Ўзбекистон фантастик таркиб жамлади!
Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) Тошкентда бошланган ва 14 майгача давом этадиган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси имкониятларини юқори эканини таъкидлаб, таркибдан жол олган боксчилар салоҳиятини баҳолади.
Конфедерация расмий сайтида Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида мақола жойланди.
Ўзбекистон жаҳон чемпионатидан олдин фантастик таркиб жамлади. Терма жамоада Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов сингари олимпиада чемпионлари етакчилик қилмоқда.
Ўзбек боксчилари 2015, 2017, 2019 йиллардаги жаҳон чемпионатларида фантастик натижаларни қўлга киритганди. Бироқ Белградда бўлган охирги жаҳон миқёсидаги мусобақа уларга катта муваффақият келтирмади. Энди ҳозирги терма жамоа жаҳон чемпионати олтин медаллари учун бир неча фаворитларга эга.
Ҳасанбой Дўсматов 2016 йилги Олимпия ўйинларида чемпион бўлди ва мусобақанинг энг зўр боксчисига бериладиган Вэл Баркер кубогини қўлга киритди.
Бугунги кунда ўта оғир вазн тоифасидаги энг кучли чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов Токиодаги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлди.
Дўсматов ҳали жаҳон чемпионатлари шоҳсупасига кўтарилмаган бўлса, Баҳодир Жалолов 2019 йили жаҳон чемпиони бўлди.
2021 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медалга лойиқ кўрилган Абдумалик Халаков жамоадошлари Руслан Абдуллаев, Саиджамшид Жаъфаров, Лазизбек Муллажонов билан бирга Осиё чемпионати ғолиби бўлган.
Ўз вазинида кучли ҳисобланган Мужибулло Турсанов, техникаси билан ажралиб турадиган Асадхўжа Муйдинхўжаев ва Шаҳжаҳон Абдуллаев икки йил олдинги жаҳон чемпионатида тажриба тўплаган эди. Ҳозир бу трионинг тажрибаси ва маҳорати аввалгидан анча ўсганини таъкидлаш лозим.
Жаҳон чемпионати дебютантлари ҳисобланган Шодиёр Мелиқўзиев ва Ойбек Жўраев қатор миллий ва халқаро турнирлар ғолиби ҳисобланади.
Янги авлод вакиллари – Аълохон Абдуллаев ҳамда Жасурбек Йўлдошев 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиблари ҳисобланади ва илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашмоқда.
Фикрлар