адриану Мартинсдан қабул қилиб олади. Мазкур муваффақиятсизликдан сўнг, Махачев кетма-кет олти марта ғалабали сериясини давом эттирмоқда. Куни кеча янгиланган рейтингда 15-ўринда қайд этилди.
Умар Нурмагомедов — чемпион GFC
Хабиб Нурмагомедовнинг жияни ҳисобланувчи, ушбу жангчи ҳақида юртдошларимиз яхшигина хабардор бўлиб улгуришди. Сабаби, 23 ноябрь куни Ўзбекистонда ўтказилаётган илк расмий ММА турнири GFC 20 нинг марказий жанги айнан Умар Нурмагомедов ва Никита Чистяков ўртасида бўлиб ўтади. У аралаш жанг санъати бўйича 11 маротаба жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Умар асосан “GFC”, “Fight Nights Globa”, “PFL” промоушенларининг турнирларида ўз жангларини ўтказган. Ҳозирда, GFC нинг ярим енгил вазн тоифаси чемпиони ҳисобланади.
Тагир Уланбеков — GFC чемпиони
Ушбу жангчи ҳам аста-секин ММА оламида ўз ўрнини топиб бормоқда. Тагир жангларини ўта енгил вазн тоифасида олиб боради. Профессионал фаолияти мобайнида 11 маротаба жанг ўтказган, уларнинг 10 тасида ғалаба қозониб, бир маротаба мағлубиятга учраган. Уланбеков асосан “GFC”, “Fight Nights Global”, турнирларида ўз жангларини ўтказади.
Рустам Керимов — ACA чемпиони
Доғистонлик яна бир мағлубиятсиз одимлаётган жангчи. У фаолияти мобайнида 13 маротаба октагонга кўтарилиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Асосан “ACB”, “VKF”, “ACA” турнирларида фаолият юритади. Айни вақтда “ACA” нинг ярим енгил вазн тоифасидаги чемпиони ҳисобланади.
Рустам Хабилов —UFC жангчиси
Яна бир доғистонлик UFC жангчиси ҳам ҳамкорлардан бири ҳисобланади. Рустам фаолияти давомида 28 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 24 тасида ғалаба қозонган. Тўрт бора мағлуб бўлган. Уларнинг 13 тасини UFC да ўтказиб, унда 10 бора ғалаба қозона олди. 3 бора мағлубият ҳам унинг ушбу промоушендаги фаолиятидан ўрин олади.
Қозоғистон
Жалгас Жумагулов —“Fight Nights Global” чемпиони
Қозоғистонлик энг машҳур ММА жангчиларидан бири ҳисобланади. У ўта енгил вазн тоифасида “Fight Nights Global” нинг амалдаги чемпиони. У фаолияти мобайнида 16 марта жанг ўтказган. Уларнинг 13 тасида ғалаба қозонган. 3 бора мағлубият ҳам бор.
Қайрат Аҳмедов —“One Championship” чемпиони
Яна бир қозоғистонлик машҳур жангчилардан бири. У ярим енгил вазн тоифасида “One Championship” да ўз жангларини ўтказади ва мазкур промоушен чемпиони ҳисобланади. У профессионал фаолиятида 25 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 23 тасида ғалаба қозонган. 2 марта мағлубиятга ҳам учраган.
Сергей Морозов —“M1 Global” чемпиони
Қозоғистонлик ушбу атлет ҳам ажойиб натижаларни қайд этиб келмоқда. У профессионал фаолияти мобайнида 20 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 16 тасида ғалаба қозонади. 4 маротаба мағлубиятга учраган.
Туркманистон
Давлет Яхшимурадов —ACA чемпиони
Туркманистонлик оғир вазн тоифасидаги жангчи ҳам “BUKA” мижозларидан бири ҳисобланади. У фаолияти мобайнида 22 маротаба жанг ўтказиб, 17 маротаба ғалаба қозонган. 5 марта мағлубиятга учраган. У ўз жангларини асосан “WWFC”, “ACB”, “ACA” турнирларида ўтказади.
АҚШ, Россия
Рой Джонс -профессионал бокс бўйича бир нечта йўналишлар собиқ чемпиони
Бу боксчи ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Кичик Жонснинг профессионал бокс оламида тутган ўрни беқиёс. Унинг эришган натижаларидан эса, барча хабардор деб ўйлайман. Ўз вақтида жаҳоннинг энг кучли боксчиси дея эътироф этилган. Қолаверса, у шоу-бизнесда ҳам фаол ҳисобланади. У фильмларда роль ижро этган. Репертуарида ўзига хос ашулалар ҳам ўрин олган. Бир сўз билан айтганда жаҳон спортининг кўзга кўринган намоёндаси десак адашмаймиз.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, "BUKA" нинг мамлактимиз спорти учун амалга ошираётган ишлари ҳам тахсинга сазовордир. Бир қатор федерациялар билан хомийлик шартномаларига эга. Мисол учун, бокс, таэквондо бўйича терма жамоамиз аъзоларини спорт кийимлари ва анжомлари билан таъминлаб келади. Ўз ўрнида профессионал боксчиларимизнинг жангларининг трансляция қилинишида ҳам беминнат ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Юртимизнинг энг кўзга кўринган спортчилари ушбу "бренд" билан ўз йўлларини боғлаганидан хурсанд эканлигини яширишмайди.
Хуллас, “миллий бренд”имизнинг ривожи четда ҳам эътироф этилаётганлиги фақатгина фахр туйғусини бахш этади. Ўйлаймизки, яқин йиллар мобайнида “BUKA” мазкур йўналишдаги етакчи компаниялар қаторида эътироф этилади.
Фикрлар