Ўзбекистон миллий терма жамоаси қай тарзда ғалаба қозонди?

Бугун "CAFA Nation`s Cup" мусобақаси 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон - Уммон учрашуви бўлиб ўтди. Беллашувда ҳамюртларимиз йирик ҳисобида ғалаба қозонди.

6-дақиқада Отабек Шукуровга нисбатан қоида бузилди. Жарима майдони чизиғига яқин жойдан стандартни Жалолиддин Машарипов аниқ амалга ошириб ҳисобни очди. Роналду билан бир клубда ўйнаётган вакилимиз жаримадан тўпни ерлатиб тўрга киритди.

photo_2023-06-11_19-33-16

Уммон футболчилари гол ўтказиб юборганидан сўнг олдинга ўтди. Рақиб вакиллари чап қанотдан бошланган ҳужумни марказга кўчириб зарба беришга уринишди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Aммо ҳимоячилар тўп йўлига тўғаноқ бўлишди.

17-дақиқада Машарипов бурчакдан ошириб берган тўпни Умар Эшмуродов 2 метрдан дарвозага кирита олмади.

Тайм ўрталарида Фарруҳ Сайфиев чап қанотдан жуда чиройли тарзда узатмани амалга оширди. Жарима майдонига отилиб кирган Машарипов тўпни бир уринишда дарвозага жойлаб қўйиб, дублни расмийлаштирди.

photo_2023-06-11_19-58-15

Учрашувнинг учдан бири ортда қолганда Искандеров шериги Машариповга пас берди. Жалолиддин эса очилиб бораётган Сайфиевни тўп билан таъминлади. Aммо ҳимоячимиз зарбаси билан дарвозабонни доғда қолдира олмади.

Танаффусдан сўнг Уммон вакиллари устунликка эришди. Ҳамюртларимиз ҳимояланишга мажбур бўлди. Бу, албатта, ҳисоб билан боғлиқ ҳолат.

60-дақиқада Машарипов ва Искандеров ўрнига Ҳожимат эркинов ва Сардор Собирхўжаев майдонга тушди.

Ўйиннинг учдан икки қисми якунланганда уммонликлар дарвозамиз олдидаги илк хавфли вазиятни содир этишди. Ўнг томондан оширилган тўп сал қолса дарвозамиз тўридан ўрин олиши мумкин эди. Яхшиямки рақиб ҳужумчисининг зарбасига аниқлик етишмади.

Кейинчалик Ҳамробеков ва Ўрунов ўз ўрнини Aббосбек Файзуллаев ҳамда Жасур Яхшибоевга бўшатиб берди.

Дастлабки 45 дақиқаликда бўлганидек иккинчи таймда ҳам терма жамоамиз вақти-вақти билан рақибни тўпсиз ҳаракат қилишга мажбур қилди.

Беллашув охирларига яқин Сайфиев ўрнига Aбдуқодир Ҳусанов майдонга тушди.

Уммон голга тортадиган вазият содир эта олмагани учун вакилларимиз ортиқча қийинчиликсиз ҳаракат қилди.

89-дақиқада Aлижонов рақибидан тўпни олиб қўйиб жамоадоши Эркиновга пас берди. Ҳожимат жарима майдонига кирган Ҳожиакбарга тўпни қайтарди. Ҳимоячимиз эса чиройли комбинацияни гол билан якунлади. Шу тариқа вакилларимиз илк турни йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлаб олди.

photo_2023-06-11_18-41-23

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон U-20 термаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этган Aббосбек Файзуллаев ва Aбдуқодир Ҳусанов миллий жамоада дебют қилди.

Энди ҳамюртларимиз кейинги турни 14 июнь куни Туркманистонга қарши ўтказади. Учрашув "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтади.

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!