"Ўзбекистон терма жамоасида моҳир ижрочилар етарли ва ҳар қандай рақиб билан беллаша олади, чемпионатингиз савияси чакки эмас" - Александр Кержаков билан суҳбат

Сайтимиз орқали хабар бериб ўтганимиздек, россиялик таниқли футбол одами – Александр Кержаков билан сайтимиз учун 2024 йилнинг илк интервьюсини ташкил қилдик.  

У Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраевнинг таклифига бу сафар ҳам лаббай дея жавоб қайтарди. Илк бор эса Кержаков билан 2022 йилда суҳбатлашгандик. Орада салом-алик қилиб турганимиз боис у истагимизни қабул қилди.  

- Александр Анатольевич, сиз билан Sports.uz сайти учун илк бор суҳбат уюштирганимиз ёдингизда бўлса керак. 2022 йилнинг август ойида интервью олгандим. Шундан бери фаолиятингизда айрим ўзгаришлар бўлди, назаримда...

- Салом, сиз билан суҳбат қилганимиздан сўнг орадан бир ярим йил ўтди. Мен Кипр чемпионатида ишладим. Шунингдек, Сербиядаги Суперлига жамоаларидан бирини бошқардим. Бу мен учун жуда яхши тажриба бўлди. Албатта, иш жараёнида нимадир ўхшади, нимадир ўхшамади. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам Сербиядаги фаолиятимда зиммамдаги вазифани яхши бажардим, деб ҳисоблайман. Афсуски, баъзи ҳолларда раҳбарият мураббийнинг иши яхши кечаётган бўлса-да, ундан воз кечишга қарор қиларкан. Бундай пайтда юқоридагилар бош мураббийнинг хоҳиш-истакларига қараб ўтиришмайди.

- Ҳа, ўша пайтда сиз “Нижний Новгород” клуби бош мураббийи эдингиз. Кейин ўзингиз таъкидлаганингиздек, Кипр ҳамда Сербия чемпионатларида ишлаб қайтдингиз. Бир сўз билан айтганда, мураббийлик фаолиятингизга қандай таъриф берасиз?

- Ҳозирда ҳамма ишларим қойилмақом, деб айта олмайман. Чунки бирор-бир клубда анча вақт ишлашни дилимга тугиб қўйгандим. Умид қиламанки, яқин орада ўзимга мана шундай жамоани топаман. Мураббий учун юқоридагиларнинг ишончи катта аҳамият касб этади. Мен ўзим ишлашни орзу қиладиган клубда мана шундай муҳит ҳукмронлик қилишидан умид қилиб қоламан. Шунда мураббий сифатидаги фалсафамни тўла ишга туширган ҳолда ихтиёримдаги жамоа томошабоп футбол намойиш этади, деб ўйлайман.

кержаков4

- Ёдингизда бўлса, ўша интервьюда ҳамюртимиз Шерзод Насруллаевни кузатаётганингиз ҳақида айтгансиз. Сиз ҳали ҳам уни эътибордан четда қолдирмаяпсизми? Ёки энди бошқа футболчиларни кузатяпсизми?

- Афсуски, айни пайтда бирор-бир футболчини, уни ўзим ишлашим мумкин бўлган жамоадаги потенциалини баҳолашга ожизман. Негаки, айни чоғда ишсизман. Ўзим ишлаган жамоаларда эса имконият даражасидан келиб чиққан ҳолдаги шарт-шароит ва ўйинчилар бор эди. Молиявий имконият чеклангани боис ўзим жамоада кўришни истаган футболчиларни сотиб ололмаганман. Бир сўз билан айтганда, вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш олиб боришимга тўғри келган.

- Сиз бошқарадиган клубда қайси ўзбек футболчилари бўлишини истардингиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳозир ишламаяпман. Агар ўзбек футболчилари ҳақида гап кетса, ўзим ишлашим мумкин бўлган жамоада ўзим кўришни хоҳлайдиган ижрочилар йўқ эмас, албатта. Албатта, мен биринчи навбатда Шомуродов ва Йўлдошевни назарда тутмоқдаман. Шомуродов – жуда яхши футболчи ва қойилмақом ҳужумчи. Йўлдошевни ҳам биламан ва унинг имкониятлари қай даражага чиқишини тахмин қилишим мумкин.

кержаков6

- Кўпчилик ЦСКАда ўйнаётган Аббос Файзуллаевни мақтаяпти. Сиз уни илк бор қаерда кўргансиз?

- Биласизми, Файзуллаев масаласида бирор нарса дейишим қийин. Қолаверса, унинг майдонда қандай ҳаракатланишини ҳали тўлиқ кўрганим йўқ. Эҳтимол, бу футболчингизнинг ҳам ўйинини синчиклаб кузатарман.

