Ўзбекистон делегациясини Париж-2024 XVII ёзги Паралимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди (ФОТО)

Бугун пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Париж-2024 ёзги XVII Паралимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари - Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов етакчилигидаги МОҚ раҳбарлари,  Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб-совриндорлари, пара спортчичилар ҳамда мураббийлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Абдулла Арипов тантанали маросимни очиб берар экан, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда пара спортга қаратилаётган эътибор, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон жаҳон спортида ўз ўрнига эга мамлакатлардан бирига айланиб бораётгани хусусида сўзлади.

Тадбирда сўз олган Шаҳноза Мирзиёева ўз нутқида юртимизда ногиронлиги бўлган инсонларга қаратилаётган эътибор ортидан паралимпиячиларимиз қўлга киритаётган улкан ютуқлар Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам бардавом бўлишини айтиб, пара спортчиларимизга омад тилади.

Спортчилар номидан дзюдо бўйича Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова ҳамда таэквондо икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов сўзга чиқишди. Музаффар атлетларимиз давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрликлари ортидан Франция пойтахтида қўлга киритилган тарихий натижаларга эришилганини таъкидлашиб, бўлажак Паралимпия ўйинларида пара атлетларимизга ҳам ана шундай тарихий натижалар билан қайтишларини тилашди. 

Шунингдек, пара атлетлар номидан сўзга чиққан Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби, Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари цикли давомида терма жамоа аъзолари учун барча шароитлар яратиб берилгани ва бунинг учун муҳтарам Президентимизга барча спортчилар номидан ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда Франция пойтахтида бўладиган ўйинларда бор куч-маҳоратларини ишга солишларига ваъда берди.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегациясининг ҳамкорларидан бири 7SABER бренди Паралимпия ўйинлари учун тайёрланган спорт экипировкалари тақдимотини ҳам ўтказди. 

Шунингдек, давлат байроғи бўлажак Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари – пара енгил атлетика бўйича икки карра Паралимпия ўйинлари ғолиби Хусниддин Норбеков ҳамда пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари чемпиони Моҳигул Ҳамдамовага тантанали равишда топширилди.

Тадбирда таниқли шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ботир Эргашев пара спортчиларимиз учун ёзган шеърини ўқиб берди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Ҳолиқназаров делегациямиз аъзоларига омад тилади ҳамда ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келишлари учун дуо қилди.

Шу тариқа, тантанали тадбир ўз якунига етди. Бугун, 13 август санасидан бошлаб терма жамоаларимиз режа асосида Францияга йўл олиб, тайёргарликнинг сўнгги босқичини бевосита Париж яқинида олиб боришади. Эслатиб ўтамиз, XVII ёзги Паралимпия ўйинлари 28 август – 8 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Усмонбек
14/08/2024 10:06
Нечто спортчи катнашади езилмабти