Ўзбекистон Кубогида барча йўллар Фарғонага олиб боради ёхуд марказий тўқнашувлар

Суперлигамизда навбатдаги тур учрашувлари май ойи бошларида давом эттирилиади. Апрелда эса режага биноан Ўзбекистон Кубоги мусобақасига старт берилади ва шу ойнинг ичида барча гуруҳ баҳслари ўтказиб олинади.

Хабарингиз бор, бу йилги Ўзбекистон Кубоги финали Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Шундай экан, эндиликда Кубок доирасидаги барча йўллар Фарғонадаги “Истиқлол” аренасига олиб боради. Доимгидек, мусобақанинг ўз фаворитлари бор. Лекин Кубокда албатта сюрприз кўрсатадиган клублар топилади ва бу сафар ҳам бундан мустасно бўлмаса керак. Суперлига жамоаларидан ташқари, про лига, биринчи лига вакиллари ҳам иштирок этадилар.

Бугун Ўзбекистон Кубогининг 1-тур ўйинларига старт берилади. Илк турдаги баҳслар 12 апрелдан 16 апрелга қадар давом этади. Кубок доирасида “Ўлим гуруҳи” борлигини биласиз. “Н” гуруҳида “Андижон”, “Динамо”, “Насаф” ва “Навбаҳор” клублари жой олишган. Табиийки, кўпчилик мазкур гуруҳдаги ўйинларга қизиқиши табиий. Бу гуруҳдаги жамоалар ўз ўйинларини 13 ва 14 апрель кунлари ўтказадилар. Эртага “Андижон” “Бобур Арена”да “Динамо”ни қабул қилса, 14-санада Қаршида “Насаф” – “Навбаҳор” тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Ўз вақтида бу жамоалар финалда куч синашишгани мухлисларнинг ёдидан ҳали кўтарилмаган бўлса керак.

Бугун 4 та ўйин режалаштирилган. “Металлург” – Сирдарё ФА, “Жиззах” – “Пахтакор”, “Олимпик Мобиуз” – “Қизилқум” ва “Нефтчи” – “Дўстлик Тошкент” қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Чемпионатдаги фаворитлар ўз-ўзидан Кубок мусобақасида ҳам фаворитлар сифатида тилга олиняпти. Илк турдаги марказий ўйинлар юқорида тўхталганимиздек, “Н” гуруҳи жамоалари иштирокидаги учрашувлар билан боғлиқ. Жумладан, “Андижон” – “Динамо” ва “Насаф” – “Навбаҳор” ўйинлари марказий мақомига эга. Балки Кубок финалига ушбу гуруҳдан чиқса ажаб эмас.  

Яна бир гап: Кубок баҳсларининг, айниқса, гуруҳ босқичида мураббийлар кўпинча ўйин амалиётига унчалик эга бўлмаётган футболчиларини ва ёшларини синаб олиш ҳаракатида бўлади. Кимдир бу мусобақага жиддий қарайди, яна кимдир йўқ. Дастлабки турдан сенсацияларни кўрамизми? Одатда, бундай мусобақаларда ёш ва айниқса, қуйи лига клублари Суперлига иштирокчиларига қарши қўшимча иштиёқ ва мотивация билан ўйнайдилар. Қолганини эса вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!