Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам ЖЧга мезбонлик қилмоқчими? Имкониятимиз қандай? - Мутахассис жавоб берди

Индонезиядан кейин Перу бу йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. ФИФA 17 ёшли ўсмирлар ўртасидаги мундиални иккинчи бор ушбу мамлакатдан кўчиришга қарор қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди. Бу биринчи марта 2019 йилда содир бўлди, кейин эса турнирга Бразилия мезбонлик қилганди.

Перу 2021 йилда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши керак эди, аммо пандемия бунга тўсқинлик қилди. Бу сафар эса мамлакатдаги иқтисодий вазият сабаб бўлмоқда. Кичик мундиал 2023 йилнинг 10 ноябрь - 2 декабрь оралиғида ўтказилиши белгиланганди.

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев телеграмдаги саҳифасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси 17 ёшли ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ариза топширмоқчи эканлигини ёзганди. Ушбу маълумот юзасидан мутахассисга бир нечта саволлар билан юзландик.

Манба: Ўзбекистон футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ариза топширмоқчи

photo_2017-11-07_09-35-11

- Бир неча кун олдин телеграмдаги саҳифангизда U-17 жаҳон чемпионати мезбонлиги учун Ўзбекистон ариза топширмоқчи, дея хабар бердингиз. Бу маълумот қай даражада асосли?

- Уларда шундай ният бор. Лекин U-17 жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ариза топширдими ёки йўқ, буниси номаълум. Ушбу маълумотни ЎФАдагилар тасдиқлаши керак.

- Агар ЎФА ариза топширса, биз қандай талабларни бажаришимиз лозим?

- Биринчи навбатда, 6 та стадион керак бўлади. Лекин Аргентина мисолини олайлик. Ушбу мамлакатда шунча арена бўлмаслиги мумкин. Шундай гаплар бор, Аргентинадаги кичик мундиал 4-5 та ўйингоҳда ўтиши мумкин. Чунки тайёргарлик кўриш учун вақт ҳам йўқ. Қарор қабул қилишдан олдин ФИФА комиссия жўнатади. Улар шаҳарларни, стадионларни, меҳмонхона ва инфраструктурани текшириб, кейин ҳулоса чиқаради.

Муаммо нимада? Турнир ноябрда бўлади. Об-ҳаво қандай ўтиши, майдонларнинг аҳволи қай даражада бўлишини билмадим, лекин ФИФА буларни назоратга олиши аниқ. Масалан, мен ҳам 2013 йили БААдаги айнан 17 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ташкилий қомитасида ишлаганман. Ҳаттоки БААда ҳам майдонлар борасида қийинчиликлар бор эди…

Чемпионатда 24 терма жамоа иштирок этади. 6 та стадион ва битта ҳакамлар учун машғулот майдони керак. Жами шунда 31 та майдон бўлади.

8811554834588

- Мезбонлик борасида имкониятимиз қандай? ФИФА бизга мундиални топшириши қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Мезбонлик учун номзодларни ҳали ҳеч ким эълон қилмади. Билишимча, Индонезия ҳаракат қиляпти. Бу мамлакатдан 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати олиб ташланганидан сўнг улар ФИФАга ҳеч бўлмаса ўсмирлар ўртасидаги мундиални беришни сўраб мурожаат қилмоқда.

Яна қайси жамоалар бўлишини ҳозир билмайман. Қолганини рўйхат эълон қилинганидан кейин гапирса бўлади.

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!