- Мураббийлик фаолиятингизни Ўзбекистонда ҳам давом эттириш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

- Ўзбекистонда ишлаш масаласи ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу борада гап-сўзлар юрганини инкор этмайман. Лекин ҳаммаси шунчаки гап-сўзлар бўлиб қолган. Шуни биламанки, юртингизда яхши савиядаги жамоалар етарли. Чемпионатингиз савияси ҳам чакки эмас. Пойтахтингиз Тошкент ҳақида гапирадиган бўлсам, у жуда ҳам гўзал шаҳардир. Келажакда нима бўлишини вақт кўрсатади. Таклифлар учун очиқ эканлигимни айтиб қўймоқчиман.

кержаков7

- Тез орада Қатарда Осиё Кубоги мусобақаси бошланади. Сиз учун ушбу турнирни кузатиш қизиқ бўлса керак?

- Агар яқин орада бирор ишни бошламайдиган бўлсам, у ҳолда Осиё Кубоги ўйинларини берилиб кузатмоқчиман. Ҳа, мен футбол томоша қилишни, айниқса, халқаро майдондаги учрашувларни кузатишни ёқтираман. Боз устига Осиё Кубоги турнири ҳам юқори даражага кўтарилган ва буни ҳамма эътироф қилади. Чунки у мусобақада Осиёдаги қатор мамлакатлардан иқтидорли футболчилар тўп суриб, ўзларини халқаро саҳнада намоён қиладилар. Ўз навбатида бундай ижрочилар Европадаги клублар скаутларининг эътиборини тортмасдан қолмайди.

- Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоамиз ҳам қатнашади. Катанец бошчилидаги жамоамиз имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Истиқболлар ҳақида бир нарса дейишим мушкул. Нега десангиз, терма жамоаларнинг ўйинларини ҳар доим ҳам кузатиш имкони бўлавермайди. Айниқса, ОФКда ўйнайдиган терма жамоаларнинг. Ўзбекистон терма жамоасини бўлажак мусобақада яхши иштирок этишини ва иложи борича охирги босқичларга етиб боришини истаган бўлардим. Чунки Ўзбекистон терма жамоаси таркибида моҳир ижрочилар етарли, жамоангизнинг қайд этаётган натижалари ҳам ёмон эмас. Ҳозирги жамоа ҳар қандай рақиб билан бемалол беллаша олади.

кержаков8

- Сиз учун мусобақа фаворитлари кимлар?

- Осиё Кубоги турнирининг фаворитларими? Менимча, булар – Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари бўлишади.

- Дарвоқе, Россиядан яна таклифлар борми? Умуман, режаларингиз қандай?

- Ҳозирча менда Россиядан бирор-бир таклиф йўқ. Юртимизга яқин бўлган давлатлардан бир қанча таклифлар келганини айтиб қўйишим керак. Аммо иш музокаралар даражасига етиб бормади. Ўзимни ҳар томонлама қониқтира оладиган жамоалардан бирида синаб кўрмоқчиман ва шундай таклиф келишини кутяпман. Яъни, айтмоқчиманки, ўз олдига катта мақсадларни қўядиган клубни бошқариш ниятидаман.

кержаков3_1

- Собиқ шогирдингиз – “Нижний Новгород”да тўп сураётган Иброҳимхалил Йўлдошевни ҳали ҳам кузатишда давом этяпсизми?

- Йўлдошевни кузатяпманми? Имкон даражасида кузатиб келяпман. Унинг ўзи ўйнаётган клубда етарлича майдонда тўп сура олмаётгани албатта ёқимсиз. Ваҳоланки, Йўлдошев жуда қобилиятли футболчидир. Унинг имкониятлари қандай эканлигини жуда яхши биламан.

- Александр Анатольевич, суҳбатимиз якунида ўзбек мухлисларига нима деган бўлардингиз?

- Ўзбек мухлисларига тилакларимга келсак, янги йилда терма жамоангиз яхши натижалар билан уларни қувонтиришини истайман. Мен биринчи навбатда январда старт оладиган Осиё Кубогидаги иштирокини назарда тутяпман. Терма жамоангизнинг мусобақада иложи борича охиригача етиб боришини ва бундан мухлисларингиз завқ-шавққа тўлишларини истайман. Ҳаммангизни кириб келган янги йил билан қизғин табриклаб, сизларга соғлик-саломатлик ва ишларингизда омад тилаб қоламан!

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Socceruzb
01/01/2024 10:18
Ўзбек футболидан йироқ ва умуман биз билан иши йўқ инсон билан ҳадеб ўзбек футболини сўрабсиз.. Уялтирманг бунақа интервьюлар билан...